Шогирд – болангдан азиз
Ўз қадрини билмаган инсон ўзгаларнинг ҳам қадрига етмайди…
Баъзилар эса ўзини шунчалик яхши кўрадики, ўзгаларни ўзича писандга илмайди… Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қадрлаш энг олижаноб инсонларга хос фазилатдир.
***
Ҳеч ким ҳеч кимни хафа қилмайдиган бўлиб қолса ҳаёт қандоқ давом этаркин?
***
Жамиятда ҳам, оилада ҳам ёруғ юз билан яшашдан лаззатлироқ бахт бўлмаса керак….
***
Жанжал билан бирор ишингни битира олмайсан! Айниқса, мудир деган зот ходимини хўрлаши ё зимдан чоҳ қазиши билан бирор яхши натижага эриша олмайди, билъакс, ўзи ерпарчин бўлиб кетиши ҳеч гапмас! Жаҳолат ботқоғидан фақат меҳр-оқибат, яхши муносабатларгина қутқара олади!!!
***
Устоз отангдан улуғ, деган мақолга муносиб бўлиш учун мураббий ҳам шогирдларини боласидан азиз деб билмоғи, шунга яраша муносабатда бўлмоғи лозим. Талабасига фарзандидан ортиқ меҳр қўя олмаган мураббий том маънодаги УСТОЗлик мартабасига эриша олмайди! (Демак, ҳар бир мураббий ўша буюк мақолга қай даражада лойиқ ё аксинча эканлигини ўйлаб кўрмоғи жоиз. Токи, талабалар мақолга шубҳа билан қарашга мажбур бўлмасинлар…)
***
Мен ростгўй деб билган бир киши шундай деди: “Ёлғон гапирма, деб аввал тарбия, кейин кўп танбеҳ беришган. Гапнинг рости, тилим чиққанидан бери шу пайтгача айтган гапларимнинг 60 фоиздан ошиғи ёлғон! Кўпроқ рост гапирганимда нима бўларди? Шак-шубҳасиз кўп одамнинг юраги ишдан чиқарди. Рост гап миқдорини яна оширсам ўзимга жавр қилардим. Яна ошса, асфаласофилинга жўнатишарди. Рост гап билан на ишхонангга, на ўз оилангга, на бошқа жойга сиғасан. Қаранг, шугина рост гапим учун сиз ҳам мени қанчалик ёмон кўряпсиз-а?”
Худди тўғри гапнинг тўқмоғидан талқон бўлгандек гапиради-я…
***
Ёшликдаги кўп фазилатлар қирқдан ошгандан сўнг қусурга айланар экан. Ёшликда шўх бўлганлар энди қуюлмаса – “суюқ” номини олади, ўта камгаплар сал очилиброқ юрмаса – “писмиқ”қа чиқиб қолади…
Баъзи қушлар, жониворлар пайти келиб рангини, тусини ўзгартириши бежиз эмаскан.
***
Ўзгаларни қадрлайман, деб ўз қадрингни йўқотиб қўйма…
Дониш Домланинг дил сўзларни оққа кўчирувчи
Тўлқин ЭШБЕК
Hammaga birdek yoqib bo’lmaydi, asosiysi hayotda o’z pozitsiyangga ega bo’l!
Donish domla sizning fikrlaringiz ajoyib. Ularni o’qigan odam beixtiyor mushohada qilishga urinadi. Har kim hayotda zavq bilan yashashi uchun avvalo o’z qadrini bilishi kerak shundagina boshqalarni ham qadrlay oladi. Zero, qadr topgan inson bu hayotda nima uchun yashayotganini biladi.
«Ўзгаларни қадрлайман, деб ўз қадрингни йўқотиб қўйма…» Eng to’g’ri fikr!