Ўткир Ҳошимов йигирманчи аср ўзбек адабиётининг кўзга кўринган, энг сермаҳсул адибларидан эди. Ҳикоялардан тортиб, қисса ва романларигача кўпмиллионли ўқувчилар томонидан ташна одам шарбат тўла косани бир кўтаришда сипқоргани янглиғ бир нафасда ўқиб туширилар эди. Китоблари қўлдан-қўлга, сюжетлари тилдан-тилга ўтиб Ўткир Ҳошимов тимсолини мухлислари назарида улкан қоятош сингари гавдалантирарди. Ўзи ҳайбатли бўлмасада сўзи ҳайбатли, ўзи келбатли бўлмасада асарлари савлатли, ўзи шуҳратпараст бўлмасада, қиссаю романлари оламшумул бўлиб кетарди. Ёзган мақолалари эртасигаёқ шов-шувларга сабаб бўлар, баъзилари учун ҳатто “юқори”га чиқиб тушунтириш хати ёзишгача борар эди.
Ҳозир, орадан шунча йиллар ўтиб, қайси бир асари тилга тушмайгина ўтиб кетганийкин деб ўйлайману, унақа асарини тополмайман. “Чўл ҳавосию”, “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”у, “Тушда кечган умрлар”, “Нур борки соя бор” ва “Икки эшик ораси” романлари ҳамма-ҳаммаси каттаю-кичик китобсеварлар томонидан неча қайталаб ўқилган. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ақидасида улғайган ўзбекларимиз учун она сиймоси гўё илоҳийлаштирилган тимсол бўлгани учун ҳам “Дунёнинг ишлари” қиссаси ҳали-ҳамон қўлимиздан тушмайди. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби бўлса ҳозир ўқиб ҳозир маза қилишни истовчи китобхонларга айниқса қўл келди, десам тўғри бўлар. Бу китобдаги ҳар бири бир янги китоб учун ғоя, асосий устқурма бўлишга арзийдиган шингиллар жуда кўпчиликка манзур бўлди, ҳатто китоб ўқишдан тез чарчаб қоладиганлар учун ҳам маза бўлди.
Ўткир Ҳошимов ўз даврининг энг бахтли, энг нуфузли, энг мартабали адибларидан бўлганини исботлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ бўлса керак. Шу билан бирга у энг кўп нашр этилган энг кўп тилларда чоп этилган муаллиф ҳам бўлган эди.
Хуллас, бу мўътабар зот ҳақида айтаман деса гап кўп. Шу якшанба кечки дастурларда “НАВО” телеканалини кўринг, “Дилкаш давралар”ни томоша қилинг.
Сўнгги фикрлар