ЖАМОЛИНГ ВАСФИ

(Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалига шарҳ-қасида) 

bobur-10

М Юсуф Мамуржон Олмахон Пиримқул Фахриддин

292217949_142810721703718_5415954546935274842_n

“Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитғаймен,

Не кун бўлғай висолингға, мени дилхаста етғаймен”.

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

***

“Тингла найни, не шикоятлар қилур

Айрилиқлардин ҳикоятлар қилур”.

 

Мавлоно Жалолиддин Румий

 

***

Қибрай туман газетасида фаолият кўрсатиб юрган кезларим машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров хонадонида суҳбатлар ўтказиб, мақолалар ёзганганман. 1993 йили “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаб юрган кезларим севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф билан яна ҳофиз хонадонига бордик.

Суҳбат асносида Фахриддин ака шундай деган эди:

“Камина ёзувчи Пиримқул Қодировнинг ”Юлдузли тунлар” романи асосида тайёрланган “Бобур” телепостановкаси саундтреки бўлган “Яхшилиғ” ғазали асосида тайёрлаган қўшиғи учун истъдодли хонанда укамиз, олтиариқлик Маъмуржон Тўхтасинов санътига таҳсинлар айтганман. Бундан йигирма йиллар олдинроқ эса Бобурнинг бошқа бир ғазали:

 

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун, агар юзумни эвурсам бало манга…

 

дея бошланувчи ғазали асосида тайёрланган шўх қўшиқни эшитганимда, мен ҳам Бобур бобомиз ғазали билан шўх, ўйноқи қўшиқ яратаман деб ният қилдим. Аммо, ёшим элликдан ошиб қолганигами, ҳеч шўх оҳанглар топа олмасдим. Бобур ғазалларида шўх оҳанглар жуда кам…

Изланишлар давомида, шоирнинг “Сочининг савдоси тушти бошима боштин яна” дея бошланувчи ғазалини лирик қўшиқ қилдим.

Йигирма йилдан кейин эса видеофильм саундтреки бўлган: “Ким кўрубтур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ” қўшиғи мени яна Бобур бобомиз ижодига қайтарди. Мазкур видефильм ижодкорларига, бош ролни ижро эткан истеъдодли актёр Муҳаммадали Абдуқундузов, ҳофиз укамиз Маъмуржон ҳақларига доимо дуодамиз.

Бобур ижодида ғазаллар унча кўп эмас. Унинг умри сувора ўтган, осойишта куни бўлмаган. Ижод эса кўнгли хотиржамлик, анчайин ўтроқ яшашни талаб қиладиган жараён. Саркарда ва давлат арбобида хотиржамлик қаёқдан бўлсин…

Ана шу изланишлар натижасида “Жамолинг васфини, эй ой” дея бошланувчи ғазали кўзимга чўғдек урулди. Мана шу айвонда, ёстиққа суянган ҳолда ўзимча ҳиргойи қила бошладим.

Бобур ғазалларини ҳиргойи қилиб ёзган деб ўйлайман, ўзи ҳам юрган йўлида бирор мақомни ҳиргойисига банд юрган бўлиши керак. Мақомотда шудай тартиб борки, бошқа оҳангга чалғисанг, дарров билинади. Киши ҳаётида тартиб жорий қилмоқ истаса ўзини оҳангларга бўйсундириши лозим.

Қуръони Карим илоҳий оҳангларга лиммо-лим. Қуръон оятларини ичингизда, гоҳи овоз чиқариб қайтариб юрсангиз, ўз-ўзингиздан тартибга тушиб қоласиз. Худди шунингдек киши қўшиқ билан чалғимаса, қайғу-ташвишлар эзиб ташлаши, хаёл тарқоқланиб, васвасага учиши ҳеч гапмас.

Абу Али ибн Синода мусиқа билан муолажа қилиш услублари баён қилинган. Қадимда шаҳзодалар, бекзодаларга шундай тарбия берилганки, натижада улар ҳам мусиқадан сабоқлар олиб, куйлар чалишни хуш кўрганлар.

Мазкур ғазални тасаввуримда Бобур бобом ёзган заҳоти, найзаси дастасига ўраб боғлагану, Деҳлидаги айвонидан камонида Туркистон тарафга отгандай. Ҳавода беш юз йилча учиб, каминанининг айвонга келиб тушгандек эди…

Мен дарҳол созимни олиб, керакли куйни чалганча бир-икки машқ қилдим. Кейин машшоқларимга телефон қилиб уйга чақирдим. Улар келгунича, Ўзбекистон радиоси мусиқали эшиттиришлар редакциясига телефон қилиб, Бобурнинг ғазалига янги қўшиқ тайёрлаганимни, уни ёзиб олиш учун студия ажратишларини илтимос қилдим. Улар мамнун ҳолда: “жуда яхши, айни пайтда Бобурнинг юбилей санасига эшиттиришлар тайёрлаётгандик, Сиз ҳам олиб кела қолинг” деганларида анча енгил тортгандим. Чунки бунинг сабаби бор эди. Ўша кунгача тўрт йилдан бери запретга тушиб қолгандим. Ўша пайтлари нима сабабли запретга тушиб қолганингни аниқ айтишмасди. Тепадан буйруқ бўлди, дейишади, тамом. Энди, тепада раҳбарлар кўп бўлса, қайси бирининг олдига кириб сўраб чиқасан? Шароф отамизнинг бу запретларга сираям алоқаси бўлмаган. Қўл остидагилардан чиқққан бўлса бордир, айниқса маданият ва матбуот билан шуғулланадиган масъуллар шунақа қилади ва раҳбар номига соя ташлаб қўяди. Тўрт йил бирорта қўшиғим на радиода, на телевиденида эфирга кетмаган. Пластинкалар, магнит ленталари, унча-мунча тўй хизматлари ва гастрол концертлар орқали қўшиқ шинавандалари билан учрашиб тургандик.

Бобурнинг ўша қўшиғи туфайли яна йўлимиз очилиб кетди. Бобомиз беш юз йил оралиқдан туриб, кўмакка келди гўё. Менга қўйилган запретнинг асл сабабини суриштириб ётмадим. Бунга сабабчи бўлган дея тахминланган киши мансабидан кетган экан…

Радиодан кейин телевидениега таклиф қилишди, яна аввалгидек, ўтган тўрт йиллик танаффуслар ўрнини тўлдириб олдик. Эсимда, ўша эфирга қайтиб, яна ёш йигитчалардек юрган кунларим ўзим каби лирик қўшиқлари билан машҳур, аммо эркаклардек ўктам феъли, ботир тили орқасидан катта унвонлардан қуруқ қолаётган хонанда синглим Олмахон опангиз билан кўчада кўришиб қолдик.

“Фахриддин оға, бу запрет балоси сиздан кўчиб, манго тийди! Бобур бовомиз ўғли Хумоюн дардини Худодан тиланиб олғони каби, сиз запретдалиқ чоқлар шу акамдан бу балони кўтар, халқ ҳофизини бунча қийнамо, деб Ҳақ таолоға илтижо қилиб юргич эдим. Сиздан олиб, менга ёпиштирди. Сизники табаррук, оғо сизники табаррук!”– дея ҳазиллашди Олмахон. Мен ҳам ҳазил ила жавоб қайтаргандим: “Муқаддас жой бўш турмас экан, наилож…”

Афсус-ки, Олмахон синглимдан запрет балоси мана ўн йилдир-ки кўтарилгани йўқ, оммавий саҳналарга йўл йўқ. Яхшиям ведиомагнитофонлар кўпайган, видеокассталарда хоҳлаган ҳофизингни топа биласан!..

Бобур бобомиз ўтиб кетган бўлса-да номи запретга тушиб қолган йиллари бўлган экан, афсус. Бобур бобомиз киму биз – ким…”

Фахриддин аканинг сўзларидан Муҳаммад Юсуф ҳам хомуш тортиб қолди.

Менга эса ўша гаплар ҳозиргача тинчлик бермайди. Қалбимни бир четида қандайдир маҳзун дард пўртана отиб тураверади…

Қарангки, бугун орамизда Фахриддин Умаров ҳам, Пиримқул Қодиров ҳам, Олмахон Ҳайитова ҳам, Маъмуржон Тўхтасинов ҳам, Муҳаммад Юсуф ҳам жисман бўлмаса-да, руҳан барҳаётдирлар! Уларнинг бетакрор асарлари-ю қўшиқлари қалбларимизга жо бўлиб, маънавий хазинамизнинг мангу бойликларига айлангани биз учун беқиёс сабоқдир.

Хўш, шундан улуғ сиймолар суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, ўзинг нега жим юрибсан, деган ўй сира тинчлик бермасди. Ниҳоят, қалб туғёнларига айланган ўша туйғулар қоғозга тўкила бошлади…

 

Муаллиф.

 

***

“Тириклик чоғида чархнинг жабру жафосини ҳадсиз даражада тортган бу зоти бузург вафотидан кейин ҳам узоқ йиллар тақдирнинг машаққатли синовларига дуч келаверди.

У фавқулодда нодир истеъдоди, беқиёс инсоний салоҳияти билан ҳақли равишда жаҳон аҳлининг ҳайрат ва эҳтиромига мушарраф бўлди. Айни фазилатлари билан у миллатимизнинг, халқимизнинг ифтихор байроқларидан бирига айланди.

Дунёдаги не-не фозил инсонлар унинг ҳақида то ҳануз ҳайрат ва эътирофга тўлуғ ҳикоялар сўзлайдилар.

Бу зот – улуғ аждодимиз, қадим Турон – Туркистон ерининг паҳлавони Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир”.

 

Хайриддин Султоннинг

“Бобурийнома” асаридан

 

***

Бобур мирзо монологи:

 

Жамолинг васфини, юртим, неча элдин эшитгайлар,

Чекур “оҳ” Жайхуну Сирнинг бўйилуқ не қамиш-найлар.

 

Жамолинг васфини, юртим, неча элдин эшитгайлар,

Чекур “оҳ” Жайхуну Сирнинг бўйилуқ не қамиш-найлар.

 

Ўзим ҳам бир қамиш найча бўлуб афғон чекиб андоғ,

Улусдан сал қочиб, махфий кўрармен доғ уза не доғ.

 

Неча душманга тик боққан менингдек бир самовий шер,

Агар фурқатда йиғлармен эсам, дўсту душман не дер?!

 

Кулармен то оғизда қон уютиб – ичга ютгаймен:

“Бу элда шоҳмену, юрт кўйининг гадоси ўтгайман…”

 

***

Аё Тақдирни соқийси, ғамингдин Бобуринг обод,

Тутибсан жом уза жом, ҳар бири бир жонгадур барбод.

 

Алар ичра эди энг аччиғу ўткур – Мусофирлиқ,

Мунингдин беҳроқ бўлур эдими динга кофирлиқ?!

 

Ки шайх Саънонни* банд этти узоқ ҳорижнинг тарсоси,

Бироқ иймонига мос келмади бундай мурососи.

 

Неча содиқ муриди юзни бурди шайхидин, ҳайҳот,

Кеча эди анга толиб, бугун-чи етти ётдан ёт!

 

Фақат бир толиби қолди ёнидан кетмайин пирнинг,

Ки шайдоси эди бирдек пирида софлигу кирнинг.

 

Магар пири адашгандир, ўзин ҳам шунга мос тутти,

Белига боғлади зуннор, шароб узра шароб ютти.

 

Ва ҳар гал базми жамшидда очиб сўз эскидан оз-моз,

Нечоғ тарк этгани дин ила юрти эди қандоғ соз!

 

Шу ҳол толибни восита қилиб Ҳақ ишни битказди,

Адашган шайх кўзу кўнгли уза пардани кетказди.

 

Бироқ Бобур эди ўзига ҳам шайх ила ҳам толиб,

Бўлурди бирда шайх, бир бошқада толиби чин ғолиб.

 

Олишуб бу иков бир тан, сира жангларда толмасди,

Ки руҳ тансизу, тан эрса руҳидан айру қолмасди.

 

Бу икки ўртада қамиш қаламдин тўкулуб ёшлар,

Қоғоз бағрин сиёҳ айлаб, дамодам ҳасратин бошлар:

 

“Кўнгли тилаган муродиға етса киши,

Ё барча муродларни тарк этса киши.

Бу икки иш муяссар ўлмаса оламда.

Бошни олиб бир сариға кетса киши”.

 

Замона сенга боқмасму, кечиб ўздин анга боққил,

Қилиб Ҳаққа таваккулни, ки Тенгри эшигин қоққил.

 

Қилур бандаси тахминлар, келур аз Тенгри тақдирлар,

Булар ғайб илмига доҳил, кўриб фол, ечмагин сирлар.

 

Бошингга тушти савдолар, ўзинг бўлдинг харидори,

Бошинг узра турар осиқ не-не айбу гуноҳ дори!

 

Кўзинг тўрт ёнга боққай ва сира дунёга тўймасдур,

Тилинг тавбадаю аммо, дилинг шумликни қўймасдур.

 

Ки Мирзо Бобурий қисмат итига кўп талош бўлди,

Анинг айтганлари бизга сабоғу ҳам маош бўлди.

 

Қўли банд ўтти ғам жоми ила музаффар туғига,

Дуолар қилғамиз: беҳишт аро жой текса руҳига…

 

Тўлқин ЭШБЕК

 Иштихон ижод мактаби

2023 йил 27 август

 —————————————————————

*Изоҳ: Шайх Санъон – тасавввуф адабиёти қаҳрамони – Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонида номи ва ривояти келади. Шайх Санъон Шом-Сурия маликасига ошиқ бўлиб қолади. Тарсо малика ундан динидан кечиши, белига зуннор боғлаб бутпарастга айланиб, сарой ҳовлисида чўчқа боқишни амр этади. Шайх буларни бажаради. Унинг қирқ шогирди пирдан юз ўгиради, биргина шогирди пири ёнига кириб, вақтинча ва юзаки диндан ҳижрат қилади. Бу ҳам бўлса, Ҳақ таолоннг синовларидан бири эди. Қирқ шогирд синовдан ўта олишмади – улар пирига лаънат ўқишди.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *