Донишмандлик юксалтиради

Миллий етакчимиз Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркка ташрифи ва БМТ Бош

Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи юртимиз аҳли қатори халқаро жамоатчиликда ҳам катта акс-садо уйғотгани бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Негаки, мазкур воқеа биргина Ўзбекистоннинг эмас, балки Марказий Осиё, постимперия ҳудуди, ҳатто Осиё ва ислом дунёсининг бундан буёнги сиёсий манзарасида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни олдиндан кўра олиш имконини яратди, десак муболаға бўлмайди.

    Гап шундаки, минг йиллар давомида кишиликнинг сиёсий, иқтисодий, илмий-маданий, мафкуравий марказларидан бири бўлиб келган мамлакатимизнинг ҳар томонлама ва кенг имкониятлари мутахассислардан тортиб сиёсатчиларгача жуда яхши маълум.

  Таърифга ҳожат йўқ – қараш, таҳлил ва башоратлари ҳатто мухолифларини ҳам қизиқтирган З.Бжезинсий қаламига мансуб, “совуқ уруш” давридан кейинги босқич муносабатларидаги бош омилларни асослаб беришга бағиш­ланган “Улкан шахмат тахтаси” асарида Ўзбекистонга алоҳида урғу берилгани шунчаки ҳурмат белгисию замона зайли эмас, албатта.

Зеро, 2700 йиллик давлатчилик ўтмишига эга, бой ва салобатли тарихий мероси бор, ўз анъаналарига содиқ, миллий ўзлиги кучли, меҳнаткашлиги ва қобилиятлилигига шубҳа йўқ ўзбек жамиятининг янгича шароитлардаги мустақил тараққиёти эртами-кеч катта қудратга айланибгина қолмай, ён- атрофга сезиларли, ҳатто кескин таъсир кўрсатишини чамалаш унга ҳам, бошқа билимдонларга ҳам қийинчилик туғдирмасди. Асримизнинг иккинчи ўн йиллигининг бошларидан буёғига узоқ-яқиндаги ва турли мақомдаги таҳлилчиларни қизиқтириб, безовталантириб келган – Ўзбекис­тонда юз бериши муқаррар ҳокимият алмашувидан ке­йинги давр мавзуси йилма-йил долзарб­лашиб борганлигининг асосий сабаби ҳам шунда, деб ишонамиз. Қайсидир башоратчилар ёмон нафас қилганлари ҳам бор гап. Улар орасида илк босқичда самара берган, бироқ вақт ўтган сайин замон талаблари босимига дош беролмаётган қараш ва ёндашувларнинг сақланиб қолиши оқибатида биз ўзбеклар камида “ўз ёғимизда ўзимиз қовурилиб ётишимиз”дан манфаатдорлар ҳам бўлгани борасида шубҳа йўқ. Аммо тақдир яна бир бор бизга кулиб боқди, ҳаммаси салоҳиятли ва орзу-умидлари катта ва ҳақли миллатимиз фойдасига ҳал бўлди…

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг бир йиллик фаолияти ҳаётимизнинг барча йўналишлари асосларини сифат жиҳатидан ўзгартириб, истак ва имконларимизга мос натижалар берибгина қолмай, ўзгаришлар илинжида яшаётган узоқ-яқин минтақа ва мамлакатларга ҳам ўрнак ўлароқ ўз ижобий таъсирини ўтказа бошлагани ҳам айни ҳақиқатдир. Ташқи сиёсатда танланган ва амалга оширилаётган оқилона йўлнинг мазмун-моҳиятию қирралари, энг муҳими, кўзга ташланаётган самараларини ҳам умумлаштириб хулоса қилинса, эндиги Ўзбекистон назарий жиҳатдан, қоғозда эмас, балки амалда Марказий Осиёнинг юраги эканлиги, юртимизда кечаётган жараён ҳали замон янада кенг миқёсдаги жараёнларни тўлқинлантириб юбориши аёнлашди-қолди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ олий минбаридаги чиқишига нисбатан катта ва алоҳида эътиборнинг асл сабаби худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқлигига бизда ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Миллий етакчи ўзи мансуб халқ ва давлатнинг юзи, интилиш ва мақсадларининг инъикоси, мамлакат салоҳияти ва ғайратининг кўрсаткичи, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Бугунги

Ўзбекистонда кечаётган тарихий ўзгаришлар, ташқи дунёга қарашлар мантиқий кетма-кетликда, аниқ-тиниқ, лўнда, ҳаммага тушунарли тарзда тақдим этилган нутқни биз айнан шу нуқтаи назардан баҳолаган бўлардик. Сиёсий фаоллиги ортиб бораётган жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад – «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборатлиги жаҳон афкор оммасига етказилди. Зеро, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилаётгани бунинг яққол далилидир. “Бу стратегияни ишлаб чиқишда биз ўзимизга четдан назар ташлаб, салоҳият ва имкониятимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик” дея очиқ-ойдин айтилишида эса мамлакатимиз тараққиётининг барча соҳалари истиқболи чуқур ифода этилган. Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига оид баёнот эса демократлаштириш жараёнининг назария ва амалиётида ҳали қўлланилмаган самарали ёндашувлар ҳам борлигини аёнлаштирибгина қолмай катта қизиқиш, ҳатто интилиш уйғотгани ҳам тайин.

Бошланган иқтисодий сиёсат негизида “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”ёндашуви ётганлиги ҳақидаги таъкид оддий инсонлар кўнглидан мустаҳкам ўрин олгани шубҳасиздир. Негаки, ким ва қаерданлиги, ирқи, миллати, эътиқодига қарамай XXI аср имкониятлари даражасида яхши яшаш, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш, шунга яраша даромад топиш учун меҳнат шароитларига эга бўлишни хоҳлайди. Демак, мазкур оддий ва табиий интилишни сиёсат даражасига кўтарган шахс ва давлатни албатта, ёқлайди.

Маърузада минтақамизнинг бугуни ва эртаси борасида изҳор этилган қатъий қарашлар халқаро таҳлилчилар, айниқса ялпи сиёсат билимдонларини ўйга солиб қўйгани аён. Негаки, айнан 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чорак асрдан сал ошиқроқ бурун мустақил ривожланишни бошлаган Марказий Осиё ҳаётида туб ўзгаришлар бош­лангани, мазкур кенглик янги сифат босиқичига қадам қўйганини барчага узил-кесил билдирди, десак рўй берган воқеанинг тарихий аҳамиятини тўғри баҳолаган бўламиз. Эътибор беринг: “Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекис­тон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир”. Бу шунчаки яхши ният эмас, балки “ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилди”. Агар миллий етакчимизнинг “парчалаб, ҳукмронлик қил” қоидаси энди ўтмаслиги ҳақида Бишкекка ташриф чоғида айтган фикр­ларини ҳам кўзда тутсак, эскича қарашлар минтақамиз ичида ҳам, ташқарисида ҳам тарихга айлангани, айланиши кераклиги аёнлашади-қолади, тамом-вассалом!

Яна бир муҳим жиҳат Марказий Осиёга нисбатан эндиги сиёсатнинг асослари қатъий белгилаб берилгани билан боғлиқдир: тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққиёт йўлида ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш. Қўшниларимиз билан ҳар қандай масала юзасидан ҳамкорликда, оқилона муросага тайёрликни билдириш кучли давлат ва шахсга хослиги баробарида бошқаларни ҳам худди шу тарзда иш тутишга чорлашдир, албатта.

Фикримизча, Марказий Осиё доирасида изчил олға сурилаётган сиёсат борасида Президентимиз томонидан билдирилган ёндашувлар моҳият эътибори билан ўзга минтақа ва мамлакатлар билан муносабатлар асосига ҳам ўзига хос ишорадир. Буни ўтган қисқа муддат ичида Россия, Хитой ва бошқа қатор давлатлар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорликда ҳам кўриш мумкин.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон учун яна бир, анчадан буён халқаро ҳаёт, хусусан, алоҳида жамиятларни ларзага солиб келаётган масала аҳамиятсиз эмаслиги билдирилди. Билдирилганда ҳам ҳамма учун таниш, сийқа қолип даъватлар тарзида эмас, балки тугунларнинг ташхиси ва уларни ечишнинг самарали воситаларини аниқ белгилаш орқали билдирилди. Бу ўринда гап террорчилик ва экстремизм таҳдиди ҳамда ислом дини ҳимояси ҳақида кетмоқда.

