Карвон манзиллари
“Адолат” нашриётида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Абдурафиқ Аҳадовнинг «Карвон манзиллари» китоби чоп этилди.
ДЕПУТАТНИНГ БЕҚИЁС ОЛАМИ
Юртимиз мустақиллиги ҳаётга, жамиятга бўлган муносабатларимизни ва тафаккуримизни бутунлай ўзгартириб юборди. Собиқ мустабид тузум даври воқеликлари билан бугун кўз олдимизда намоён бўлаётган улуғвор ишлар, воқеа-ҳодисаларни ҳатто таққослаб бўлмайди. Бир пайтлар сайловлар ҳақида ўзгача тасаввурга эга эдик. Ўзимиз сайлаган депутатни танимасдик ҳисоби. Депутат билан юзма-юз мулоқот қилиш, дардимизни айтиш ва бу билан бирор натижага эришиш ҳақида ҳатто ўйламасдик ҳам. Депутатлар ўзи нима ишлар билан шуғулланаётгани билан деярли қизиқмасдик. Шўро даври қонунлари асосан СССР Олий советида қабул қилинарди, сўнг иттифоқдош республикалар, жумладан, Ўзбекистон олий совети томонидан қайтадан қабул қилинарди. У даврда Ўзбекистон депутатлари қонун яратиш ҳақида гап бўлиши мумкин ҳам эмасди. Билишимизча, Ўзбекистон Олий советининг ўзи мустақил равишда биринчи марта 1989 йил 21 октябрь куни “Давлат тили ҳақида”ги қонунни қабул қилган эди. Бу давлатимиз раҳбари Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан бошланган улуғвор ишларнинг дебочаси бўлганди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, истиқлол дунёқарашларимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Жумладан, сайловларга ҳам, депутатлар фаолиятига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Миллий журналистикамизда парламент фаолияти теранроқ ёритила бошланди. “Парламент журналистикаси” деган тушунчалар пайдо бўлди. Изланувчан қаламкашларимиздан бири Тўлқин Эшбек айнан қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамоатчилик билан алоқалари ва оммавий ахборот воситалари мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. Унга ўша даврда Олий Мажлисда қўмита раиси лавозимида фаолият кўрсатган Хуршид Дўстмуҳаммад оппонентлик қилганди. Акмал Саидов, Нурдинжон Исмоилов, Ахтам Турсунов, Исмаил Саифназаров каби профессор депутатлар тақриз ёзиб берганлар.
Яқинда Тўлқин Эшбек “Ҳаёт карвонлари” деган китоб билан бирга нақд 400 бетлик янги қўлёзма кўтариб келди. “Бу мана шу китобнинг мантиқий давоми,– деди у қўлёзмага ишора қилиб.– Бир кўриб, фикрингизни билдирсангиз хурсанд бўлардим…”
“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти 2005 йилда чоп этган “Ҳаёт карвонлари” китобини варақлаётиб, дилимиз ёришиб кетди. Очиғи, шу кунгача депутат фаолиятига бағишланган бирор салмоқли мақола ўқимагандик. Олий Мажлис депутатлари амалга ошираётган ишлар ҳақида “Ахборот”, “Давр”, “Парламент соатлари” кўрсатувларидагина кўриш имконига эгамиз. “Халқ сўзи” ва сиёсий партияларнинг нашрларида ҳам улар фаолияти, интервьюси берилади холос. Бироқ, депутат суратига чизгилар, унинг мақсадлари, маънавий олами, бажарган ишлари таҳлил этилган очерк ё мақола йўқ ҳисоби эди. Миллий журналистикамиздаги ана шу “кемтик”ни “Ҳаёт карвонлари” китоби озми-кўпми тўлдиргандек таассурот қолдирди.
Китоб аввалида ёзилганидек, банк тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиш айтишгагина осон. Унинг машаққатини шу соҳада суяги қотганлар жуда яхши билишади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Абдурафиқ Аҳадов шу соҳада ўзига хос мактаб яратган инсон.
Очиғи, биз Абдурафиқ Аҳадовни сўнгги ўн йилликлар мобийнида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатаётганини телекўрсатувлар орқали кузатиб турамиз. Бу билан унинг бутун фаолияти, маънавий олами ҳақида тасаввурга эга бўлиш қийинроқ.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Файзулла Муллажонов ва юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов умумий таҳрири остида Тўлқин Эшбек нашрга тайёрлаган мазкур китобга таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ва ҳассос шоир Нормурод Нарзуллаевлар масъул муҳаррирлик қилган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Дўстимга тилагим” сарлавҳали сўзбошисини ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас.
“Ҳужжат, рақам аслида шеъриятдан йироқ тушунчалар. Лекин бу ҳужжат Ватан истиқлоли ҳақида бўлса, бу рақам миллий тараққиёт кўрсаткичлари бўлса, улар энг юксак шеърият каби илҳомбахш, гўзал ва олиймақом бўлар экан,– деб ёзади муаллиф.– Дўстим Абдурафиқ Аҳадовнинг ҳисоб-китоблар, кирим-чиқим, даромаду буромад саноқлари ичида кечган умри кимгадир ўта сокин, бир хил, ҳатто зерикарли туюлиши мумкин. Лекин у билан суҳбат қурган, унинг ҳаяжонли, жўшқин сўзларини эшитган киши бу рақамлар замирида қанча маъно-мазмун, қанча меҳнату машаққат, қанча курашлар ётганини ҳис этади”.
Халқимизда, устоз отангдан улуғ, деган мақол бор. Иқтисод соҳасида улкан пағоналарни босиб ўтган Абдурафиқ Аҳадов “Мен бундай даражага улуғ устозим, ҳар жиҳатдан менга ўрнак ва тарбиячи бўлган буюк зот туфайли етдим. Бу инсон – мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовдир” деб эътироф этиши замирида жуда катта маъно мужассам. Бу маънонинг асл моҳиятини китобни мутолаа қилиш давомида англаб етасиз. Яъни, юртимиз мустақилликка эришган даврда жамиятимиз гўё узоқ йиллик қороғиликдан бирдан ёп-ёруғ жойга чиқиб қолган кишига ўхшарди. У шундай ёруғликка чиққан эдики, ҳамма нарса бутунлай янгилик бўлиб кўринар эди.
Дарҳақиқат, узоқ йиллик мустабид тузумдан халос бўлган жамиятимиз учун барчаси – янги сиёсат ҳам, шунга монанд иқтисод ҳам, параментаризм ҳам том маънода янгилик эди. Мустақиллигимиз бош меъмори бўлган азиз Юртбошимиз бутун жамиятимизнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий ва бошқа муҳим пойдеворларини барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида жуда улкан ишларга бош-қош бўлдилар. “Ҳаёт карвонлари” китобида айнан ана шу тарихий воқеа-ҳодисалар Абдурафиқ Аҳадов сиймоси, унинг жўшқин ва мураккаб фаолияти мисолида ёритилган.
Муаллиф бир ўринда шундай ёзади: “Четдан қаралганда банк – энг “тинчгина” соҳага ўхшайди. Тўғри, бу ерда қандайдир шовқин-сурон, баҳс-мунозаралар бўлиб ётмаслиги мумкин. Бироқ, ҳамма жойнинг ҳам ўз тошу тарозиси бор. Бу борада хатоликка йўл қўймаслик учун нима қилмоқ керак? Аввало пухта билимга эга бўлиш, соҳа сирларини ўзлаштириб олиш зарур. Бунинг учун ишни қуйидан бошлаган маъқул. Ҳа, қайсики соҳада бўлмасин, ишни қуйи поғоналардан бошлаган ютаркан! Негаки, дастлаб тепадан пастга қараган киши унчалик кўп нарсани илғай олмайди. Қуйидан эса юқори кафтдек кўриниб туради. Ўша юқори поғонага етгунга қадар қўйилган ғиштлар, зиналарни ҳам билиб олишингиз мумкин. Тепада ким қандай ҳаракатлар қилаётгани, бинобарин, унинг ютуғи ва камчиликлари пастдан аниқроқ кўзга ташланади. Абдурафиқ Аҳадов ҳам ўз фаолиятини қуйидан бошлаган. Қуйи поғонанинг қора меҳнати унинг кўзларини пишитган. Шул боис у банк соҳасининг ипидан игнасигача яхши билади”.
Китобда банк соҳаси сирларини мукаммал билган фидойи инсоннинг бу йўлда амалга оширган ишлари ҳақида таҳилилий фикр юритилади.
Бир ўринда Абдурафиқ Аҳадовнинг маълум муддат Қорақалпоғистонда фаолият кўрсатгани ҳақида сўз юритар экан, муаллиф шундай ёзади: “Бу ернинг табиатида қанчалик муаммо бўлса, жамиятда, хусусан, банк ишларида ҳам шунчалик чигал масалалар қалашиб кетган экан. Вақт кутиб турмайди. Тезроқ ишни бошлаш керак. Бироқ, бундай вазиятда нимадан бошламоқ керак? Бу ўлкада жуда мураккаб вазият вужудга келган эди. Орол денгизи талафоти экологияга қанчалик салбий таъсир этаётган бўлса, иқтисодий танглик ҳам одамларнинг шу қадар силласини қуритаётганди. Ичимлик суви етишмас, ишсизлик даражаси ортиб борарди. Бу муаммолар мутасаддиларни деарли қизиқтирмаётганини ҳар қадамда сезиш мумкин эди. Бунинг сабаби Қорақалпоғистон раҳбарларининг аксарияти Москвадан келишган, уларнинг маҳаллий халқ ҳаёти билан иши йўқ. Фақат ўз манфаатлари учун ҳаракат қилишаётгани кўриниб турарди”. Жамиятдаги мураккаб вазиятлар ҳақида шу зайлда сўз юритган муаллиф банк соҳасидаги чигал масалаларни ҳам ўқувчи кўз олдига келтириб қўяди: “Банк тизимида муаммолар шунчалик қалашиб кетган эдики, буларни ҳал этиш у ёқда турсин, ҳатто санаб адоғига етиш мушкул”. Бир ўринда шундай фикрлар эътиборингизни тортади: “Инкассация машиналари ночорлигини, банк бинолари ўта таъмирталаб эканлигини, иш жиҳозлари яроқсиз ҳолдалигини, кадрлар масаласи ачинарли аҳволдалигини ва ҳоказолар ҳақида” мутасаддилар билиши зарур экан. Бу масаланинг ечими қандай машаққат билан ҳал бўлгани ҳақида муаллиф атрофлича ёзган.
Собиқ мустабид тузум даврида республикамизда юз берган иқтисодий қийинчиликлар сабабини кўпчилик яхши тушунмасди. Бунинг сабаблари кўп бўлган, албатта. Ушбу китобда эса унинг сабаблари банк фаолияти мисолида очиб берилади: “Ўзбекистон асосан бир томонлама хомашё етиштириб берадиган аграр тармоққа айлантирилгани сир эмас. Банк тизими эса чигал муаммоларга дуч келар, уларнинг ечимини топиш жуда мушкул бўларди. Сабаби, бюджет, пул-кредит тизими инқирозга учраб, тобора заифлашиб бораётганди. Деҳқонсаноати мажмуасига берилган кредитлар қайтмасдан оғир юк бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар (колхозлар, совхозлар, пахта тозалаш заводлари ва ҳоказолар) ҳисобида турарди. Бу маблағларни ундириш йўли йўқ эди. Биргина чораси, ўша маблағларнинг қайтариш муддатини турли баҳоналар билан чўзиб, яна хўжаликлар балансида кўрсатиш қолганди. Бу эса кўпгина корхоналар оборот маблағларининг тўлиқ емирилишига олиб келарди. Харажатлар ортиб бораётгани марказни умуман қизиқтирмасди. Натижада кўплаб ижтимоий муаммолар юзага келаётганди”. Мана гап қаерда! Китобда ана шу муаммолар қай тариқа ечимини топгани, бунда банк соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлган Абдурафиқ Аҳадов нималарга қодирлиги таҳлилий лавҳаларда ёритилгандир.
Китобда Олий Мажлис фаолияти билан боғлиқ кўп ибратли воқеалар ҳам теран ёритилган. Айниқса, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Иброҳим Ғафуров каби атоқли адиб ва шоирларнинг депутатлик фаолиятлари ҳақида ҳам қизиқарли лавҳалар ёритилгани айни муддао бўлган. Айтиш жоизки, парламентимизда турли даврларда ўзбек адабиётининг улкан намоёндалари депутат сифатида фаолият кўрсатганлари ҳам айниқса ёш ижодкорлар учун ўзига хос ибратдир.
“Ҳаёт карвонлари”нинг мантиқий давоми бўлган “Карвон манзиллари” ҳам салмоқли китоб бўлибди. Унда муаллиф Абдурафиқ Аҳадовнинг республикамиз газета-журналларида сўнгги йилларда ёритилган мақолалари, шунингдек, янги бадиалари, хотиралари ўқувчида катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, “Икки палатали парламент истиқболлари”, “Иқтисодий пойдеворни мустаҳкамлаш йўлида”, “Иқтисодий инқироз бартараф этилади”, “Банк тизими – иқтисодиётнинг жадал ривожланиш негизи”, “Кучли қонунчилик – барқарор иқтисодиёт пойдевори”, “Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси”, “Иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили”, “Узоқни кўзлаган сиёсат самаралари”, “Адолат тантанаси”, “Истиқлол шукуҳи”, “Ўтмишдан хулоса чиқариб, келажакка умид билан”, “Иллатнинг илдизи бошқарувдаги нўноқликда”, “Ўзбекистоннинг тараққиёт модели” сарлавҳали мақолаларида муаллиф жамият ҳаётига иқтисодчи ва парламент депутати нигоҳи билан қарайди. Ўтмишга айланган собиқ мустабид тузум давридаги иқтисодий ҳаёт ва қонунларга бўлган муносабатларни бугунги ҳолат билан қиёсий таҳлил этади. Бу борада мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, ҳар бир соҳада амалга оширилган улуғвор ишларимиз билан ўтмишда қолиб кетган ўша ҳолатлар ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигини катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган Абдурафиқ Аҳадов жуда кўп факт ва рақамлар билан асослаб беради.
Парламент депутатлари фаолияти фақат қонун чиқаришдан иборат эмас. Юртбошимиз ибораси билан айтганда, қонун чиқариш бу – ишнинг ярми холос, қолган ярми унинг ижросини таъминлаш билан изоҳланади. Китобдан ўрин олган “Парламент назорати: Қонун ва ижро” ҳамда “Таҳлил ва сабоқ” сарлавҳали мақолаларда қатор қонунлар ижросини назорат қилиш борасида амалга оширилган ибратли ишлар таҳлил қилинади. Очиғи, ушбу мавзуларда унча-мунча ўткир қалам соҳибиман деган журналистлар ҳам шу қадар теран танқидий мақола ёзишлари қийин…
Инсон маълум ёшга етганида ҳаётида юзган берган қизиқарли, ғаройиб воқеа-ҳодисалар, эришган муваффақиятлари ҳақида шукроналик билан сўз юритадиган бўлиб қолади. Катта ҳаёт йўлини босиб ўтган Абдурафиқ Аҳадов ҳам “Афсонага айланган ёшлик”, “Дилдаги шукроналик”, “Ота изидан”, “Яшаш учун кураш”, “Саломатлик – туман бойлик”, “Оиланинг бетакрор олами” сарлавҳали мақола ва бадиаларида айниқса ёшлар учун ибратли ҳаёт йўли ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади.
Китобнинг “Ҳамкасблар ҳақида ҳикоялар” деб номланган 3-қисмида узоқ йиллардан буён парламентимизда самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ сафдошлари – фидойи депутатлар фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Шунингдек, “Умр дафтаридаги зарҳал битиклар” (Абдурафиқ Аҳадов замондошлар зикрида) деб номланган 4-қисмида эса устоз-у шогирдлар, ҳамкасблар, дўстларнинг дил сўзлари, бадиалари ўрин олган.
Иккала китоб ҳам ўқишли, сермазмун, тили равон ёзилган. Замонамиз қаҳрамонлари ҳақида мана шундай салмоқли асарлар, бадиалар яратилишини анча пайтдан буён кутаётган эдик. Наздимизда, бу борада ҳам салмоқли ишлар амалга ошмоқда. Бу йўлда китоб муаллифларига омад тилаймиз.
Абдуғафур РАСУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби,
профессор, филология фанлари доктори,
Умида РАСУЛОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети Ўзбек филологияси факультети
доценти, филология фанлари номзоди
2014 йил 8 июль.
«Карвон манзиллари» китоби 393-399 бетларидан олинди.
Сўнгги фикрлар