ДИЛДА УМИД УЙҒОТАР «КОРРУПЦИЯСИЗ СОҲА»

Таълимда коррупция урчиб ётса, жамиятнинг таназзулга юз тутгани шу бўлади.

photo_2023-11-28_22-29-39

Фарзандларимизни ўқитишдан мақсад – келгусида уларни етук кадр қилиб камолга етказиш, уларнинг ғайрат-шижоати, фидойилиги билан жамиятни тобора ривожлантириб боришдир. Хўш, уларнинг онгу шуурини таълим муассасасидаёқ коррупция балоси ўз домига торта бошласа… кейин нима бўлади? Ҳалол-пок ҳаётни тасаввур этолмайдиган ёшлар билан янги Ўзбекистоннинг ривожланишини таъминлаш қандоқ бўларкин?

Бугун талаба-ёшлар жамият ҳаётини порасиз тасаввур этолмайдиган даражага бориб қолганлари сир эмас. Бу ҳақда «Муносабат» ва бошқа телекўрсатувларда ҳам дангал айтилмоқда. Биз жамият кушандаси саналмиш бу иллатни таг-томири билан суғуриб ташлашга қодирмиз. Бугун олий таълим соҳасида порахўрлик иллатига қарши кураш муросасизлик билан давом этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни ва давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида олий таълим тизимини «Коррупциясиз соҳа»га айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташлангани бежиз эмас.

Олий таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ишлаб чиқилгани кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, олий таълим муассасаси раҳбар кадрларининг ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижалари инобатга олинадиган, уларга мунтазам равишда касбий ўзини ўзи ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизими амалиётга жорий этилди. Ўқитишнинг замонавий усулларини қўллаш билан боғлиқ фан ва курсларни кенгайтириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режаларига янги-янги модуллар киритилмоқда.

Олий таълим муассасалари веб-сайтларида «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар портали яратилган. Таълим муассасалари ўртасида коррупцияга қарши кураш рейтингини жорий қилиш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини шакллантириш, талабалар ўртасида коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан онлайн сўровномалар ўтказиб бориш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Коррупциянинг олдини олиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида иккита махсус гуруҳ ташкил этилган, бири – таълим сифати, иккинчиси – айнан коррупция билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатларни ўрганиш билан шуғулланади. ЎзМУда коррупцияни таг-томири билан йўқотиш учун фаол профессор-ўқитувчи ва масъул ходимлар жиддий курашаётгани эътиборга моликдир.

Бугунги қалби уйғоқ талаба-ёшлар ҳам бу саъй-ҳаракатларга бефарқ эмас. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, шу тариқа коррупция балосига барҳам берилишига умид қилса бўлади.

photo_2023-05-30_11-01-50

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Коррупциясиз ҳаёт завқи» (Маърифий қўлланма) китобидан, 2023 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *