“Жавоб” (Ҳажвия)
Учқун Бўронович кўчага отланган маҳал хотини зорланди:
– Кун бўйи сўрайвериб одамни хуноб қилиб юборишади. Жилла қуриса, қўлидаги рақамини айтинг, деб қисташгани қисташган… Энди қўл телефони олмасангиз бўлмайди чоғи…
– Кейин нима бўлишини биласанми?– Зардалироқ оҳангда чиқди эрининг овози.– Бўлар-бўлмасга чақиравериб, бемалол ишлашга қўйишмайди. Икки-уч жойда ишлашдан ташқари қанча таҳририят билан “Меҳнат шартномаси” тузиб қўйганимни биласан-ку…
– Хўп, бугун сўраганларга нима дейин?
– Факультетдан сўрасалар, бошқармадан чақириб қолишди, дегин, хўпми?
Хотини, тўхтанг, дея ичкаридан дафтар билан қалам олиб чиқди-да бош ирғади:
– Ёзиб қўймасам, адашиб кетяпман. Хўш, бошқармадан сўраб қолишса?
– Вазирликдаман.
– Вазирликдан сўрашса?
– Халқаро анжуманга таклиф қилишганди, де.
– Бу ердан ҳам топа олмаяпмиз, деб қолишса-чи?
– Таҳририятдаман.
– Қайси бирида?
– Журналлар жойлашган соатли бинода.
– Бу ерда йўқ экан, дейишса?
– Газеталар корпусида, де.
– Бу ёқларни ҳам қараб чиқдик, дейишса-чи?
– Китоб нашриётидаман.
– Нашриётдан ҳам тополмадик, дейишса?
– Ижодий уюшмадаман.
– Уюшмадан сўрашса?
– Миллий матбуот марказида.
– Марказда ҳам қораси кўринмаяпти, дейишса?
– Интернет-клубида.
– Интернет орқали ҳам тополмаяпмиз, дейишса-чи?
– Ахборот хизматидаман.
– У ердан ҳар куни камида тўрт-беш марта сўрашади,– деди хотинининг қути учиб.– Бугун нима дейин?
– Тоби қочиб қолди, шифохонага кетди, де.– Сўнгги гапни айтганда Учқун Бўронович ўзига-ўзи ғўлдираб қўйди– Худо кўрсатмасин…
– Қайси шифохонада эканини айтинг, кўргани борамиз, дейишса?
– Дўхтирлар тузата олмаганди, ноилож табибга кетган, деявер.
– Табиб оғайнингиз сўраб қолса-чи?– Афти бужмайди ожизанинг.– У ҳам сўрагани сўраган…
– Ўзи сизга қўнғироқ қилар экан, де.– Учқун Бўронович ўзининг гапига ўзи кулиб қўйди.– Ҳаёт деганлари театр саҳнасининг ўзгинаси. Қара, ҳозирги ҳолатим худди Эргаш Каримовнинг интермедиясига ўхшаб кетяпти-я! Унга ўртоқлари “сен билан кеча кутубхонада эдик”, “иккимиз фалончини кўргани боргандик” деган қабилда ҳадеб тўқиб-бичавергач, ахийри у “мен бу ерда ҳам йўқман!” деб қичқириб юборади, ҳи-ҳи…
Ожиза эрига қўшилиб кулмади. Аксинча, рангги-қути ўчганча дилидагини тилига чиқарди:
– Хўп, қаерга боришингизни лоақал ўзим билсам бўладими?
– Мутлақо!
– Нега?– Қошлари чимирилди уй бекасининг.– Мендан нега яширасиз?
– Гаплашганда оғзингдан лоп этиб чиқиб кетишидан қўрқаман,– деганча ўзи лип этиб остонага чиққан уддабурон эрининг қолган гаплари “шеърий” усулда бўлди:
Мен оқимга қараб оқсам бўлдими!
Болажонларга ҳам ёқсам бўлдими!
Бўйнингга маржонлар тақсам бўлдими!
Ҳеч кимдан кам қилмай боқсам бўлдими!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
У шунақа қофиясини келтириб яна бирор сатр айтганча учқундек учиб кетди…
Сочига қиров қўниб ҳам қуюлмаган эрининг сўнгги сатрларидан хотини дув қизарди. Болалар эшитиб қолмадимикин, деган хавотирда атрофига олазарак қараб қўйди. Сўнг, бугунги жавоблар рўйхатига қайта-қайта кўз югуртираркан, ўша қўнғироқ қиладиганларнинг ҳолини ўзича тасаввур қилганча қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
Тўлқин ЭШБЕК
“JAVOB” (Hajviya)
Uchqun Bo`ronovich ko`chaga otlangan mahal xotini zorlandi:
– Kun bo`yi so`rayverib odamni xunob qilib yuborishadi. Jilla qurisa, qo`lidagi raqamini ayting, deb qistashgani qistashgan… Endi qo`l telefoni olmasangiz bo`lmaydi chog`i…
– Keyin nima bo`lishini bilasanmi?– Zardaliroq ohangda chiqdi erining ovozi.– Bo`lar-bo`lmasga chaqiraverib, bemalol ishlashga qo`yishmaydi. Ikki-uch joyda ishlashdan tashqari qancha tahririyat bilan “Mehnat shartnomasi” tuzib qo`yganimni bilasan-ku…
– Xo`p, bugun so`raganlarga nima deyin?
– Fakultetdan so`rasalar, boshqarmadan chaqirib qolishdi, degin, xo`pmi?
Xotini, to`xtang, deya ichkaridan daftar bilan qalam olib chiqdi-da bosh irg`adi:
– Yozib qo`ymasam, adashib ketyapman. Xo`sh, boshqarmadan so`rab qolishsa?
– Vazirlikdaman.
– Vazirlikdan so`rashsa?
– Xalqaro anjumanga taklif qilishgandi, de.
– Bu yerdan ham topa olmayapmiz, deb qolishsa-chi?
– Tahririyatdaman.
– Qaysi birida?
– Jurnallar joylashgan soatli binoda.
– Bu yerda yo`q ekan, deyishsa?
– Gazetalar korpusida, de.
– Bu yoqlarni ham qarab chiqdik, deyishsa-chi?
– Kitob nashriyotidaman.
– Nashriyotdan ham topolmadik, deyishsa?
– Ijodiy uyushmadaman.
– Uyushmadan so`rashsa?
– Milliy matbuot markazida.
– Markazda ham qorasi ko`rinmayapti, deyishsa?
– Internet-klubida.
– Internet orqali ham topolmayapmiz, deyishsa-chi?
– Axborot xizmatidaman.
– U yerdan har kuni kamida to`rt-besh marta so`rashadi,– dedi xotinining quti uchib.– Bugun nima deyin?
– Tobi qochib qoldi, shifoxonaga ketdi, de.– So`nggi gapni aytganda Uchqun Bo`ronovich o`ziga-o`zi g`o`ldirab qo`ydi– Xudo ko`rsatmasin…
– Qaysi shifoxonada ekanini ayting, ko`rgani boramiz, deyishsa?
– Do`xtirlar tuzata olmagandi, noiloj tabibga ketgan, deyaver.
– Tabib og`ayningiz so`rab qolsa-chi?– Afti bujmaydi ojizaning.– U ham so`ragani so`ragan…
– O`zi sizga qo`ng`iroq qilar ekan, de.– Uchqun Bo`ronovich o`zining gapiga o`zi kulib qo`ydi.– Hayot deganlari teatr sahnasining o`zginasi. Qara, hozirgi holatim xuddi Ergash Karimovning intermediyasiga o`xshab ketyapti-ya! Unga o`rtoqlari “sen bilan kecha kutubxonada edik”, “ikkimiz falonchini ko`rgani borgandik” degan qabilda hadeb to`qib-bichavergach, axiyri u “men bu erda ham yo`qman!” deb qichqirib yuboradi, hi-hi…
Ojiza eriga qo`shilib kulmadi. Aksincha, ranggi-quti o`chgancha dilidagini tiliga chiqardi:
– Xo`p, qaerga borishingizni loaqal o`zim bilsam bo`ladimi?
– Mutlaqo!
– Nega?– Qoshlari chimirildi uy bekasining.– Mendan nega yashirasiz?
– Gaplashganda og`zingdan lop etib chiqib ketishidan qo`rqaman,– degancha o`zi lip etib ostonaga chiqqan uddaburon erining qolgan gaplari “she’riy” usulda bo`ldi:
Men oqimga qarab oqsam bo`ldimi!
Bolajonlarga ham yoqsam bo`ldimi!
Bo`yningga marjonlar taqsam bo`ldimi!
Hech kimdan kam qilmay boqsam bo`ldimi!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
U shunaqa qofiyasini keltirib yana biror satr aytgancha uchqundek uchib ketdi…
Sochiga qirov qo`nib ham quyulmagan erining so`nggi satrlaridan xotini duv qizardi. Bolalar eshitib qolmadimikin, degan xavotirda atrofiga olazarak qarab qo`ydi. So`ng, bugungi javoblar ro`yxatiga qayta-qayta ko`z yugurtirarkan, o`sha qo`ng`iroq qiladiganlarning holini o`zicha tasavvur qilgancha qah-qah otib kulib yubordi.
To`lqin ESHBEK
Тўлқин Эшбек жуда хам яхши хажвия ёзибдилар. ўқиб кулдим. яна бўлса яхшт кайфият билан ишлайман. Рахмат сизга
Дониш домланинг ҳар кунлик иш тартибини эслатиб юборди, бу ҳажвия!
Hajviya qahramoninig qayerda bo`lishi meni ham qiziqtirib qo`ydi.
У қаерларда бўлишини ўзи ҳам билмайди ёки борадиган жойи шунчалик кўпки, қай бирига қачон бориши ўзига боғлиқ бўлмай қолади… Ҳозирги пайтда бунақалар кам эмас… Учқун Бўронович атай қўл телефони тутмаса, бошқаларга қўнғироқ қилсангиз, «Бу телефон билан боғланиб бўлмайди», «…ҳозир сизга жавоб бера олмайди» қабилидаги (телефон эгаси каби) бетайин жавобларни эшитиб хуноб бўласиз.