ДЕРЛАР
“…Ки ҳарчанди наво қилсам, ҳанузам бенаво дерлар”.
Бобораҳим МАШРАБ
Учунсам салгина дарддан: “Ичи тўла фиғон!” дерлар,
Бирор сўз айтмайин турсам: “Ҳама сири ниҳон!” дерлар.
Ҳамага дўст бўлиш мушкул — киши ўзига дўст бўлмас:
Одамзод ҳаммага бирдай ёқиши кўп гумон дерлар.
Магар ҳар кимга ёққучи бирор инсонни учратсанг:
Тилу юзи эмас – икки, ўну юз Ёсумон дерлар.
Суяксиз тилга тарбият берар деган неча тишни –
Фақат чайнашга бир нарса тиланган посбон дерлар.
Элига бош бўлиб Мусо – не дашномга нишон ўлди,
Молу дунё дея умри харобларни – Хомон дерлар.
Садоқда жимгина ётган ҳар ўқда – битта тақдир бор,
Белгисиз томонга отган кўр Қисматни – камон дерлар.
Мунофиқ аҳлидан доғман – қаро дерлар, кўриб оқни,
Тупукни неъмати Арш деб, шарм, иснодни – шон дерлар.
Ёмоннинг яхшиси бўлма, ки яхшининг ямони бўл,
Дилида зарра иймон йўқ – ямондан ҳам ямон дерлар.
Замондан ўпка қилганда, танангга бир қараб қўйгин:
Худойим номи юздан кўп ва зўрини – Замон дерлар.
То элга ёққучи шеър битмайин шонга даъво қилма,
Бирор маъноси йўқ сўз нарх-навосини сомон дерлар.
Бу улкан кўпкари майдонига отни ниқаб тушдим,
Самарқанд ўғли Тўлқинман, палак дар – Иштихон дерлар.
Тўлқин ЭШБЕК
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
———————————————————————
Изоҳ:
Мусо пайғамбар жуҳудларни Мисрдан Исроилга бошлаб келгунича ўз қавмидан жуда кўп дашном эштитган – иссиқ жойимизни совутдинг, шундоҳам яхши яшаётгандик дея, неча марта мўъжиза кўрсатишга мажбурлашган.
Хомон – жуҳудларнинг энг бой кишиси, Мисрда қолган ва жуҳудлар қочиб кетаётгани ҳақида Фиръавнга айтиб беради ва биргалашиб уларни қувишга тушади. Иккига бўлинган денгиз орасида фиръавн қўшинлари билан бирга қолиб кетиб, ҳалок бўлади.
Сўнгги фикрлар