Даҳо туғилган кун

Тўй-тўйларга улансин, деган дуо азалдан юртимизда ижобат бўлган.

Буни она сайёрамиз узра янги кун – Наврўз байрами нишонланганидан сўнг эртасигаёқ оламшумул воқеа юз берганидан ҳам билса бўлади. 1394 йил 22 март куни оламни ҳайратга солган буюк бобокалонимиз Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек таваллуд топган.

ЖамиятТанлаш

09:45 / 22.03.2021
Буюк бобокалонимизнинг наслу насаби, туғилган кунидан то умри поёнигача қилган бетимсол ишлари ҳақида биз асосан тарихий, адабий-бадиий асарлар орқали яхши биламиз. Унинг дунё тарихида тутган ўрнини ҳазрат Мир Алишер Навоий ушбу сатрларида шундай таърифлаган:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг абнойи жинси бўлди барбод,

Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Ва лек ул илм сори топти чун даст,

Кўзи олдинда бўлди осмон паст.

Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки ондин ёзди «Зижи Кўрагоний».

Қиёматга декинча аҳли айём,

Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

Ўз замонасидан бошлаб ўтган асрлар мобайнида ва бугунги кунгача ҳам Улуғбек сиймоси тарихий асарларда ўзига хос тарзда улуғланган. «Қомуслар бош таҳририяти» томонидан 1996 йилда нашр этилган «Темур ва Улуғбек даври тарихи» тўпламида ана шу тарихий асарлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Жумладан, Шамсуддин Али ибн Жамолулисломнинг 1399-1403 йилларда ёзилган «Темурнинг Ҳиндистонга қилган юришлари кундалиги», Низомиддин Шомийнинг 1401-1402 йилларда ёзилган «Зафарнома», Шоҳобуддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ал-Ҳавофийнинг (у Ҳофизи Абру номи билан ҳам машҳур) XV аср 20 йилларининг иккинчи ярмида ёзилган «Зубдат ут-таворих», Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарларида Мирзо Улуғбекнинг турли даврлардаги фаолияти ҳақида қимматли фикрлар ўз ифодасини топгандир.

1468-1471 йилларда Самарқандда ёзилган Камолиддин Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъ ус-саъдайн» солномасида Улуғбек расадхонаси ҳақида кенг маълумотлар берилган. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Мирзо Улуғбекни нафис адабиёт билан шуғулланган давлат арбоби сифатида тасвирлайди.

Буюк аждодимиз вафот этганидан сўнг 40 йилдан кейин Давлатшоҳ ўзининг «Тазкират уш-шуаро» деб номланган машҳур баёзида шундай ёзган: «Улуғбек олимликнинг юқори даражасига кўтарилди… Икки шохли Искандар Зулқарнайн давридан ҳозиргача ҳокимият бошида Улуғбек сингари подшоҳ-олим бўлмаган».

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асари – «Бобурнома»да ҳам Мирзо Улуғбек бунёд этган бинолар қаторида расадхонанинг уч қаватли бўлганлиги ҳақида қимматли маълумотлар берилган. «Темур ва Улуғбек даври тарихи» тўпламида буюк аждодимиз ҳақида асарлар ёзишган яна ўнлаб тарихчи олимлар, фозил кишиларнинг номлари баён қилингани эътиборга моликдир. Ўша тарихий асарларни бугунги ёш авлодга ҳам китоб ҳолида тақдим этиш, пировардида, буюк маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўрганиб бориш ғоят муҳимдир. Улуғ аждодларимиз тарихини, уларнинг бой маънавий меросини қанчалик чуқур ўргансак, келажакда шунчалик буюк мақсадларга эриша оламиз.

Биз наинки Мирзо Улуғбек ҳақидаги китобларни, балки, у даҳо яратган асарларни ҳам синчковлик ила ўрганишимиз зарур. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Улуғбек ўлмас китоблар, ҳаттоки шеърлар ёзган. Уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келган!

Чўлпон нашриёти томонидан 1994 йилда 100000 (юз минг!) нусхада чоп этилган «Тўрт улус тарихи» китоби Мирзо Улуғбекнинг энг нодир асарларидан биридир. «Мирзо Улуғбек фаннинг жуда кўп соҳалари, хусусан математика, фалакиёт, мусиқашунослик ва тарих илмлари бўйича забардаст олим, илм-фан, маданиятнинг улкан ҳомийси сифатида абадул-абад тарихда қолди,– деб ёзади мазкур китобга сўзбошисида академик Бўрибой Аҳмедов.– Улуғбекнинг бетакрор илмий мероси, у таъсис этган ва раҳнамолик қилган Самарқанд мунажжимлик мактаби ҳақидаги тасаввуримизни ҳали етарли деб бўлмайди. Масалан олимнинг кўп йиллик илмий изланишларининг асосий маҳсули бўлмиш «Зижи жадиди Кўрагоний» («Улуғбек Кўрагонийнинг астрономик жадвали») асари ҳанузгача бирон тилга тўла таржима қилиниб чоп этилганича йўқ». Илми хазинаси беқиёс бобокалонимизнинг биз билган ва билмаган илмий, маънавий мерослари дунёнинг турли давлатлари кутубхоналарида сақланаётгани сир эмас. Улардан ҳеч бўлмаганда нусхалар олиб келиб, она тилимизда изоҳлари билан нашр этишнинг фурсати аллақачон етган!

Темурийлар сулоласидаги энг ёрқин сиймолардан бири бўлган Мирзо Улуғбек бобомиз ҳақида гап кетганида кўнглим қанчалик осмон қадар кўтарилса, албатта унинг фожиали ўлимига ҳам «урғу бериб» кетилиши дилимни вайрон қилади. Гўёки суиқасд қилинмаганида Улуғбек шу кунга қадар яшаши мумкиндек иддао билан гапирилиши таажжубга солади. Бу билан аслида буюк аждодларимиз бўлган темурийларнинг шаънига лой чапланиши давом этаётгани алам қилади.

Аждодлар тарихида падаркуш номини олган Абдуллатифни заррача оқлаш фикридан йироқман. Аммо, кези келганда дилимдаги бир гапни ҳам баралла айтгим келади: буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг муборак номини тилга олганда унинг улуғвор ишлари, авлодларига қолдирган бой тарихий мероси, ибратли фаолияти борасидаги маънили фикрлар билан чегараланайлик! Ҳа деб унинг фожиали ўлими-ю, ўғлининг қилмишини достон қилавермайлик. Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўз давридаёқ буюк даҳо бўлган Мирзо Улуғбекнинг ён-атрофида, саройида, расадхонасида, илму маърифат бўстонига айланган Регистондаги мадрасасида ўзига яраша «ҳамнафас душманлари» ғоят уддабуронлик билан шундай «қатл усули»ни ўйлаб топишмаганмикин? Улуғбекдек олим бўлишга ҳарчанд уринмасин, шу даражага ета олмаётган «илмдонлар» ҳасад ўтида ёниб, алал-оқибат «илми»ни жирканч ва қабиҳ ишларга бахшида қилиб юборишмадимикин? Қилғилиқни қилган ўша «олим»лар устамонлик билан ҳамма айбни Абдуллатифнинг бўйнига «илиб» қўйишмаганмикин? Отаси катта қўшинга бош-қош бўлиб сафарга кетганида Самарқанд саройида кишибилмас «давлат тўнтариши»ни амалга ошириб, шаҳзода Абдуллатифни банди қилиб, сўнг унинг қўли билан ўша хунрезликни содир этишмаганмикин? Бу билан бутун темурийлар юзини қаро қилишмаганмикин?

Сўнг, эл-улус орасида обрўси ерпарчин бўлган саройнинг нуфузини қайта тиклаш режаси тузилмаганмикин? Яъни, орадан олти ойча ўтгач, яна қариндошлар қўли билан Абдуллатифнинг ҳам боши олдирилмаганмикин? Шу қадар пухта ўйланган қора ниятларини амалга оширишга муваффақ бўлган «олим» қиёфасидаги қузғунлар бир четда қолиб, асрлар мобайнида бу воқеа бирёқлама талқин қилинмаётганмикин?.. Яъни, яна ким ёмон: темурийлар… Наздимда, бу буюк аждодимизнинг табаррук номига бўлган ахборот хуружидан бошқа нарса эмас.

Темурийлар шаънига бошқача усулда лой чаплаш озми-кўпми давом этаётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Яъни, Амир Темурни – Темурланг (форс тилида – Темур чўлоқ), унинг муборак мақбарасини – «Гўри Амир» (яъни, «Амирнинг гўри») деб аташ улуғ сиймо шаънига хуруждан бошқа нарса эмас!.. Мир Алишер Навоий бобомиз буюк бобкалонимизни ўз назмида Темурхон деб атадими, ана шу муносабатнинг ўзи биз учун ибрат бўмоғи лозим. Мирзо Бобур таъбири билан айтганда, бобокалонимизнинг қабрини ҳам “Амир Темур мақбараси” деб юритиш мақсадга мувофиқдир. Бу билан буюк аждодларимиз руҳларини янада шод этган бўламиз!

Юртимиз истиқлоли шарофати билан Амир Темур ва унинг суюкли набираси бўлган Мирзо Улуғбек боболаримизнинг руҳлари шод этилиб, муборак номлари эъзозланмоқда. Мактабларда ва турли ўқув даргоҳларида уларнинг тарихлари, илмий мерослари ўрганилмоқда. Уларга маҳобатли ҳайкаллар ўрнатилди. Қутлуғ номлари абадийлаштирилди.

1995 йил 14 сентябрда Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номи берилгани, 2000 йил 28 январдан ўқув даргоҳимиз – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталгани қалбларимизда чексиз ифтихор туйғусини жўш урдиради.

Таваллуд топган кунни нишонлаш – азалий удумга айланган. Ҳар йили ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий, Муҳаммад Заҳириддин Бобур боболаримизнинг таваллуд топган кунларини зўр эҳтиром ила нишонлаймиз. Жаҳон ва юртимиз тарихида улардан ўрни кам бўлмаган буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг таваллуди янада хосиятли кунга тўғри келганида ҳам қандайдир илоҳий синоат борга ўхшайди. Яъни, оламни шодликка тўлдирган Наврўз байрами буюк даҳо дунёга келган кунга уланиши ҳайратомуз ҳодисадир. Шундай экан, бу улуғ кунни ҳам ҳарқанча шараф, фахр-ифтихор ила қарши олишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

https://uza.uz/uz/posts/daho-tugilgan-kun_250748

***

Мирзо Улуғбек ҳақида Сиз билмаган 12 муҳим маълумот

Мирзо Улуғбек ҳақида Сиз билмаган 12 муҳим маълумот

22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун
Бобоси Соҳибқирон Амир Темур сингари Кўрагон – “хоннинг куёви” унвонига эга бўлган Мирзо Улуғбек тарихда буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби сифатида ном қолдирди. Унинг энг буюк иши – Самарқанд илмий мактабини, ўша давр академиясини барпо этгани бўлди. Қуйида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид айрим қизиқарли фактлар келтирилди.
УЛУҒБЕКНИНГ ТУҒИЛИШИ КЎПЛАБ ИНСОНЛАР ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН
Амир Темур 1394 йилда Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Шу вақтда Соҳибқироннинг Султониядаги қароргоҳида Улуғбек туғилади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.
ЎН БЕШ ЁШЛИ УЛУҒБЕК БОБОСИ ТЕМУРНИНГ САМАРҚАНДДАГИ ТАХТИГА ЎТИРГАН
Ҳуросон ҳокими, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух 1409 йилда Темурийлар давлатининг олий ҳукмдори сифатида эътироф этилгач, кўлга киритилган Мовароуннаҳрни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклади. Ўсмир ёшдаги Улуғбек бу ҳудудларни дастлаб Шоҳмалик ёрдамида бошқарган бўлса, 19 ёшидан Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришди. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилди.
ҲАРБИЙ СТРАТЕГИЯЛАРДАН МОҲИРОНА ФОЙДАЛАНГАН
Мирзо Улуғбек 1425 йили ўзининг Мўғулистонга қилган биринчи йирик ҳарбий юриши чоғида қўшин миқдори ҳақида душман нотўғри тасаввурга эга бўлиши учун ҳар бир жангчисига тунда беш ерда гулхан ёқишни амир қилган. Улуғбек қўллаган бу усул ҳарбий санъатда арғай ўт (мўғулча арға – алдаш, туркча – ўт, олов) деб номланади. У душманни чалғитиш мақсадида қўшин миқдорини бўрттириб, кўпайтириб кўрсатиш учун ишлатилади. Юриш Улуғбек ғалабаси билан тугаган.
БОБОСИ СОҲИБҚИРОН САҒАНАСИГА НЕФРИТ ҚАБРТОШ ҚЎЙДИРГАН
Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига темурийлар сулоласига мансуб кишилар дафн этилган. Зиёратхона юқориси (тўри)да Темурнинг пири Мир Саййид Барака, унинг қабри оёқ томонига Амир Темур дафн қилинган. Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Кейинчалик Улуғбекнинг ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.
БИБИХОНИМ ЖОМЕЪ МАСЖИДИГА УЛКАН ЛАВҲ ЎРНАТТИРГАН
Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним ўзи фарзанд кўрмаган бўлса-да, Соҳибқирон ўз набиралари қатори Улуғбекни ҳам бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди. Самарқандда Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жомеъ масжиди мавжуд.
Масжид ҳовлиси ўртасида мармартошдан ясалган улкан лавҳ – Қуръон ўқиладиган махсус курси бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875 йилда катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган).
Лавҳ Улуғбек фармонига биноан XV аср ўрталарида ясалган. Унга “Султони азим, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ханафия мазҳабининг посбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўъминин Улуғбек Кўрагон”, деб битилган.
СУЛТОН БЎЛСА-ДА, ТАЛАБАЛАРГА ДАРС БЕРГАН
Улуғбек Самарқандда иккита мадраса: бири Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо этган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.
Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Яқин йилларгача у фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра ўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Улуғбек шеърлар ҳам ёзган.
УЛУҒБЕКНИНГ УЛКАН ГЛОБУСИ ВА 50 МЕТРЛИ ҚУЁШ СОАТИ БЎЛГАН
XV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Бинобарин, дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган.
УЛУҒБЕКНИНГ ДАСТХАТИ БИЗГАЧА ЕТИБ КЕЛГАН
Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мирзо Улуғбекнинг самарқандлик хаттот Азизулло томонидан насх хатида тахминан 1439 йилда, Улуғбек 45 ёшда бўлганида кўчирилган “Зижи Кўрагоний”си сақланмоқда. Қўлёзма саҳифаларида Улуғбекнинг тузатишлари ҳам бор. Ушбу тузатишлар унинг дастхати, ёзуви ҳақида маълумот беради.
САМАРҚАНДДА ЧИННИДАН САРОЙ ҚУРДИРГАН
XV асрнинг 40 йилларида Улуғбек Самарқанднинг Чўпонота тепалигида, Улуғбек расадхонасига яқин жойда сарой бунёд эттирган. Унинг деворлари чинни билан қоплангани учун ҳам Чиннихона деб аталган.
Улуғбек ва бошқа олимлар шу ерда самовий кузатув, илмий тадқиқотлардан сўнг ҳордиқ чиқаришган. Чиннихонанинг кўшкида рангли шишалар ишлатилган. Археологик қазишмалар жараёнида Чиннихонадан топилган тош тахтачалардан бирига “бахтли бўл” ёзуви борлиги аниқланган.
ПАДАРКУШ ЎҒИЛ ОТАСИ УМРИНИНГ ЯРМИНИ ҲАМ ЯШАЙ ОЛМАГАН
Улуғбек ўзининг ўжар, худбин ва шуҳратпараст ўғли Абдуллатифнинг розилиги билан 1449 йил 27 октябрда 55 ёшида Самарқанд яқинида қатл этилган. Отаси тахтини эгаллаган Абдуллатиф ҳам олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн Баҳодир томонидан 1450 йил 8 майда, 27 ёшида ўлдирилган.
МОВАРОУННАҲР ТАХТИ УНИНГ КУЁВИГА ҲАМ НАСИБ ЭТГАН
Улуғбек ўз укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли Абдулло Мирзони 1448 йилда ўз хизматига олиб, 15 ёшли жиянига ўз қизини берган. Улуғбекнинг бу куёви ўғли Абдуллатиф вафотидан сўнг Улуғбек тахтини 1450–1451 йилларда бошқариб, Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳам бўлган. У 18 ёшида тож-у тахт даъвогари, 27 ёшли темурийзода Абу Саидга қарши жангда ҳалок бўлган.
УЛУҒБЕКНИНГ ХАЗИНАСИНИ УНИНГ ШОГИРДИ САҚЛАБ ҚОЛГАН
Самарқандлик олим, Мирзо Улуғбекнинг яқин шогирди Али Қушчининг отаси Амир Темур қароргоҳининг бошлиғи бўлган. Улуғбек саройида қарчиғайлар боққани учун Алини “Қушчи” дейишган. Али Қушчини Мирзо Улуғбек “Зижи Кўрагоний”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” деб атаган.
Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги 15 минг китобдан иборат машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани “ўз даврининг Птоломейи” номини олган Али Қушчи сақлаб қолган, деган тахминлар бор. Ривоятларга қараганда кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
 http://uza.uz/oz/society/mirzo-ulu-bek-a-ida-siz-bilmagan-12-mu-im-malumot-22-03-2020
ЎзА

Вам может также понравиться...

Ответов: 4

  1. Ruziboy Quldoshev
    8 ч. ·
    АВВАЛО, UZA. UZ. ИЖОДИЙ ЖАМОАСИГА ВА ОЛИМ ДЎСТИМ ТЎЛҚИН ЭШБЕККА ЧИН ДИЛДАН МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРАМАН.
    ҚОЛАВЕРСА, ҚАЙТА- ҚАЙТА ЭСЛАТАЁТГАНИМИЗДЕК ҲАЗРАТИ АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЗОДАЛАР ФАОЛИЯТИГА НОХОЛИСЛИК ВА ҒАРАЗ МАҚСАДЛАР БИЛАН ЁНДОШГАНЛАР ВА УЛАРНИНГ АВЛОДЛАРИ ҲАЛИ ҲАНУЗ УЛУҒ САЛТАНАТ, ЮКСАК МАЪНАВИЙ ХАЗИНА ЯРАТГАН СУЛОЛАГА НИСБАТАН ТОШ ОТИШДАН ТЎХТАГАНИ ЙЎҚ. УЛАРНИНГ АЛАМИ БОР. МИРЗО УЛУГБЕК ВА МИРЗО АБЛУЛАТИФ ЎРТАСИДА НИЗО ЧИҚАРГАНЛАР, АМИР АЛИШЕР НАВОИЙ БИЛАН СУЛТОН ҲУСАЙН МИРЗОНИНИНГ ДЎСТОНА МУНОСАБАТЛАРИГА РАҲНА СОЛГАНЛАР, СУЛТОННИ ЎЗ НАБИРАСИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНТИРГАНЛАР, ТЕМУРИЙ ШАҲЗОДАЛАРЛАРНИ ГИЖ-ГИЖЛАБ, УРУШ ОЛОВИНИ ЁҚҚАНЛАР, ТАНИҚЛИ АКАДЕМИК ИБРОҲИМ МЎМИНОВ, ҲАБИБ АБДУЛЛАЕВ, ШАРОФ РАШИДОВ КАБИ ЯНА КЎПЛАБ ОЛИМУ АРБОБЛАРНИНГ НОМИНИ ЁМОН ОТЛИҚҚА ЧИҚАРГАН ЖОҲИЛЛАРНИНГ АВЛОДЛАРИ БУГУН ҲАМ БОР. УЛАР ЎЗ АЖДОДЛАРИДАН МИНГ ЧАНДОН ОШИРИБ ҚАБИҲЛИК ҚИЛИШ ИМКОНИГА ЭГАДИР. ЧУНКИ, УЛАР БУГУНГИ ТЕХНИК ТАРАҚҚИЁТ УСУЛЛАРИДАН, ТЕЗКОР ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИБ, ЎЗЛАРИНИНГ МАНФУР МАҚСАДЛАРИ ЙЎЛИДА АЖДОДЛАРИДАН ҲАМ КЎПРОҚ ЗАРАРИ ТЕГИШИ МУМКИН.
    ШУНДАЙ БЎЛГАЧ, МИЛЛАТ ВА ВАТАННИНГ ЕТУК ЗОТЛАРИ ШАЪНИНИ БАДНОМ ҚИЛГУВЧИ ҲАҚОРАТЛАРЛИ ЧИҚИШЛАР, АТАЙЛАБ ТАРИХИЙ ФАКТЛАРНИ БУЗИБ ТАЛҚИН ҚИЛГАНЛАРГА НИСБАТАН КЕСКИН ЗАРБАЛАР БЕРИШ БАРЧАМИЗНИНГ ШАРАФЛИ ВАЗИФАМИЗГА АЙЛАНМОҒИ КЕРАК.

  2. Мухтар Худайкулов
    МИРЗО УЛУҒБЕК
    (Болаларга)
    Мирзо Улуғбек
    Улуғ бобомиз,
    Шаъну шавкатга
    Тўлиқ бобомиз.
    Юлдузлар сирин
    Билағонидир,
    Илму маърифат
    Чароғбонидир.
    Гарчи жоҳиллар
    Кесдилар бошин,
    Ўчириб бўлмас
    Илм қуёшин.

  3. Набижон Кодиров
    Жуда тўғри фикр билдирибсиз. Қўллаб қувватлайман. Борингизга шукр.

  4. Мухиддин Полвон
    Баракалла Мавлоно Ру́зибой! Шахар дарвозасини ёпиб бу́лмаганидек, мухолифатнинг огзини хам бекитиб бу́лмайди. Нон еган дастурхонига тупураётган у́зимиздан чиккан каламушларни ОАВда ёппасига чикишлар килиб зарарсизлантириш керак!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *