Жамиятимиз маънавияти — ҳаётимиз мазмунига айланаверади
Мамлакатимиз ҳаётида тарихий бир воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбари бир фикрни айтдилар. Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир. Чунки маънавий асосларсиз, маънавий негизларсиз, маънавий қадриятларсиз маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди. Агар биз боболаримиз яратган иккита Ренессанснинг асосига назар ташлайдиган бўлсак, иккаласида ҳам ўша иқтисодий ривожланиш билан руҳий ривожланиш уйғунлигини кўрамиз.
Давлатимиз раҳбари бугун бизга янги тизимни кўрсатиб берди.
Бу қандай бўлади, бу қандай ишлайди ва бу ишларни қандай ташкил қиламиз, унинг молиявий жиҳатлари, молиявий асослари қандай бўлади?
Республика маънавият ва маърифат маркази фаолиятини тубдан танқидий, таҳлилий кўриб чиққан ҳолда уни такомиллаштириб, мамлакатимизда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг ижро, мувофиқлаштириш, устувор йўналишларини белгилаш борасида бош муассаса сифатида белгиланиши жуда катта эътибор, катта ваколат ва шу билан бирга жуда катта масъулиятдир.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан янги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил қилинаяпти. Бу институтга энг кучли, ҳам ватанпарвар, юксак салоҳиятли, шу соҳада ижтимоий-маънавий муҳитни таҳлил қила оладиган, унга баҳо бера оладиган, прогноз қила оладиган ва устувор йўналишларни, вазифаларни белгилаш салоҳиятига эга бўлган профессор-ўқитувчилар, ёш олимларни жалб этиш ва жамиятдаги маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишда шунчаки тадбирлар уюштириш эмас, аввало, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, ўзига хос хусусиятлари, керак бўлса, муаммолари, оғриқларидан келиб чиққан ҳолда аввало таҳлил қилиш, ташхис қўйиш ва ана шу асосда маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишга эътибор қаратилади.
Биз шу пайтгача сабаб билан эмас, оқибат билан курашиб келдик. Чунки илм бўлмаган жойда шундай ёндашув бўлади. Ана энди сабабини аниқлайдиган бўлсак, албатта, қилган ишимиз оқибатида самара бўлади, натижа бўлади.
Минҳожиддин Ҳожиматов,
республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
Сўнгги фикрлар