Дунёнинг муаммосидан четга чиқайлик!
Аслида яхши мақсадда айтиладиган гаплардан бири — «четга чиқма» деб қўйишади.
Бу аввало ота-онанг ва устозларинг тарбиясидан, яхши йўлдан адашма, хатарли йўлларга кириб қолма, деган маънода айтилади. Баъзан тинч-осуда ҳаётимизга рахна соладиган муаммолар чиқиб қолса, «ҳа энди, бу бутун дунёда бор бўлган муаммо» деб ўзини ва бошқаларни ҳам юпатадиганлар кам эмас. Умид билан келганларнинг чўнтагини шилиб олмасдан ишини битирмайдиган бир юлғич порахўр нима дейди денг: «Энг ривожланган давлатларда ҳам коррупция урчиб ётибди, демак, бу ҳаётий, одатий ҳолга айланган. Ўзбекистонда уни таг-туби билан йўқотамиз, деганлар адашади…» Бу, билганимдан қолмайман, дегани. Бир ҳисобда у ҳақдек кўринади. Порахўрликка қарши ҳарқанча муросасиз курашмайлик, барибир, коррупция балоси урчиб кетаётганидан кўз юма олмаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этган қуйидаги фикрларига эътибор беринг:
«Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир.
Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.
Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт».
Беихтиёр ўйланиб қоласан киши, агар ўша коррупция ботқоғига ботгани боис мана шундай оғир жиноятни содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган 1 минг 177 нафар мансабдор шахс бир кун қутулиб келиб, яна масъул лавозимларга ўтириб қолса, тинч юришига, порахўрлик қилмаслигига ишонса бўладими? Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, «Дайди» фильмидаги Ражга ўхшаб янаям устамонлик билан соддадил одамларимизни шилишда давом этмасмикин?
Қуйидаги мақолани ўқисангиз, бу бало чиндан ҳам бутун дунёда урчиб кетгани ва 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида қабул қилингани борасида кўп маълумотларга эга бўласиз.
Энг муҳими, юртимиз бунақа дунёнинг муаммосидан четга чиқадиган, тоза ва озода, покиза яшайдиган паллага етиб келди, дейди Дониш домла умид билан.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни
Коррупция билан боғлиқ муаммо Европада ҳам сақланиб қолмоқда. Бу мавзу давлат ва ҳукумат раҳбарлари, полиция ва журналистларнинг доимий эътиборида. Таҳлилчиларнинг фикрича, “кўҳна қитьа” даги коррупция ҳар йили Европа иқтисодиётига 120 миллиард евро миқдорида зарар етказади.
Бироқ, Европа Иттифоқининг аксилкоррупция агентлиги – OLAFнинг таъкидлашича, бу атиги айсбергнинг юқори қисми холос. Аслида Европа мамлакатлари коррупция туфайли йилига 323 миллиард евродан маҳрум бўлади. Кузатувчиларнинг фикрича, коррупциянинг ҳақиқий қамровини баҳолашнинг имконияти йўқ. ЕИ мамлакатлари аҳолиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, респондентларнинг 76 фоизи коррупция ўсиб бораётганини қайд қилган.
Европада энг коррупциялашган мамлакат Греция экани айтилади. Ундан кейинги ўринларда Италия , Испания, Литва, Чехия давлатлари турар экан. Европада коррупцияга қарши курашишга ўнлаб ташкилотлар жалб қилинган.
Жаҳоннинг турли давлатларида коррупцияни бартараф этиш йўлида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Шу ўринда шарҳловчилар бир овоздан Сингапур тажрибасини тез-тез тилга олади. Бу давлат чорак аср мобайнида учинчи дунё мамлакатидан гуллаб-яшнаган фаровон мамлакатга эришди. Бу мақомга эришишида коррупцияга қарши кескин курашиш бош омил бўлди. Ўтган асрнинг 50-йилларида Сингапур жуда ҳам қашшоқ эди. Табиий ресурсларнинг етишмаслиги, ҳатто ичимлик сувининг четдан олиб келиниши давлат идораларида илдиз отган коррупция олдида арзимаган иш бўлиб кўринарди. Ҳамма, ҳатто ўқитувчилар ҳам пора оларди. Аммо Сингапур ҳукумати коррупция устидан ғалаба қозонди. Бунда биринчи навбатда мамлакат раҳбариятининг қатьий иродаси муҳим аҳамият касб этди. Бош вазир Ли Куан Ю коррупцияга барҳам беришда ўз қариндошлари ва ҳукуматдаги маслакдошларини ҳам аяб ўтирмади. Ҳар бир фуқаронинг шубҳали хатти-ҳаракатлари текширилди, айбдорларга муносиб жазо берилди.
Иккинчидан коррупцияга қарши курашишга қаратилган янги қонунлар қабул қилинди. Учинчидан, бу қонунларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалда чекланмаган ваколатларга эга бўлган – Коррупция ҳолатларини текшириш бюроси ташкил этилди. Бюро бевосита давлат раҳбарига бўйсинарди, бу ўз навбатида ҳар бир давлат амалдорига нисбатан адолатли тергов олиб борилишини таъминлади.
Шу ўринда Руминия тажрибасини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Бу мамлакат 2007 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кирди. Шуни айтиш керакки, Руминия Европа Иттифоқига киришидан аввал ва кирганидан кейин ҳам мамлакатда коррупция илдиз отган эди. Унга қарши курашиш шунчаки, кўргазмали бўлиб, бирор бир натижа бермасди. Вазиятни кузатиб борган Еврокомиссия бу иллатга қарши курашишга аралашишга аҳд қилди. Унинг экспертлари 2011 йилда Руминия учун аксилкоррупция стратегиясини ишлаб чиқди, бу лойиҳа ўз самарасини берди. Мамлакатда коррупцияга қарши курашиш иккита идорага – Миллий аксилкоррупция бошқармаси ва Миллий яхшилик масалалари агентлигига топширилди. Бу икки идора 2013 йилда мингдан ортиқ ишни судга топширди. Порахўрликда гумон қилиниб ўнлаб вазирлар, элчилар, мэрлар, полиция ва божхона ходимлари қўлга олинди. Бу мамлакатда коррупцияга қарши курашишнинг самарали бўлишига Европа Иттифоқи ва маҳаллий сиёсатчи, суд ва ОАВнинг биргаликда қилган ҳаракатлари сабаб бўлди. Амалиёт шуни кўрсатдики, тўғри стратегия бўлмас экан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш самара бермас экан.
Узоқ йиллардан бери Швеция коррупциялашган давлатлар рўйхатига кирмайди. Шуни таъкидлаш керакки, 19 асрга аввалбошда лотинчада акс этган маънодан бошқача янграйди.
Transparency International, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар коррупция деганда ҳукумат амалдорлари ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суистеъмол қилганлигини тушунади.
Сўнгги фикрлар