Жаҳон, бўйлашмоққа етар журъатим
Истеъдодли ёш қаламкаш Шавкат ОДИЛЖОН ЎзМУ Журналистика факультетидан яқинда «учирма» бўлганди. Унинг парвозига эса ҳавас қилса арзийди, дейди фахрланиб Дониш домла.
Ҳозир айтмоқчи бўлган гапларимга қўшилсангиз ҳам бўлади, қўшилмасангиз ҳам. Мен бир соддадил оилада туғилганман. Шукур, бекаму кўст улғайдим. Оилада кўпчиликмиз. Ака-ука, опа-сингилларим ҳам мен каби вояга етишди.
Бир боланинг улғайиши учун оилада бош ролни Она ўйнайди. Фарзанд ҳар қандай ҳолда ҳам Онага суянади. Она суйгувчидир, Она кечиргувчидир. Фарзандлар қувонса ҳам, қайғурса ҳам балогардон Онаизор. У ойнинг тимсоли, Ер шарининг қиёси… Буни билиб қўйсангиз ҳам бўлади, билмасангиз ҳам. Ахир унга беихтиёр, мутлақо табиий равишда меҳр қўясиз.
Дилимизга “Баҳри Муҳит Ҳинди[1]” тўқинлари каби шодлик инди. Чунки биз –ҳуррият болаларимиз. Шукронамиз чексиз. Энди, катта-ку катта, кичиклар ҳам мундо-оқ дўпписини бошидан олиб, ёнига қўйса-ю, ўйлаб кўрса… Афғонда афғон чекаётганлар камми? Шом[2]га тушган шомни кўриб, дили хуфтон бўлаётганларга саноқ етмай қолади. Қаердадир очлик, қаердадир ташналик халқ устида қилич яланғочлаган. Жуғрофияга қарасангиз, яна аллақаердадир уруш ичида уруш болалари вояга етди. Йигирма-ўттиз йил аввал бошланган хунрезлик орасида туғилган норасида бугун йигирманчи-ўттизинчи баҳорига етиб келди ёки йўқ. Баҳодир ўғлонлар нима учун курашаётганлигини ҳам унутди. Кимдан нима талаб қилаётганлигига ақли етиб-етмасдан, Онасидан айрилди. Эсини таниб, китобни қандай очишни ўрганмасидан, қуролни китоб каби ушлайдиган бўлганларга умр хайф. Китобни очган каби қабр очишади. Китобни ёпган каби қабр ёпишади. Буни қандай таҳлил қилиш мумкин? Қандай тушуниш ва тушунтириш мумкин? Ўйлайсан, буларга ачинса ҳам бўлади, ачинмаса ҳам.
Аммо менинг айтаётганларим мутлақо тўғри гап деёлмайман, чин самимий гаплар холос. Уларга ишонса ҳам бўлади, ишонмаса ҳам. Илло борини ўзингиз кўриб турибсиз.
Жаҳон афкор оммаси турли “пьеса”ларда қатнашаётган ва хилма-хил ролларни ўйнаётган бир даврда Онамиз бизни пўпалаб, ҳўппалаб ўстиряпти. Инсон деган номга, шахс отлиғ унвонга муносиб бўлишимизни истаяпти. Дунё оқими ўзанидан чиқиш арафасида турган бир даврда бизнинг ёшлар “Камолот”га эришганидан бошингиз кўкка етади. Замон анор доналари каби сочилиб, халқлар, миллатлар бир-биридан айрилиб, уввос солаётган пайтда, ўзбек ёшларининг “Камолот – сен, Камолот – мен, Камолот – биз. Кел бирлашамиз!” дея бирдамликка чақирувчи ҳайқириғи кўксингизни тоғ қилмаса, демак, сиз тирик эмассиз.
Осмоннинг мусаффо бўлишида гап кўп. Қовун қовундан ранг олади, дейишгани ҳам, дўстингни кимлигини айт, сенга кимлигингни айтаман дегани ҳам бор гап экан. Негаки, дўстимиз – осмон. Шу сабабли бағримиз у каби кенг. Осмонимиз мусаффо. Шу боис, қалбимиз ундан ранг олган.
Тинчлик – улуғ неъмат. Аввало, у, одамга яшаш ҳуқуқини беради. Хотиржамлик ва шодлик учун имконият. Миллат учун, халқ учун бундан катта туҳфа борми? Албатта, йўқ! Бунинг қадрига етмаганни Худо уради. Шу заминнинг зилол сувлари, далаларни тўлдириб турган ризқ-рўзи, дастурхонидаги нонининг уволи уради. Гўдакларнинг кулгуси уради. Оналарнинг қарғиши, Оталарнинг хам бўлган боши уради. Сулув қизлар чиройининг уволи тутади. Иншооллоҳ, бу сингари қишмиш-кечирмишлар бизга бегона. Бунда ҳар бир Она “Осмонимиз мусаффо бўлсин, тинчлик бўлсин”, – дея дуо қилади. Зеро, Онанинг дуоси шаксиз мустажобдир.
Одам боласи ёши улғайган сари кўриб, эшитиб тажрибага бойиб боради. Санамай саккиз дейишдан тийилади. Етти ўлчаб бир кесади. Устозлар айтганидай, Озодлик насимини биринчи бўлиб, шоиру ёзувчилар ҳис этади. Илк шабада уларнинг кўкрагига урилади. Зеро, ҳазрат Навоий деганким:
Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо,
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Буни ич-ичидан ҳис этувчи иқболи порлаган, мирзо ўғлонлар баралла ҳайқириб, дунё майдонига от қўяди.
Ўзбек десам жаранглаган тор келур,
Ундан олдин номус ила ор келур,
Бургут келур, Лочин келур, Сор келур,
Ўзбек ўғли, ўзлигингни унутма!
(Иқбол Мирзо)
Муниса шоиралар уларни янада учқур бўлишга, юлдузни бенарвон урушга-ю, тўсиқ тоғларни талқон қилишга ундайди:
…Қанча қонинг бўлса Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса, Ватанни кўтар!
(Ҳалима Худойбердиева)
Ёшлар-чи?! Ёшлар?!
Ортда қолди бариси, йироқ бўлди, ёт бўлди,
Шукурким, ўтиб вақтлар ки юрт ҳам обод бўлди,
Золимларнинг зулмидан эл-улус озод бўлди,
Қадрдон-у ёронлар, кўнгиллар ҳам шод бўлди,
Келди буюк карвонга буюк Сарбон, дедилар.
Малоиклар ёғилиб, достон қилди хатини,
Малоиклар йиғилиб, бўстон деди зотини,
Ёким жаннат равзаи-ризвон, деди отини,
Минг бир ўй хаёл билан тополмай сифотини
Еру самовотда бир Ўзбекистон дедилар!
(Мурувват Ғаффоржонова)
Мана, бугуннинг ёшлари қандай ҳис-туйғуда. Улар бошларини тик тутишади. Энди далилига бошқа дастнома лозим бўлмаса керак. Ҳа, айтганча, буларга кўнгил берса ҳам бўлади, бермаса ҳам. Негаки, бу каби сатрларнинг ўзи кўнглингизни топиб киради.
Найсон маҳали. Ҳарбий хизматдаги дўстларимни кўргани бордим. Бири Сурхон элида, бири Фарғона водийсида. Кўргани бордим. Улар мамнун, қуролдош дўстлари билан таништирди. Ҳаммаси хизматидан, юртидан, тинчликдан хурсанд. Мен ойнаи жаҳонни кўп кузатаман. Ҳеч бир юртнинг аскарларини хурсанд ҳолда кўрамаганман. Юзларида ташвиш ифодаси. Кўзлари қисилса, кўзёшдан, йиғидан қисилган. Менинг дўстларимнинг кўзлари фақат кулгудан қисилади.
Дейди: “Ватан – азиз, Ватан – шон!”. Севиндим, дўстларим, укаларим бари бирдек, ўктам, паҳлавон. Овозидан тоғлар титрайди. Қадамидан ўт чақнайди. Алпомишни, Мангубердини, Соҳибқиронни кўз ўнгингизда гавдалантиради.
Ўзимча яна бир карра ишонч ҳосил қилдим: Сизу биз ишончли қўллардамиз! Халқимиз кичиккўнгил, бегидил, жавонмард. Ажабмаски, Яратган шу сабабли бул жаннатмакон ерни биз учун яратган бўлса. Шубҳа йўқки, унинг инояти тасодиф эмас. Сизу бизни шу Ватан – Онамиз улғайтди. Аждодлардан ор-нумус, ғуруру андиша туҳфа этди. Онамиз бизга бирга кетаёган карвонимизнинг сарбонини асрашни буюрди. Биз бу карвонни сарбони билан яхши кўрамиз. Асраймиз, авайлаймиз. Дунёда ҳар бир нарсанинг сарҳади бор. Фақат шодлигимиз шуки, меҳрнинг сарҳади йўқ. Яхшиям, меҳр бор… Мен бу Ватанни жон дилим билан севаман, ардоқлайман.
Биз ака-ука, опа-сингиллар Онамизни – Ватанимизни жондан ортиқ севамиз. Зеро, Ватанни севмоқ – иймондандур. Шоир айтгани каби:
Жаҳон, бўйлашмоққа етар журъатим,
Халқим юрагида дарёнинг сеҳри.
Ҳар зарра қумида замин қудрати,
Икки дарё ичра тошади меҳри.
…Сотмадим шон-шуҳрат излаб виждонни,
Нону туз ҳурмати заминга қасам.
Мендан хафа бўлманг Ўзбекистонни
Ҳаммангиздан кўпроқ севаман десам…
Шавкат ОДИЛЖОН
[1] Ҳинд океани
[2] Сурия
Сўнгги фикрлар