Журналистга журъат керакми?
Мушоҳада учун мавзу
Давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий қиёфаси, ўз олдига қўйган мақсад-муддаолари, танлаган йўли, кўзлаган манзили, қатъий амал қилиши шарт бўлган миллий қадриятлари асосий қонун ҳисобланмиш Конституцияда ўз аксини топади. Буни бундан 25 йил аввал қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва орадан ўтган чорак аср давомида ҳаётимизда, турмуш тарзимизда юз берган бемисл ўзгаришлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу қутлуғ сана муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида халқимиз шу йиллар ичида қандай мураккаб, айни пайтда шонли йўлни босиб ўтгани, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти сафида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлгани, бугун олдимизда қандай улуғвор вазифалар тургани, давлат-жамият-шахс муносабатлари қай даражага кўтарилаётгани, бугунги янгиланиш, янги ошкоралик, шаффофлик шароитида фуқаро сифатида ҳар биримизнинг бурч ва масъулиятимиз қандай бўлиши лозимлиги чуқур таҳлил қилиб берилди.
Маросимда иштирок этган хорижий меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари Ўзбекистонннинг бугунги янги йўли бу заминда қадим-қадимдан мавжуд бўлган халқона усул — раият билан бамаслаҳат иш тутиш, уни тинглаш, хоҳиш-истакларига йўл очиш, ҳақ-ҳуқуқини қатъий ҳимоя қилиш, қонун устиворлигига, давлат ва шахс муносабатларида ошкораликка эришиш эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдилар. Давлатимиз раҳбарининг “Бизнинг мақсадимиз – халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлашдан иборат. Бу – биз яшаётган бугунги мураккаб даврнинг асосий талабидир. Такрор айтишга тўғри келади: одамларимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни бугун кутмоқда. Шу сабабли биз ўз фаолиятимизни «Буюк келажак бугундан бошланади» деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур” деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.
Дунё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат бошқарувига келган ҳар бир раҳбар ўз фаолиятини ислоҳотлардан бошлайди, бошқарув тизимига, қонунчиликка турли ўзгаришлар киритилишига ҳаракат қилади. Аммо бу ҳаракатларнинг барчаси ҳам кутилган натижани бермайди. Бунинг сабаби шуки, ислоҳотлар бир кишининг хоҳиш-истагини эмас, бутун халқнинг, эл-юртнинг, жамиятдаги барча қатламларнинг, содда қилиб айтганда, каттаю кичик, ёшу қари, соғлом ва дардманнинг хоҳиш-истагини, давлат, жамият ва миллат манфаатларини, ёндош ва жондош қўшнилар, узоқ-яқиндаги ҳамкорлар, стратегик шериклар билан бўладиган алоқалар ривожига уйғун ва ҳамоҳанг бўлсагина амалга ошади. Бундай хусусиятларга эга бўлмаганлари эса қоғозларда қолиб кетади. Иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан асосланмаган ҳаракатлар, улар нечоғли тарғиб-ташвиқ қилинмасин, тараққиётга, эзгуликка хизмат қилмайди.
Маърузани тинглар эканмиз, ўтган бир йил ичида амалга оширилган, амалий натижасига кўра бир неча йиллар хирмонига тенг ўзгаришлар муҳташам залда ҳозир бўлганларнинг барчаси кўз ўнгидан ўтди, шу билан бирга, бугуннинг, эртанинг, яқин келгусининг энг муҳим, бир лаҳза бўлсин, эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган вазифалари нималардан иборатлигини тушуниб етдик. Бу вазифалар замирида қандай маънолар ётади?
Бу саволга жавоб аниқ: давлат органларининг кундалик иш фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши шарт. «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши ҳам шарт. Одамларнинг оддий ҳаётий эҳтиёжлари, катта-кичик муаммоларидан вақтида хабардор бўлиш, шу хабардорлик билан яшаш, бунинг учун одамларга яқинлашиш, улар билан бирга нафас олиш, муаммоларнинг мақбул ечимини топиш ҳар бир мансабдор учун чекка қишлоқда ҳам, туман ёки кичик шаҳарчада ҳам, хусусий корхона ёки фермер хўжалигида ҳам қатъий қоидага айланиши, бу борадаги ишлар хўжакўрсинга, сохта обрў олишга, юқори ташкилотларга йўлланадиган ҳисоботлар учун эмас, балки амалда намоён бўладиган, бир кўнгли синиқнинг дилини обод айлайдиган даражада бажарилиши зарур.
Халқ ичига кириб бориш, аҳоли билан жонли мулоқот ўрнатиш йўлида биринчи қадам ташланди: ҳар бир туман ва шаҳарда авваллари мутлақо бўлмаган, ўйлаб ўйимизга ҳам келмаган янги жамоатчилик институти — Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бир йилнинг ўзида бир ярим миллионга яқин мурожаат кўриб чиқилди. Бу мулоқотга одамларнинг ишончи кун сайин ортиб бормоқда, қабулхоналар фаолияти мавсумий эмаслиги, одамларни тинглаш Ўзбекистонда давлат сиёсати мақомига кўтарилгани, бундан буён бошқача бўлиши мумкин эмаслиги кундек равшан бўлди, бинобарин, ушбу тузилмалар фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг умид ва ишончи турганини унутмаслик мансабдор шахсларнинг вазифаси ҳисобланади.
“Халқимизнинг ҳаёт даражаси ўсиши, кўпгина муаммолар ҳал қилиниши билан Халқ қабулхоналарига мурожаатлар камайиб боради. Шунинг учун бу қабулхоналар имкониятларини биз давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтирамиз, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу мақсадда барча давлат идоралари ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни Халқ қабулхоналари орқали самарали ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига ушбу масалалар билан бевосита шуғулланиш вазифасини юклаш кўзда тутилмоқда. Мазкур хизмат таркибида янги тузилма ташкил этиб, унга Тезкор давлат хизматлари агентлиги деб ном берсак, айни муддао бўларди”.
Тасаввур қилиш мумкин: одамлар тўғрисидаги самимий ғамхўрлик, уларнинг ҳар бирига фикрдош, сирдош, елкадош бўлиш жамиятда тамомила янги ижтимоий-маънавий муҳитни юзага келтиради. Бу муҳит ўзаро ишонч, самимият, хотиржамлик асосида шаклланади. Шунга эришган жамиятнинг эртаси янада фаровон бўлади.“Жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат. Қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади”.
Халқимизда “Сени тингласалар ва тушунсалар шунинг ўзи бахт” деган гап бор. Давлатимиз раҳбарининг бу таклифи маросим иштирокчилари томонидан якдиллик билан маъқулланди. Демак, халқ билан мулоқот қилиш, унинг турли идораларга, катта-кичик мансабдорларга, фақат ўзини, шахсий манфаати ва оромини ўйлайдиган боқибеғамларга мурожаат қилиб, оддий маълумот ёки рухсатнома олиш учун сарсон-саргардон бўлиши, қимматли вақтини бекорга ўтказишига мутлақо йўл қўймаслик зарурлиги белгиланмоқда. Маърузада халққа хизмат қилиши лозим бўлган кўплаб ташкилотлар амалда халқ ҳаётидан узилиб қолгани ҳам айтиб ўтилди. “Ҳар бир давлат хизматчиси халқ олдида масъул эканини ҳеч қачон унутмаслиги лозим.Одамларимиз давлат органлари, шунингдек, ўзлари сайлаган вакиллар нима билан шуғулланаётганини билишлари, уларнинг фаолиятига холисона баҳо бера олиши учун барча имкониятларни яратишимиз даркор”.
Бор гапни борлигича айтадиган пайт бугун: ҳали ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим, дунё эътироф этаётган, ўрганаётган, ибрат олаётган ўзгаришларни, янги ошкоралик, очиқлик фаслини тушуниб етмаётган, хизмат вазифасини юқори ташкилотларга қилган-қилмаган ишлари тўғрисида ҳисобот йўллаш деб тушунадиган мансабдорлар бор ва улар оз эмас. Юртбошимиз бундан роса бир йил аввал бундай ҳисоботлардан мутлақо наф йўқлигини рўйи-рост таъкидлаган эди. Бундай пуфак ҳисоботлар одамни чалғитади, вақтини олади, холос. Қоғозбозлик, ҳисоботбозлик иллатидан қанча тез халос бўлсак, шунча яхши. Республика “Маънавият тарғиботи” марказидаги суҳбатларимдан бирида менга: “Бирор мавзуда маданий-маърифий тадбир ўтказсак, икки-уч, баъзан бундан-да кўп ташкилотларга ҳисобот тайёрлашимиз, ҳар бир ҳисоботга икки-учтадан расм илова қилишимиз керак. Ўз устимизда ишлашга, машғулотларга тайёргарлик кўришга, қўшимча адабиётларни ўқиб чиқишга вақтимиз деярли қолмайди. Нега шундай?” деган савол беришди. Бу тўғрида ҳам ўйлаб кўриш зарур.
Маърузада яна бир муҳим фикр — фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти эканлиги алоҳида таъкидланди. “Биз бугун, демократик ўзгаришлар даврида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида бевосита ва фаол иштирок этиш истагида бўлган фуқароларимизнинг салоҳияти тўла намоён бўлишини таъминлашимиз лозим.Бу борада кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак”.
Муҳташам залда матбуотимизга доир ушбу вазифа янграганида, анча йиллардан бери озми-кўпми шу соҳада қалам тебратиб келаётган журналист, бугун бўлажак касбдошларимга сабоқ бераётган педагог сифатида Президентимизнинг шу йил 27 июнь куни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригидаги қуйидаги сўзлари ёдимга тушди: “Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз”.Ўзимга ўзим савол бераман: матбуот бугун одамларнинг дарду ташвишлари билан яшамоқдами, эркин фикр, соғлом баҳс-мунозара майдонига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айландими, шунга харакат қилмоқдами?
Таассуфки, бу саволларга бериладиган хаспўшловчи жавоблар, бошқаларни қўя турайлик, ўзимизни ҳам қониқтирмайди. Кейинги бир йил ичида халқимиздан келиб тушган бир ярим миллион мурожаатнинг кўпларида акс этган муаммолар жойларнинг ўзида, озроқ эътибор ва хафсала, виждон ва адолат билан ҳал қилса бўладиган ишлар эканлиги маълум бўлди. Шикоятлар орасида йиллар давомида ечими топилмаётган, “бор отангга, бор онангга” қабилида иш тутилиб, жабрдийдалар сарсон бўлаётганлари ҳам оз эмас. Токи шундай экан, наҳотки, матбуот бу муаммолардан бутунлай бехабар, аҳволни эшитмаган, билмаган, кўрмаган бўлса? Сўнгги бир йил ичида Президентимизнинг чуқур таҳлилли маърузаларида жамият ҳаётидаги камчилик ва нуқсонлар, хусусан, порахўрлик, таъмагирлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўйиш, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик каби ярамас иллатларга доир келтирилган факт ва рақамлар матбуотни мудроқлик уйқусидан уйғотмаётган бўлса? Баъзи газеталаримизнинг сўнгги саҳифасидаги: “Таҳририятга йўлланган мактублар таҳлил этилмайди ва уларга жавоб ёзилмайди” деган биргина жумла таҳририятга ўз дардини баён қилган, ундан ёрдам кутган газетхоннинг хпфсаласини пир қилади, ўртадаги ишонч кўпригивайрон бўлади.
Миллий тараққиётга юз тутишнинг муҳим шарти — эришилган ютуқларни холис баҳолаш, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни таҳлил қилиш, сабаб ва оқибатларини ўрганиш, ҳар бир ҳолатни ўз номи билан аташ, такрор хато қилмаслик йўлларини белгилашдан иборат. Шундай қилинсагина жамият ривожланади. Бу иш билан биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари шуғулланишлари керак. Жамиятнинг холис кўзгусига айланишнинг бошқа йўли йўқ. Бу билан газеталарда танқидий мақолалар кўп ва мўл бўлиши керак, демоқчи эмасман. Шов-шув кўтариш учун ёзиладиган эҳтиросли, кимнингдир шаъни-ғурурига тегиб кетадиган буюртма мақолаларнинг, тўқима фелъетонларнинг даври ўтди. Гап танқидий мулоҳазанинг таъсирчанлиги, холислиги, эзгуликка хизмат қилишида. Бугун “Нега матбуотда фелъетон кўринмай қолди?” деган саволга тез-тез дуч келамиз. Бунда савол берувчиларнинг айримлари собиқ тузум пайтидаги “ур тўқмоқ” чиқишларни, фош қилувчи айбномаларни кўзда тутишади. Бугунги матбуот бундай ҳукмфармолик билан шуғулланмайди, аммо бу — матбуотда танқидий чиқишлар кам бўлгани маъқул дегани эмас. Газеталарни жиддий кузатган киши истиқлолимизнинг дастлабки кезларида жуда фаол бўлган “Фармон ва ижро”, “Қарор ва ижро”, “Муаммо ва ечим”, “Ошкоралик давр талаби”, “Тазарру”, “Очиғини айтганда”, “Газетхон ошкор қилади” каби рукнлар деярли кўзга ташланмаётганини сезади. Давлатимиз раҳбари қабул қилинаётган барча қарорлар ҳам талаб даражасида ишламаётганини эътироф этди. Хўш, бундан ортиқ яна нимани кутиш керак?
Журналистикада хабардорлик, маҳорат, тил бойлиги, мавзуни пухта билиш, фикрни таъсирчан ифодалаш билан бирга, озроқ муаллифлик журъати, қатъият, тиришқоқлик ҳам талаб этилди. Бу фазилатлар муҳаррирлар ва бошқа мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланса, ижодкорнинг шашти қайтарилмаса, матбуот яна ўқишли ва таъсирчан бўлади.
Матбуотимизнинг яна бир қусури борки, унга бироз бўлса-да, тўхталмасликнинг иложи йўқ. Собиқ тузум мафкураси кишанларидан озод бўлганимизга чорак асрдан кўп вақт бўлди, Аммо бизнинг қайси мавзуни қачон ва қандай ёзишимиз асосан эскича сақланиб қолмоқда: аёллар, оналар, Наврўз тўғрисида март ойида, ватанпарварлик хусусида январда, болалар ҳақида июнда, Конституция мавзусида декабрда, ўқитувчи ва мураббийлар хусусида октябрда ёзамиз. Шу ойда тил муаммоларига бағишланган бир-иккита мақола чиқади. Бошқа пайтлари бошқа мавзулар билан банд бўламиз. Қизиқ: оналар ҳақида ёзда, кузда ёзиш мумкин эмасми? Ҳаётимизнинг асосий қонуни бўлмиш Конституцияни ўрганишга доир мақолалар газета-журналларда фақат қишда эмас, мунтазам чиқиб турса, бунинг нимаси ёмон? Бу саволни қўяётганимнинг боиси шуки, матбуотмиз ҳали-ҳануз эски, ҳамма жойда рад этилган, ташлаб юборилган кераксиз қолиплардан халос бўлгани йўқ. Танқид ва таҳлил кам. Баландпарвозлик, мадҳиябозлик, ўринсиз мақтов кўп. Оч қорним — тинч қулоғим. Аҳвол шу даражадаки, етакчи нашрларимизнинг журъати, қатъияти ва изланувчанлиги, муаллифларнинг танқидий мақолаларига муносабати республикамиз вилоятларида чоп этилаётган баъзи газеталар журъатидан ҳам паст.Аксинча бўлиш керак эмасми? Дастурхонга аввало оқсоқоллар қўл узатганидек, оқсоқол газеталар вилоят, шаҳар ва туман матбуотига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишлари, журъатли мақолалар туркумини устоз сифатида бошлаб беришлари лозим. Буни тушунадиган, журъатсизликдан воз кечадиган пайт келди.
Сўнгги фикрлар