Капитализм ва коммунизм қарама-қаршилиги байроқлари остида ўтган “совуқ уруш” даври тугагач, энди қайси омил халқаро муносабатлар торини чертиши сўроғи сиёсатчию сиёсатшуносларни “қийнагани” яхши маълум. Гарчи уларнинг энг номдорлари (масалан, С. Хантингтон, З. Бжезинский) янгича шароитдаги халқаро муносабатлар туғини бундан буён цивилизациялар, дунёвий ¢арб ва Осиё, ислом дини ўртасидаги рақобат еллари ҳилпиратадилар, ғояси – башоратини илгари сурсалар-да, аслида бу эски дунёнинг замонавий ҳаммомида ўша эски тоснинг қиммати ва таъсири сақланиб қолаверишини билдириб қўйганлар. Салб юришлари, ғазоват (жиҳод), капитализм, коммунизм – дунё ишларининг узоқ ва яқин ўтмишида баҳонаю сабаб бўлган, барчамиз учун яхши таниш мазкур омиллар негизида халқаро муносабатларни қарама-қарши қутб­ларга ажратиб ташкиллаштириш орқали сиёсий, иқтисодий муддаоларга эришиш мақсади ётганлигини англаш мушкул эмас, деб санаймиз. Энди эса катта майдонга яна диний – ислом омили чиқарилмоқда. Чиқарилганда ҳам навбатдаги “олабўжи” — террорчи суратида тақдим этилмоқда.

Муқаддас динимизнинг ёмонотлиқ кўйига тушишида шартли тарздаги ислом дунёсининг ҳам яхшигина айби бор (шартли дейишимизнинг сабаби мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган мамлакатлар сирасида дунёвий асосдаги давлатларнинг борлиги билан боғлиқдир). Узоққа бормасдан, мазкур дунё вакил-раҳбарларининг тилга олинган сессиядаги чиқишларида кўтарилган масалаларга кўз ташлашнинг ўзи етарли бўлади (қаранг: https//gadebate.un.org/en/72). Асосан ўз дардларини дастурхон қилишдан иборат ушбу маърузаларнинг деярли ҳаммасида мусулмончиликнинг асл табиати, тарихий-фалсафий мазмундаги кишилик цивилизациясидаги ўз ўрни ва тенгсиз аҳамияти мавзуси йўқ ҳисоби! Бинобарин, ислом дунёсининг кўргилик­лари илдизининг таҳлилини худди шу жиҳатдан бошлаган маъқулдир. Балки мазкур кенглик ҳар бир аъзосининг “ўз ёғида ўзи қовурилиб келаётгани”ни, жумладан, сўз кетаётган Ассамблеяга бориб, ўз дардларини айтаётганларини юқорида урғуланган “парчалаб, ҳукмронлик қил” қоидасининг нафақат минтақамиз, балки ислом дунёси миқёсидаги “тантанаси” нуқтаи назаридан бош қотирган афзалдир. Хуллас, бу борада қилинадиган ишлар, йўқ қилиниши лозим тўсиқлар кўп. Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб олға сурган ғоя ва ташаббуслари ушбу ўта қийин, ўз-ўзидан амалга ошиб қолмаслиги аниқ жараённинг бошланиши бўлишига шубҳа қилмаймиз. Хўш, бу вазифалар нималарда ўз аксини топиши лозим?

Уларнинг биринчиси давлатимиз раҳбарининг “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз” сўзлари билан боғлиқдир. Негаки, “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”. Бизни, дея давлатимиз бошлиғи барча халқларни, умуман башариятни кўзда тутдилар, деб ишонамиз. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Негаки, том маънодаги дин ижобий ҳодисадир. У ирқ, миллат, юрт, дунёқараш танламайди, барчага бирдек эзгулик элтади, тинчлик соғинади. Акс ҳолда у жаҳолат манбаидир. Демак, динмас!

  Иккинчидан, Президентимизнинг “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз” шартлари ва огоҳлантиришлари дадиллик намунаси бўлибгина қолмай, ялпи, минтақавий, икки томонлама муносабатларда ислом омилини сиёсат қўғирчоғига айлантириш, шу тариқа тегишли давлатлар, мамлакатларга таъсир кўрсатиш ўйинлари қатъий қаршиликка учрашини билдириб қўйишдир, деб санаймиз. Негаки, ҳар қандай диний эътиқод, маданият, анъана, тарихий босқич, шахсларни қоралаш аслида унинг эгаси бўлмиш миллат ва давлатни ерга уриш, обрўсизлантириш, яккалаб қўйиш, руҳан синдиришдан ўзга нарса эмас. Демак, ислом динини зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўйиш аслида биз ўзбеклар ва Ўзбекистонни ҳам оёқ ости қилишга уринишдир. Табиий равишда, биз бунга кўнмаймиз.

  Учинчидан, “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман”, деди давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, ислом цивилизацияси бу мусулмончилик диний таълимотигина эмас, балки деярли бир ярим минг йил мобайнида Ер юзи қуруқлигининг тўртдан бир бўлагида кечиб келаётган довруқли сиёсий, иқтисодий, айниқса илмий, маданий муносабатларни мужассамлаштирган, тенгсиз кашфиётлар содир бўлган, инсониятнинг ҳозирги тараққиёт даражасининг ҳақли пойдеворларидан бири ўлароқ воқеликдир. Ҳеч ким инкор этолмайдиган мазкур таъкид алоҳида мақола мавзуси бўлгани учун унга оид ҳужжатли далилларни келтириб ўтирмаймиз. Фақат, илм-фан тарихини ўрганган ғарблик олимларнинг IX-XII асрларда Шарқ мамлакатларида (асосан марказийосиёлик олимлар ишларида) олинган натижалар кейинчалик кўп жиҳатдан Европа илм-фани учун пойдевор бўлганига оид иқрорларини, замонавий электрон-ҳисоблаш машиналари тўлиқ дастур – Муҳаммад Хоразмий математика фанида асос солган янги объект – алгоритм қоидасига кўра ишлашини, сонларнинг XVI асрдан Европада, XVIII асрдан Россияда тўлиқ қўллана бошланган Хоразмийча белгилари (0,1,2,3,4,5,6,7,8,9) барча соҳалар, айниқса илм-фан, иқтисодиётда бурилиш ясаганини (АҚШ мустақиллигининг юз йиллиги шарафига 1876 йили Нью Йоркда ўрнатилган Озодлик ҳайкали ёзувидаги римча MDCCLXXVI дан кўра Хоразмийча 1776 нинг фарқи ва афзаллигини уқдиришга ҳожат бўлмаса керак) эслатиб ўтамиз, холос.

Миллий етакчимизнинг Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи Имом Бухорий, унинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, шунинг­дек Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази очилаётгани ҳақидаги баёнотларининг тарихий, керак бўлса, си¸сий, маънавий аҳамиятини тушунган одам тушунади. Мавриди келганда айтиш жоиз, Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғоннинг ҳали биронта давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганига тан бериши бежиз эмас, албатта. Шу муносабат билан ўринли савол туғилади: нега аҳвол шундай бўлиб келди? Жавоби ўзбекона айтганда шундай: бўлинганни бўри ер, парчаланган нима ҳам дер!

Яна бир асосли гап: кишилик цивилизациясининг, жумладан, илмий-маърифий, маънавий ривожига улкан ҳисса қўшиб келган ўзбек миллати ва давлати ана шу мерос ва қадриятларни кўз қорачиғидай қўриқлашга ҳар жиҳатдан ҳақлидир! “Зар қадрини заргар билади”, деганларидек, ислом цивилизациясининг бешикларидан бири саналмиш Ўзбекис­тон мазкур мерос ва қадриятларнинг асл қимматини ва қудратини бошқалардан кўра яхшироқ билади! Шунинг учун ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг«Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи, унинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат бўлиши, мазкур ҳужжат бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган бўлиши, ҳақидаги оқилона ва амалий таклиф айнан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилганлиги асосли ва табиийдир.

Террорчиликка келсак, агар чиндан ҳам уни йўқотиш илинжи бўлса, Ўзбекистон раҳбари таклиф этган йўлдан ўзга самаралиси йўқ: унинг оқибатлари билан эмас, асосий сабаблари билан курашиш керак. Сабаблар ҳам ҳам кўрсатиб берилди: хусусан, жаҳолат, муросасизлик ва зўравонлик. Улардан қутилиш чоралари ҳам кўрсатиб берилди: ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш. Бунинг учун қуруқ таъкид ва баландпарвоз даъватлар эмас, ер юзидаги 7,6 миллиард аҳолининг 2 миллиардини ташкил этувчи ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш лозим. Яъни дунё ҳамжамияти бу борада ўз стратегияси ва ҳаракатлар дастурига эга бўлиши керак!

Миллий етакчимиз ўз нутқиини “Биз барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз. Биз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти айнан шунда мужассам, деб биламиз” урғуси билан якунлаганида ҳам ҳикмат бор. Бу ҳикмат қулфи нутқнинг бошланишидаёқ эълон қилинган, «Биз аждодларимизнинг донишманд­лик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳатларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қи¸фасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз» калити билан очилади. Яъни ҳар қандай мақсад, ҳаракат, тадбир ўзбегим манфаати билан бошланади ва тугалланади.

Миллат ва давлатни юксалтирувчи омил аслида ҳам донишмандлик эмасми?!

 Азамат Зиё, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Parliament.gov.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *