Дунёнинг кўзи бизда

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол МИРЗО билан ижодий учрашувлар

ЎзМУ талабаларида ҳамиша катта қизиқиш уйғотади. Истеъдодли ижодкорнинг мазкур мақоласи бўлғуси журналистлар учун ўзига хос амалиёт ва маҳорат сабоғидир, дейди Дониш домла.

икбол3 икбол икбол2

Бугун оммавий ахборот воситаларида энг кўп тилга олинаётган мавзу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқидир. Шижоатли, ташаббускор, буюк ислоҳотчи бўлган давлат раҳбарининг фикрларини бутун дунё сиёсатчилари катта қизиқиш билан эшитди. Кеча Россия телеканалларини кузатдим. “ОРТ” дан тортиб “Россия24”гача жуда кўплаб телеканаллар Юртбошимизнинг нутқини батафсил ёритди.
Президентимиз ўз маърузасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва адолат принципларини таъминлаш, иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, эркин конвертация тизимига тўлиқ ўтиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб бораётгани ва бу соҳада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканига урғу берди. Давлатимиз раҳбари ён қўшнимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига атрофлича тўхталиб: “Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади”, дея таъкидлади.
Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор бериб келиняпти. Яқинда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фикримизнинг далилидир. Иттифоқ ўз фаолияти давомида сезиларли ютуқларга эришяпти. Ёшларни бирлаштирадиган, уларга чин маънода суянч бўладиган, қўллаб-қувватлайдиган ушбу ташкилот ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда катта кучга айланиши шубҳасиз. Президентимиз мамлакатимиз ёшлари ҳаётида жиддий ўзгаришларни бошлаб берган ислоҳотларни жаҳон миқёсида татбиқ этишни – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугун дунёда ёшлар 2 миллиардни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир жаҳонда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади.
Ота-боболаримиз, улуғларимиз “Нажот – илмда” деган ҳикматга амал қилиб келган. Бу ҳикматнинг аҳамияти бугун юксалса юксалдики, асло тушгани йўқ. Аждодларимиз дунёвий илмларда ҳам, диний илмларда ҳам етакчи бўлиб келган. Бугун замонавий дунё эришган баланд марраларнинг замирида илм ётади. Маънавий баркамоллик, комил ахлоқ замирида ҳам илм ётади. Давлатимиз раҳбари муқаддас Ислом динимиз эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини таъкидларкан, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Бу ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни бош мақсад қилади.
Мен Ўзбекистоннинг бир оддий фуқароси сифатида Президентим билан фахрланаман. Юртбошимизнинг чуқур таҳлил, асосли ғоя ва таклифларга бой маърузаси дунё минбаридан янграганини кўриб, беҳад ғурурга тўлдим.
Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу учрашувларда кўплаб манфаатли келишувларга эришилди.
Қувонарли воқеалардан яна бири БМТ биносида Регистон майдонининг макети ўрнатилгани бўлди. Бетакрор юртимиз қадимдан илм-фан, маданият, савдо, меъморлик ва ҳунармандлик маркази бўлиб келган. Регистон эса кўҳна ва навқирон Самарқанднинг юраги, маданият ва маърифатнинг рамзидир. Бу майдоннинг гир айланасида жойлашган мадрасаларда ўз замонида энг замонавий илмлар ўргатилган. Марказий Осиё ва Шарқнинг жуда кўп алломалари, адиблари, олиму фозиллари айнан шу ерда таълим олган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилган ушбу макет Ўзбекистон тинчлик-осойишталик, илм-маърифат ва тараққиёт тарғиботчиси эканини таъкидлаб тургандек.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар бутун дунёнинг эътиборида. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида нутқ сўзлаганидан сўнг бу эътибор янада кучайди. Катта минбардан билдирилган катта таклифлар, фикрлар Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига масъулият юклайди.

Иқбол МИРЗО
Ўзбекистон халқ шоири,
сенатор

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *