Жаҳонаро тенглигимиз эътирофи

«Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби лавозимида иш бошлар

эканман, мени бир савол қийнамоқда: низолардан жабр кўраётган, урушлардан чексиз азоб-уқубат тортаётган миллионлаб одамларга қандай ёрдам бериш мумкин?»
Бу фақат 2017 йилда фаолиятини бошлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутеррешни қийнаган савол эмас, балки 1945 йил дунё давлатларининг ихтиёрий бирлашиши асосида ташкил топган халқаро ташкилотнинг устувор вазифаларидан биридир. Халқаро ташкилот фаолият кўрсата бошлаган дамлариданоқ бир неча бор можароларнинг очиқ ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетишининг олдини олди, жанжаллашаётган томонларни қурол эмас, тинчлик йўли – музокаралар йўли билан муросага келтирди, низолар назорат доирасидан чиқиб кетган жойларда тинчлик ўрнатди.

Ушбу ташкилотга аъзо бўлишни ҳар бир мустақил давлат фахрли қадам, деб билади. Бу тарихий воқеа муайян мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига қабул қилингани ва тан олинганига далил бўлади.

1992 йил 2 март санаси мустақил Ўзбекистон Республикаси учун ҳам ана шундай муҳим кун бўлди. Ўша кундан бошлаб мамлакатимиз байроғи БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида бошқа давлатлар байроқлари қаторидан жой олди. Ўзбекистон БМТ минбаридан Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, экологик вазиятни барқарорлаштириш, қўшни Афғонистонда урушни тўхтатиш, минтақамизни ядродан холи зонага айлантириш, наркобизнесга қарши курашишда барча давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш сингари умумманфаатли масалалар бўйича ўз сўзини айтмоқда.

Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига бу йил йигирма беш йил тўлди. Бу давр мобайнида инсон манфаатлари ва тинчлик йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Ишонч, интилиш ва самимият Ўзбекистон ҳамда БМТ ҳамкорлигининг доимий шиори бўлиб келмоқда.

2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясида халқаро муносабатларда юзага келадиган баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик тамойиллари белгиланган. Ўзбекистон мазкур тамойилларга содиқ қолаётгани, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатидаги ролини тан олгани, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга нисбатан ташқи сиёсатини ҳамкорлик ва дўстона руҳда олиб боришга тайёрлигини кўп маротаба намойиш этгани билан халқаро ташкилот эътирофига сазовор бўлган. Мамлакатимиздаги бундай тинчликпарвар сиёсат Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессияси мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини ёд этиш маросими билан бошлангани, нуфузли анжуман иштирокчилари – БМТ вакиллари, 193 мамлакат делегатлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, дипломатларнинг Президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон Республикасига эътироф рамзидир.

– Ислом Каримов Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларини бажаришда муҳим ютуқларга эришди ва барқарор ривожланишнинг янги вазифаларини қўллаб-қувватлади. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшилди. Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилгани жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ютуқларидан бири бўлди, – деди БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун жаҳоннинг энг юксак минбаридан.

2016 йилнинг 30 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги Бош котиби мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, БМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлайверишини таъкидлади.

Ҳозир Ўзбекистонда БМТнинг Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ва бошқа тузилмалари ваколатхоналари фаолият юритмоқда.

Ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури, Европа иқтисодий комиссияси ҳамда Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий дастури каби ташкилотлар фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги алоҳида эътиборга молик. Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимиз тикланди. Юртимиздаги кўплаб тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.

Баҳор нафаси уфура бошлаган шу кунларда халқимиз интиқ кутаётган, аждодларимизнинг бир неча минг йиллик меросини ўзида мужассам этган Наврўз байрами ҳам ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. 21 март Халқаро Наврўз куни, деб эълон қилинган.

Тинчлик ва ҳамкорлик тарафдори бўлган Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсадлари муштарак. Бу мақсад йўлидаги ўзаро алоқалар мамлакатимиз фаровонлигига ҳисса қўшади, халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

 Севара Алижонова, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *