Дўстларим меҳридан яшнагай кўнгил
Ҳолингдан кимдир хабар олиб, меҳр улашса хасталигинг ҳам унут бўлиб кетар экан.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Икром Бўрибоев, Ёзувчилар уюшмаси масъул ходимлари Нодир Жонузоқ, Абдурауф Эшимқулов ва Шерзод Ирзоев мени йўқлаб хонадонимга келдилар.
Улар улуғ Устозимиз Хайриддин Султоновнинг саломини олиб келдик, деганларида, очиғи, қувонганимдан ёш боладек кўзёшларимни тия олмадим…
1980 йили талаба бўлган кезларимиз шу Журналистика факультетида Хайриддин Султонов ва Сирожиддин Саййиддек истеъдодли адиб-шоирлар таҳсил олганидан ғурурланардик. Шу Устозларга ҳавас қилиб улғайдик.
Биздан кейинроқ Журфакда таҳсил олган Икром Бўрибоев ҳам газеталарда самарали фаолият кўрсатган, Икром Искандар тахаллуси билан ёзган ажойиб шеърларини севиб мутолаа қиламиз.
Шоир дўстимиз Нодир Жонузоқнинг баъзи шеърларини ўзига ёддан айтиб бериб, ўзим ҳузур қилардим.
Ёзувчилар уюшмасига қачон борсам, касаба уюшмамиз раиси Абдурауф Эшимқулов ва “Ижод” фонди ижрочи директори Шерзод Ирзоев ўзгача меҳру илтифот ила кутиб олишади.
Меҳридарё инсонлар меҳнат жамоасини – бир оилага қиёлашади. Ижодий уюшмамиз ҳам худди шундай катта бир оила, дегим келади. Бу масканда узоқ йиллик қадрдонлик ришталари барчамизни ака-ука, опа-сингилдек қилиб қўйгани баайни ҳақиқат.
Хуллас, меҳрга кон Устозлару қадрдонларимнинг меҳр зиёсидан яшнаб кетдим. Бу ажиб зиё ёғдусида дарду хасталиклар ҳам барҳам топиб кетди гўё.
Шу лаҳзаларда атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг бетакрор сатрлари қулоқларим остида бот-бот жаранглаётгандек туюлаверди:
Инсон билан тирикдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамларга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.
Меҳр қуёшингиз абадий бўлсин, азизларим!
Тўлқин Эшбек
Сўнгги фикрлар