Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай…
НАбулҳасаннинг қуйидаги пурмаъно мақоласи сизни илмга ошно этади, дейди Дониш домла.
Юртимиз қадимдан илму маърифат маркази, тамаддун чорраҳаси бўлиб келган. Ушбу табаррук заминдан дунёга илму ирфон зиёсини таратган буюк алломалар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар илм-фаннинг кўплаб жабҳаларига асос солиб, жаҳон тамаддунининг шонли маёғи бўлиб келган. Албатта, бунга аждодларимиз муқаддас динимизнинг илм эгаллашга доир кўрсатмаларини ҳаёти шиорига айлантиргани сабаб бўлган. Бобокалонларимиз илмни дунёвий ва динийга ажратмаган. Икки дунё саодатини диний ва дунёвий илмларнинг уйғунлигида билган. Аслида, инсоният илмининг тарихи ҳам шуни исботлайди. Қачонки, мусулмонлар диний ва дунёвий илмни баробар эгаллаганида халқларнинг энг пешқадами бўлган. Шунинг учун ҳам исломнинг илмга доир тарихини ўрганган инсон унинг зарварақларида барча жабҳаларда ўз даврининг дурдонаси бўлган қомусий олимларнинг муборак номларини топади.
Қуръони каримда ҳам илм олиш ва уни тарқатишга оид кўп кўрсатмалар учрайди. Ушбу буюк каломнинг илк нозил бўлган ояти ҳам айнан илм олишга тарғиб – “Ўқи!” чақириғи билан бошланган. Қуръони каримда “илм” сўзи турли шаклларда 768 маротаба ишлатилганининг ўзидан ҳам динимизда илмнинг ўрни беқиёс эканини англаш мумкин.
Шунинг учун ҳам илмнинг дунё-ю охиратдаги фазлини англаган, 600 минг ҳадисни санади билан ёддан билган, шулардан фақатгина 7 мингдан ортиқроқ энг ишончлисини ўз китобида келтирган буюк муҳаддис, ҳадис илмининг чироғи Имом Бухорий ҳазратлари “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам”, деган хулосага келганлар.
Динимиз илмни инсоннинг икки дунёсини обод қилиш учун восита қилди. Ҳадиси шарифларда охиратини, деб дунёсини, дунёси учун охиратини ташлаб қўймаган инсон Аллоҳга энг суюкли банда сифатида тараннум этилади. Муқаддас ислом динимизнинг амри ҳам шу. Буни биз Имом Бухорий ўз саҳиҳларида ривоят қилган: “Илмни агарчи у Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар” ҳадисидан билиб олишимиз мумкин.
Илк ислом даврида Хитойда диний билимлар эмас, балки инсон ҳаёти фаровонлигига сабаб бўлувчи дунёвий фанлар ривожланганини эътиборга оладиган бўлсак, динимизда илм, деганда фақат шаръий илмлар кўзда тутилмаслиги яққол англашилади.
Аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганар эканмиз, уларда ёш авлодга диний илмлар билан бирга, ўзлари учун зарур бўлган замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиб бориш ҳам ўта муҳим экани таъкидланади. Токи, улар ўз замонасидан ортда қолмасинлар. Ўз даври ютуқларидан ортда қолган халқ, албатта, қолоқликка маҳкум. Буни биз мусулмон давлатлари бошига келган мустамлакачилик, қашшоқлик ва жоҳиллик офатларидан ҳам билиб олсак бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “илмнинг эшиги” дея таърифланган Ҳазрат Али (к.в.) бежиз: “Фарзандларингизга ўзингиз яшаб турган замоннинг эмас, улар яшайдиган замонга муносиб илмни беринг. Зеро, улар сизлардан кейинги даврда яшайдилар”, демаганлар.
Бироқ бугунга келиб, ҳолатлар ўзгарди. Мусулмонлар илмни бир-биридан айро икки йўл қилиб олди. Натижада мусулмон уммати ичида дунё тараққиётига мутлақо бегона жоҳил мутаассиблар ҳамда бутун эътиборини фақат моддиятга қаратган, дин ва ахлоқ каби тушунчалардан узоқ бўлган, маънавий жиҳатдан тубан тоифалар пайдо бўлди.
Инсониятга табобат сирларини очиб берган Ибн Синони кофир, зиндиқ, деб туҳмат қилган, замонавий астрономияга асос солган Улуғбекни сеҳр-жодуда айблаганлар ҳам илмдан бебаҳра, бурнининг пастидан нарисини кўра олмайдиган калтабин, мутаассиб ва жоҳиллар эди.
Бунинг оқибатида эса мусулмон халқлари орасида ўзаро ихтилоф, низо ва можаролар авж олди. Сийратга эмас, суратга берилган юзакилик тарафдорлари кўпайди. Қалб поклиги, ахлоқ, илмни биринчи ўринга қўядиганлар тақчиллашиб, инсонни кийимига қараб яхши-ёмонга ажратадиган “алломалар” тўлиб-тошди. Бу аянчли ҳолатдан усталик билан фойдаланган турли кучлар эса аслида ҳар соҳада дунёнинг пешқадами бўлиши лозим бўлган мусулмонларни ўз манфаатига етиш йўлидаги қурол ўлароқ, ҳар кўйга солдилар.
Афсуски, бу каби иллатларнинг бир учи бизнинг диёримизга ҳам ўз соясини солди. Зеро, мустақилликнинг илк йилларида оз бўлса-да, бизнинг заминимиздан ҳам ўз Ватани, ота-онаси, халқини кофирга чиқариб, ер юзида қатл ва фасод ёйилишидан бошқа ишга “ҳисса” қўшмаётган, шу жирканч ҳолатини “жиҳод”, “шаҳидлик” каби олий тушунчалар билан хаспўшлашга уринаётган жоҳиллар чиққани рост.
Бироқ, заминимизнинг ҳамиша ўз эгалари, илмни ҳаётининг мазмунига айлантирган раҳнамолари бўлган. Давлатимиз раҳбари бошчилигида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ёшларимизни ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга комил авлод этиб тарбиялаш жамиятимиз ҳаётининг бош мезонига айланди.
Бугун юртимизда илмга эътибор юқори чўққига чиқди. Бу борада муҳим фармонлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 21 сентябрдаги “2019-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ҳам юртимизда таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, фармонда илмий тадқиқот ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишга ҳам алоҳида урғу берилган.
Шубҳасиз, юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, илм-фан ва замонавий технологияларни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор эртанги келажагимиз учун пойдевор вазифасини ўтайди. Айниқса, Президентимизнинг илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш экани ҳамда бу соҳага эътибор бериш доимо долзарб вазифа бўлиб қолиши ҳақидаги фикрлари таҳсинга сазовордир.
Юртимизда илм-фанга берилаётган эътибор яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз. Чунки тарихнинг қайсидир босқичида бирор-бир цивилизация ўз замонасининг энг илғори бўлган бўлса, бунга фақат ва фақат илм-фан борасида илғорлиги эвазига эришган. Аксинча, қайсидир тамаддун ўз нуфузини йўқотиб, оқибатда бошқаларга муте бўлиб, инқирозга юз тутган бўлса, у ҳам ўша жамиятда илдиз отган жаҳолат оқибатида шундай аҳволга тушган. Шундай экан, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, буюк зафарлар сари отланган халқимиз орасида фитна чиқаришга уринаётган ғаламисларнинг найрангларига учмаган ҳолда ёшларимизни ҳар томонлама етук, маънавиятли, замонавий илмларда пешқадам қилиб вояга етказиш шу юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Умид қиламизки, тарихда бутун дунёга устозлик қилган диёримиз тез орада яна шундай олий мартабани қўлга киритади.
http://uza.uz/oz/society/dunyeda-ilmdan-bosh-a-nazhot-y-va-b-lmagay—10-10-2018
Сўнгги фикрлар