Дунё узра жаранглаётган тил

1989 йил 21 октябрь юртимиз тарихи зарварақларига – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун сифатида зарҳал ҳарф ила битилган.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Дунё узра жаранглаётган тил” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

т2 т1

т3

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда университет маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Алишер Ашуров, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек, шоира Озода Бекмуродова ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни мазмун-моҳияти, унинг жамиятимиз тараққиёти тутган ўрни, она тилимиз жилолари ҳақида сўз юритдилар.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлаганидек, ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. “Бу ҳақда гапирганда, мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтгани ёдимизга тушади,– деб ёзади ушбу китоб муаллифи.– Ўшанда айрим сиёсий гуруҳлар Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган эди. Нега деганда, тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин”. Ўша қалтис ва мураккаб вазиятда озгина эҳтиросга берилиш, ҳушёрликни йўқотиш қанчалик мудҳиш фожеаларга олиб келиши ҳеч гап эмасди. “Марказда ва ўзимизда қулай баҳона кутиб, пайт пойлаб турган империяпараст кучларга айнан шу керак эди,– деб таъкидланган мазкур китобда.– Аммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик”. Бу мураккаб давр тарихини, бугунги дориломон кунларга қанчалик машаққатлар эвазига эришганимизни талаба-ёшларимиз теран англаб етишлари лозим.

Устоз Тўлқин Эшбек маърузасида қайд этганидек, интеллектуал салоҳияти юксак ёшларимиз ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч кимдан бўлмаслигини амалда исботлаётир. Интернет тизими бутун дунёни ягона ахборот маконига айлантирган бугунги кунда виртуал оламда ўзбек ёшларининг овози нафақат ўз она тилида, шу билан бир қаторда рус, инглиз, испан, немис, француз, хитой, япон, корейс, араб, форс ва бошқа дунёвий тилларда ҳам баралла жаранглаши мақсадга мувофиқдир. Ёшларимиз ана шу тилларни мукаммал эгаллаётганлари эртанги кунга янада кўпроқ умид уйғотади. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунда интернет тизимида салмоқли ўрин тутаётган миллий сайтларимизда ўзбек тилида ранг-баранг мавзуларда мақолалар, бадиий асарлар ёритилмоқда. Она тилимизда битилган мақолалар дунё ахборот маконида кенг қулоч ёйишида лотин алифбосига асосланган ёзувимиз ҳам муҳим ўрин тутаётир. Бугунги кунда бу ёзувда бемалол қалам тебратаётган муаллифлар сони тобора ортиб бораётгани ҳам ўзига хос ютуғимиз эканлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Тил байрамига бағишланган маърифий тадбир талабаларни янада маънан камол топишларида ўзига хос ижод ва маҳорат мактаби ҳам бўлганини эътироф этсак арзийди. Тадбирда истеъдодли талабаларнинг “Дунё узра жаранглаётган тил” деб номланган кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

 

Барно Тўхтаназарова,

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Маънавият ва маърифат бўлими методисти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *