Диний бағрикенглик – тинчлик кафолати

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кичик мажлислар

залида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърифий соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Миллий университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган ушбу тадбир анчайин қизғин руҳда ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Авазжон Мараҳимов Ўзбекистоннинг дунё тамаддунида тутган ўрни, Ватанимиздан етишиб чиққан алломаларнинг бой илмий мероси ҳамда уни ўрганиш, жаҳонга тадбиқ этиш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, ушбу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази асосий ўрин эгаллаши ҳақидаги фикрлари билан очиб берди.
— Диний бағрикенглик мамлакатимизнинг узоқ йиллик тарихида давлат ва жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлишини кўрсатиб берган, — деди ректор. — Кўп миллатли халқимизнинг юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг қулоч ёйишини таъминламоқда.
Анжуман давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўзга чиқиб, мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ислом динининг халқимиз маданиятида тутган ўрни, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий бойликларни асраб-авайлаб, кейинги авлодга етказиш масалалари, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Миллий университет Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров сўзга чиқиб, Ўрта Осиё, хусусан, Ватанимиз ҳудудидан етишиб чиққан алломалар илмий меросининг инсоният илм-фани, тараққиётидаги ўрнига алоҳида тўхталди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари ҳамда истиқболдаги режалари тўғрисида видеоролик намойиш этилди. Якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Эркин АБДУСАТТОРОВ,
ЎзМУ Матбуот котиби
http://uzmu.uz/uzc/press/news/events/ev-cultural/336

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *