Жиноятнинг миллатга дахли борми?
Бўлғуси журналистларга мавзуни ёритиш маҳоратини публицист Нурбек Тошниёздан ҳам ўрганиш тавсия этилади, дейди Дониш домла.
Элас-элас эсимда, энди ақлимни таний бошлаган пайтларим бўлса керак, радиодаги ваҳимали ахборотлардан жуда қўрқадиган бўлиб қолгандим. Чунки уларда одатда АҚШнинг ядро қуроли яратаётгани, тиш-тирноғи билан қуролланаётгани, қайсидир мамлакатларга ифлос қўлини чўзаётганию қаерларгадир қўшин киритаётгани шу қадар даҳшат билан айтилар эдики, бу гаплар ҳаётга ташна болачанинг мурғак қалбига қўрқув солмаслиги мумкин эмасди…
Шукрки, бу қўрқув мен учун жуда узоққа чўзилмаган. Билмадим, балки ахборотлар сал сокинлашдими, ё ёшим улғая боргани сари бошқа омиллар билан чалғиб кетдимми?..
Энг қизиғи, бугун — ёшим 40 дан оша туриб негадир яна ўша ёшликдаги қўрқув тез-тез эсимга тушадиган бўлиб қолди… Билмадим, балки бу ҳам худди болалик даври каби инсон ҳаётининг янги бир босқичида рўй берадиган табиий ҳолатдир. Эҳтимол, ростдан ҳам унга асос бордир…
Гап шундаки, мени бугун яна ўша ахборотлар — дунёнинг фалон чеккасида қайсидир ўзбек нимадир ёмон иш қилгани ҳақидаги интернет хабарлари чўчитмоқда. Шундай хабарларга дуч келсам юрагим эзилади, ҳар сафар ичимда бир нарса узилиб кетгандай бўлади. Бу қўрқувнинг энг чўққиси, эҳтимол, “31 октябрда Нью-Йоркнинг Манхеттен туманида юк машинасида одамларни босиб кетган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соиповга террорчилик ва қотиллик содир этиш айбловлари қўйилди” деган шумхабар бўлгандир. Аммо шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқда кенг муҳокама бўлаётган “воронежда чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик жуфтлик” ҳақидаги хабарнинг ваҳимаси ҳам лаънати Сайфуллонинг қилмиши ҳақидагисидан кам таъсир қилмаяпти…
Йўқ, мени хориждаги сайфуллолар ҳам, болафурушлар ҳам чўчитаётгани йўқ! Мени қўрқитаётган нарса яна ўша ахборотларнинг ўзи! Ҳа, ўзбекка урғу бераётган қинғир-қийшиқ хабарчалар юрагимга ғулғула солмоқда! Уларнинг аксарияти оддий кундалик янгиликлар эмаслигидан кўнглим ғаш!
…“Москвада ўзбекистонлик шахсларнинг яширин босмахонаси топилди”, “Туркманистонда ўзбек диаспораси вакили 15 йилга қамалди”, “Ёқутистонда маҳаллий фуқаро ва ўзбекистонлик ишчилар қор туфайли муштлашиб кетди”, “Москвада ўзбекистонлик аёл эри туфайли ўзини ёқиб юборди”, “Россияда ўзбекистонлик шахс полициячиларга қайчи билан ҳужум қилди”, “Россияда Қирғизистоннинг сохта паспорти билан яшаган ўзбекистонлик мигрантлар ушланди”, “Афғонистонда ИШИД дала қўмондони қўлга олинди, у ўзбек экани айтилмоқда”, “Екатеринбургда ўзбек мигрантлари ишлаган яширин цех топилди”, “Россияда ватандошининг ўғлини сотиб юборган ўзбекистонлик аёл 5 йилга қамалди”… Сўнгги бир ой ичида ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида айланган бу хабарларни умумлаштирувчи нарсани дарҳол англадингиз — “ўзбек” ва “ўзбекистонлик” деган сўзлар. Энди келинг, масалага бошқачароқ кўз билан қарайлик. Яъни бу хабарларнинг қайси бири дунёга жар соладиган даражада оламшумул воқеада алоқадор?
Ана шу савол билан хабарларга яна бир кўз югуртиринг ва инсоф билан айтинг, шунга монанд воқеалар ўтган бир ой ичида дунёда қанча содир этилган бўлиши мумкин? Юқорида келтирилган ахборотларнинг тартиби бўйича мулоҳаза қиладиган бўлсак, дунёда эмас, биргина Ўзбекистоннинг ўзида қанчадан-қанча яширин босмахона, яширин цех, яширин омбор ва яна аллақандай яширин юритилган ноқонуний фаолиятлар фош қилинади ва уларнинг биронтасида жиноятчиларнинг миллатига урғу бериладими? Кўпмиллатли юртимизда қанчадан-қанча жиноий гуруҳлар қўлга олинади ва уларнинг қайси диаспора вакиллари экани тўғрисида ваҳима қилинадими? Бу ғалвали дунёда мамлакатлар миқёсида эмас, оддий маҳалламизда кунда-кунора одамлар бир-бирлари билан жиғиллашадилар, аммо биз уларнинг қайси миллат вакиллари эканига эътибор қилганмизми? Дунёда ҳозир ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари жуда авжига чиққан бир давр. Аммо уларнинг неча фоизи ОАВда ёритилади ва миллатга ажратилади? … Ниҳоят, энг ваҳималиси, лаънати ИШИДнинг бир эмас, ўнлаб, юзлаб қўмондонлари қўлга олиняпти, ўлдириляпти, аммо уларнинг ҳаммасининг ҳам миллати айтиляптими? Умуман, қачондан бошлаб ёмон иш қиладиганлар миллатга ажратила бошлади ўзи? Ахир жиноятчиликнинг — ўғриликнинг, фирибгарликнинг, каззобликнинг, қотилликнинг… бирон-бир миллатга алоқаси борми?
Мени бугун мана шу саволлар қийнайди! Турли майда-чуйда ахборотларни тарқатаётиб, миллатга алоҳида урғу бераётганларнинг мақсадларини англаёлмаганимдан юрагим ғаш! Тўғриси, яширмайман, ана ўшаларнинг ўзларининг миллатини билгим келади…
Менинг энг сўнгги қўқувим эса мана шундай фитнамонанд ахборотларни кўр-кўрона таржима қилиб тарқатаётган, ижтимоий аҳамиятидан қатъий назар уларни муҳокамага қўйиб, халқимизни ваҳимага солаётган юртдошларимизнинг соддаликларидан! Зеро, Биринчи Президентимиз бизларни огоҳлантириб кетганларидек, бугун асосий жанг мафкура полигонларида давом этмоқда! Буни биз қачон англаб етамиз?!
Эҳтимол менинг бу ожиз мулоҳазаларим кимларгадир малол келар. Ахборотларнинг ҳаммаси ҳам майда-чуйда гаплар эмас, террор содир этган, боласини сотган ватандошларимизнинг қилмишини муҳокама қилишимиз бундай ҳолатнинг бошқа такрорланмаслигига асос бўлади деган эътироз ҳам бўлар балки. Аммо, негадир мен бунга ҳам ишонмайман. Зеро, 30 миллионнинг орасидан битта нокас чиқса, бу шу халқнинг ичидан яна шунақаси чиқади дегани эмас асло! Ахир бу миллат ўзи учун эмас, ота-онаси ва болалари учун яшайдиган инсонларнинг миллати! Ахир бу халқ ўзининг эмас, ўзгаларнинг боласи учун ҳам қайғурадиган халқ! Ахир бу эл сафарга чиқаётганларининг соғ-саломат қайтиши учун нон тишлатиб қоладиган, уларнинг қайтишини эса тўй билан нишонлайдиган эл!
Қолаверса, яна бир мулоҳаза бор — агар бир юртда юзта кичик жиноят ва битта катта жиноят қайд этилса, аввало кичик жиноятларга қарши курашмоқ керак бўлади. Чунки асли ўша катта жиноят ҳам болалаётган кичик жиноятчаларнинг ҳосиласи бўлиши мумкин. Шундай экан, биз ҳам хорижнинг ваҳимасига эргашмасдан, орамизда болалаб бораётган муаммоларга ҳушёрроқ бўлмоғимиз керак эмасми? Дейлик, ёнимиздаги дўстимизнинг телефонда бошқа бир яқинига ёлғон гапираётганига бепарво бўлган ҳолда фарзандларимизнинг эртага фаровон ҳаёт кечиришига умид қилишимиз соғлом ақлга тўғри келадими? Ёки эрталаб ишга отланаётган пайтимизда қўшнимизнинг уйида йиғи товушини эшитсагу, эшитмасликка олиб юмушимизга шошилсак, шу маҳалламизда эртага катта ишлар амалга оширилиши мумкинми? Ҳатто йўлда кетаётиб ўзимиз суринган чўпни четга олиб ташлай олмасак, миллат тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида бош қотиришга маънавий ҳаққимиз борми?
Ўзбекка урғу бераётган хорижнинг ваҳимали ахборотлари эса бизни ана шу каби оддий ва ўта муҳим саволлардан чалғитаётгандек гўё!
Нурбек ТОШНИЁЗ,
журналист.
Таҳририятдан:
Нурбек Тошниёз 1974 йилда Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент Давлат университети (ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. “Ўзбекистон овози”, “Fidokor”, “Ўзбекистон автомобилчиси”, “Авто плюс” газеталарида қалами чархланган. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизмати раҳбари, “Ўзаватойўл” ДАКда матбуот, маънавият-маърифат ва ташқи иқтисодий фаолият хизмати бош мутахассиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатган. Айни пайтда “Akademnashr NMM” МЧЖда Директор ўринбосари. Долзарб мавзудаги кўплаб мақолалари газета-журналларда, тўпламларда чоп этилган.
Сўнгги фикрлар