Улуғ шоир билан видолашув

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради.

31.05.2016

Халқимизнинг атоқли адиби, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 30 май куни оғир хасталикдан сўнг 79 ёшида оламдан ўтди.

Erkin akaЭркин Воҳидов 1936 йили Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. 1960 йили Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг филология факултетини таҳсил олган.
Шоирнинг «Тонг нафаси»(1961), «Қўшиқларим сизга»(1962), «Юрак ва ақл»(1963), «Менинг юлдузим»(1964), «Муҳаббат»(1976), «Келажакка мактуб»(1983), «Куй авжида узилмасин тор»(1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат»(1992) каби шеърий тўпламлари, «Муҳаббатнома» ва “Садоқатнома» сайланмалари адабиёт мухлисларининг бебаҳо мулкига айланган. Шоирнинг жами ўттиздан зиёд шеърий мажмуалари нашрдан чиққан.
Эркин Воҳидов истеъдодли драматург сифатида ҳам танилган. Унинг «Руҳлар исёни», «Истамбул фожеаси» каби достонлари муштарийларга яхши таниш. «Олтин девор» асари эса ўзбек халқининг севимли спектакли сифатида, узоқ йиллардан буён саҳнадан тушмай келаяпти.
Эркин Воҳидов аввал «Ёш гвардия» нашриёти, сўнг Ғафур Ғулом номидаги нашриётда етакчи лавозимларда ишлаган. «Ёшлик» журналига асос солинган 1982 йилдан 1985 йилгача ёшлар журналини бошқарган. 1980-йилларнинг иккинчи ярми, собиқ мустабид тузумнинг «қайта қуриш» замонида ўзбек халқининг долзарб муаммоларига бағишланган публицистик чиқишлари кўпчиликнинг ёдида.
Унга 1987 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Эркин Воҳидов Олий Мажлис қўмиталарини бошқарди.
Эркин Воҳидов 1983 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1997 йили «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Мамлакатда «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони таъсис этилганидан кейин Эркин Воҳидов мукофотланган илк инсонлардан бири бўлганди.
Эркин Воҳидов деганда шеърият мухлислари «Ўзбегим» қасидасини тушунадилар.
Шоирнинг “Ишқ савдоси” (2000 й.) номли тўплами сўзбошисида таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Ўзбегим” қасидаси ҳақида шундай сатрларни битган: “Шеърнинг замон ва одамларга таъсири нималарда зуҳурланади? «Ўзбегим»нинг миллий уйғонишларимизга кўрсатган баракали таъсирларини ўлчайдиган сеҳрли асбоблар, мўъжизий компьютерлар ихтиро қилинганми? «Ўзбегим» балки халқ ичида ўша тоталитар зулм шароитида миллионлаб тарғиботчилар қилиши керак бўлган энг зарур ишни ёлғиз ўзи адо этгандир? Қани буни бехато ўлчайдиган техника!”
Ҳа, ўтган асрнинг 70-йилларида “Ўзбегим” қасидаси миллий мадҳия даражасига кўтарилган эди.
Эркин Воҳидов неча юз йилларда бир туғиладиган ноёб истеъдодли шоир эди. Унинг шеърлари оддийлиги, осон ўқилиши, ёрқинлиги, фавқулодда ўткир руҳ анқиб туриши, айниқса ўлмас фалсафий руҳиятининг устунлиги билан ажралиб туради. Шоир шеърлари чуқур фикрлашга даъват қилади, Ватанни севишга ўргатади, инсон руҳини жунбушга келтиради, шиддаткор бўлишга ундайди. Бунчалик ёрқинли ҳис-туйғуларни саноқли шоирлардагина топиш мумкин.
Шак-шубҳасиз, унинг шеърлари келажакда ҳам авлодлар томонидан севиб ўқилажак, шоир номи дунёнинг турли бурчакларига сочилган миллион — миллион мухлислари қалбидан жой олажак.
Халқимизнинг улуғ шоири Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий яшайди.
 
ЎЗБЕГИМ
 
Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.
Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.
Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фароб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.
Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.
Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.
Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.
Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.
Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.
Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.
Маърифатнинг шуъласига
Толпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.
Туздию Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди Нарвон, ўзбегим.
Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон, ўзбегим.
Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон, ўзбегим.
Мирзо Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.
Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.
Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.
Тарихинг битмакка, халқим,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.
Ортда қолди қўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.
Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.
Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул,
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.
Фахр етарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон, ўзбегим.
Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.
Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.
Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.
Қайга бормай, бошда дўппим,
Шуҳратим, қадрим буюк,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Ha, albatta bu judolik o’zbek xalqi uchun alamli bo’ldi. Ustozni ruxi shod bo’lsin.

  2. Sabohat QAYUMOVA:

    Bundan bir necha yillar oldin sevimli yozuvchilarimdan biri O`tkir Hoshimovning vafot etgani haqidagi xabar yuragimni larza solgan edi. Endi bo`lsa Erkin Vohidov. Adabiyotimizning bunday zabardastlaridan ayrilish bir meni emas butun adabiyot ixlosmandlarini, qolaversa xalqimizni ham qayg`uga soldi. Ulug` shoirimizning joylari jannatdan bo`lsin!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *