Журналистик матн композицияси
Истеъдодли ёш журналист Моҳларойим Қаюмованинг мазкур тадқиқотини ўқиб келгусида ундан теран фикрли олима чиқишига умид уйғонди, дейди Дониш домла.
Макон ва замонда бир-бирига боғлиқ бўлмаган воқеалиқ ва ғояларни тушунтириш учун келтириладиган хилма-хил қарашлар, маълумот ва фактлар, турли одамларнинг фикри ва масалага муносабати журналистик материалда бирлаштирилади. Бироқ улар шунчаки бириктирилмаслиги, балки турли воситалар билан ўзаро боғланиши, натижада яхлит асарни ташкил қилиши лозим. “Матн яхлитлиги унинг алоҳида элементларида кўринмаган хусусиятларга эга бўлиб, бу ҳолат ўша таркибий қисмларнинг боғланганлиги натижасида юзага келади”[1]. Яъни, композицион яхлитлик – мазмун ва шаклнинг бирлашишидир.
“Шакл ва мазмун бирлигининг диалектикаси – матнни ташкил қилувчи элементларнинг турли даражада ўзаро боғланиши натижадасидир. Бу элементларнинг айримлари ҳодисанинг умумий моҳиятини тушунтирса (назарий факт, ғоя, концепция), колганлари ўша ҳодисанинг хусусий кўринишларига хос бўлган жиҳатларни аниқлаштиради (эмпирик факт, фикр, вазият). Ташкил қилувчи элементларнинг асосий гуруҳлари (фактик, тематик, концептуал) нинг шакл ҳосил қилишдаги имконияти бир хил эмас”[2]. Масалан, фактик элементлар информацион жанрларда, темактик (мавзуси ёритишга қаратилган) элементлар таҳлилий жанрларда, концептуал (материал ғояси билан боғлиқ) элементлар бадиий-публицистик жанрларда устунлик қилади. У ёки бу жанрни танлаш журналист олдида турган вазифаларга боғлиқ бўлади. Масалан, айрим ҳолатларда юз берган воқеа ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, бошқа ҳолатларда воқеаларни таҳлил қилиш, баъзан эса ўқувчига бирор ғояни етказиш муҳим бўлади. Ҳар қайси ҳолатда ҳам журналист ғояни баён қилишга киришишдан олдин унинг шаклини, яъни композициясини танлаши керак. Шакл – журналист баён қилмоқчи бўлган ғоянинг матн муҳитида шаклланиш ва ривожланиш динамикасидир. Шундай экан, журналистик материалнинг барча элементлари ўртасидаги сифат ва миқдор баланси муаллиф ғоясини мантиқий изчилликда ёритиш учун хизмат қилади. “Композиция, – дейди Е.П. Прохоров, – бу, авваламбор, муаллиф томонидан илгари сурилаётган фикр, ғоя, воқелик, вазият ва қарашларнинг журналистик асарда ўзаро боғлиқда жойлаштирилишидир”[3].
Журналистик асар қисмларининг шаклий уйғунлигига матн таҳрир қилишнинг монтаж принципи орқали эришиш мумкин. Аслида бу тушунча кино санъатига алоқадор бўлиб, яратилган материалдан энг яхши эпизод ва кадрларни танлаб олиб уларни ягона таркибга бирлаштиришни билдиради. Журналистик материалда эса монтаж принципи реал воқеликларни саралаш, матннинг энг яхши қисмларини ажратиб олиш ва уларни жойлаштиришда асқотади. “Материал композициясини қандай ташкил қиласиз?” деган саволга журналист А. Васинский шундай жавоб берган: “Сценарий ёзганимдаги тажрибам менга доим ёрдамга келади. Масалан, абзацларнинг жойини алмаштириб кўраман, кириш қисмини, хулосани қайта-қайта ўзгартираман, ритм, динамикага эришишга ҳаракат қиламан”[4]. Рус тадқиқотчиси Г. Лазутинанинг фикрича, “монтаж – матн қисмларининг кетма-кетлигини танлашдир”[5]. Лазутина матн қурилишини ташкил қилишнинг турли усулларини қайд қилади. Масалан, информацион жанрдаги материал қурилишини қуйидагича белгилайди: сарлавҳа (хед-лайн) – лид (кириш) – корпус (асосий қисм). Бу билан Лазутина матн қурилишида элементлар кетма-кетлигини тўғри танлаш айниқса муҳим эканини таъкидлаб ўтади[6].
Таҳлилий журналистика жанрларига оид мақолаларда композициянинг мураккаб кўринишларини учратиш мумкин. Негаки, бу типдаги мақолаларда журналист кўплаб воқеликларга мурожаат қилади, муайян фикрни исботлаш учун турли одамларнинг фикри ва масалага нисбатан мавжуд қарашларнинг барчасини ёритади. Шундай экан, бу йўналишдаги материалларда масаланинг барча жиҳатларини қамраб олиш учун мураккаб композицион ечим танланади. Ваҳоланки, информацион жанрларда композиция (муаллиф ёндашувидан қатъий назар) деярли барча ҳолатларда фақат фактик қисмдан иборат бўлади, публицистик жанрларда эса материалнинг сюжети буткул эркин бўлиб, ҳеч қандай қолипларга бўйсунмайди. Шу боис, айнан таҳлилий жанрларда матннинг композицион имкониятлари яққол намоён бўлади, дейиш мумкин.
Таҳлилий материал аксарият ҳолларда муайян қарашни ёқлаш учун ёзилишини ҳисобга олсак, унинг композициясини қуйидагича белгилашимиз мумкин:
- Сарлавҳа (кўп ҳолларда таг сарлавҳа билан);
- Кириш – аннотация;
- Конкрет ижтимоий масала (муаммо) нинг баёни – экспозиция;
- Муаллиф нуқтайи назари – гипотеза;
- Материалнинг асосий ғояси – тезис;
- Фикрларни исботлаш – аргументация;
- Қарши фикрлар – антитезис;
- Барча қарашларнинг умумий таҳлили – синтез;
- Хулоса;
- Масаланинг кейинги оқибатлари ҳақидаги фаразлар – прогноз.
Буни журналист Назира Тошпўлатованинг “Маърифат” газетасида чоп этилган мақоласи[7] мисолида кўриб чиқамиз:
- Сарлавҳа: Танқидми ёки танбеҳ?
Таг сарлавҳа: тарбияда қай бири устун?
- Кириш: “Бу икки тушунча ҳақида гап кетар экан, аввало улар таълим ва тарбияда кенг қўлланадиган усуллари сифатида эътироф этилади. <…> Табиийки, ҳар бир инсоннинг ақлий салоҳияти, руҳияти, феъл-атвори, кўникмалари ўзига хос. Шу боис унга нисбатан қўлланадиган тарбия усуллари ҳам турлича таъсир кўрсатади…”.
- Экспозиция. Муаллиф танқид ва танбеҳнинг тарбиядаги ўрнига тўғри баҳо бериш зарурати ҳақида ёзади: “…танқид билан танбеҳнинг маънолари бир-биридан фарқ қилади. Шунга қарамай ҳар икки тушунча ҳам кундалик ҳаётда бир мақсадда қўлланилади. Яъни шахснинг камчилик ва нуқсонларини аниқлаш ва уларни ошкор этиш орқали тарбиялашга эътибор қаратилади. Аммо кўп ҳолларда бу тушунчаларни бир мақсадда қўллаш кутилган самарани бермаслиги, баъзан акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкинлигига гувоҳ бўламиз…”
- Тезис. Бунда муаллиф танқид ва танбеҳнинг тарбиядаги ролига оид асосий муаммони қайд этади: “Афсуски, тарбия билан шуғилланувчи катталар, ота-оналар, устозлар, раҳбарлар <…> ана шу фарққа унчалик аҳамият бермайдилар. Аксарият ҳолларда танбеҳ ўрнига танқиддан фойдаланадилар…”. Ўқувчи мақоланинг давоми ана шу масаланинг ечимига бағишланиши тушуниб олиши мумкин.
- Гипотеза. Муаллиф масалага қуйидагича муносабат билдиради: “…ҳар бир шахсда ўзлик ва “мен” тушунчаси мавжуд экан, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикр, айниқса у таҳлилга асосланмаса, далилга эга бўлмаса, унинг ички туйғуларига, ғурурига, шаънига таъсир этади ва ўзини ҳақоратлангандек сезади…”
- Аргументация. Муаллиф тарбия жараёнида танқиднинг салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб (“Танқидда расмиятчилик устивор экан, уни тарбияда қўллаш кутилган самарани бермайди”), фикрнинг исботи сифатида қуйидаги аргументларни келтиради:
- “…кўпинча танқидга учраган шахсда тўғри хулоса чиқаришдан кўра, қасдма қасдига иш тутиш, ўч олиш кайфияти устиворлик қилади”
- “…илмга нисбатан бевосита, тарбияга эса билвосита ёндашув етакчилик қилган”
- “…ўринсиз ва асосланмаган танқидлар туфайли кишиларда бир-бирига нисбатан хусуматни, гина-кудратни пайдо қилади”
- “Ҳатто аниқ факт ва далиллар, илмий таҳлилга асосланган танқид ҳам кўп ҳолларда тўғри тушунилмай, баъзан ҳамкасблар, олимлар ўртасида қандайдир зиддиятни, адоватни юзага келтиради” ва бошқалар.
- Антитезис. Муаллиф танқиднинг ҳам тарбияда ўз ўрни бор экани ҳақида айтади – бу билан муаллиф қарши фикрни илгари суради: “…танбеҳ кор қилмаган пайтларда танқиддан ҳам фойдаланиш керак”. Бу ўринда респондент (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Б. Дўстқораев) фикрлари ўринли келтирилган: “Талаба устозининг танқидидан тўғри хулоса чиқариб, ўз устида яна ҳам жиддийроқ ишлайди”.
- Синтез. Муаллиф танқид ва танбеҳнинг аҳамияти борасидаги фикрларни умумлаштиради: “Демак, танқид ҳам керак…”, “Дўстона ва мулойим танқид эса инсоннинг шахсиятига дахл қилмай, фақат фаолияти, хатти-ҳаракатига нисбатан қўллангандагина самарали бўлади”.
- Хулоса. Муаллиф хулоса чиқаришни газетхоннинг ўзига қолдиради: “Миллий тарбияда танқид ва танбеҳ тушунчаларининг ўрни ва аҳамияти хусусида эътиборингизга ҳавола этилган ушбу мулоҳазаларимизни хулоса ўрнида қабул қилмаслигингизга ишонамиз, азиз газетхон.”. Айтиб ўтиш жоизки, бу жиҳат муаллиф Н.Тошпўлатова аналитикасига хос хусусиятлардан биридир. Матн композициясини яратишда ҳар бир муаллифнинг ўз услуби ва ёндашуви борлиги муҳим саналади.
Юқоридаги композиция муайян ижтимоий ҳодисани ўрганишга бағишланган мақолаларда айниқса қўл келади. Муаммоли мақолаларни ёзишда эса кўпинча масаланинг ечимини топишга қаратилган композициядан фойдаланиш самарали ҳисобланади:
- Сарлавҳа (кўп ҳолларда таг сарлавҳа билан);
- Кириш – аннотация;
- Конкрет ижтимоий муаммонинг баёни – экспозиция;
- Асосий қисм – корпус:
- Муаммо билан боғлиқ асосий тенденциялар
- Генезис – муаммонинг келиб чиқиши
- Бугунги кундаги ҳолати
- Фон – муаммонинг маҳаллий ва халқаро миқёсдаги кўринишлари
- Экстраполяция – жамланган маълумотларга асосланиб муаммонинг кейинги ривожланишини аниқлаш
- Ечим;
- Хулоса.
Ушбу қолипни Н.Тошпўлатованинг муаммоли мақоласи[8] мисолида кўриб чиқамиз:
- Сарлавҳа: Либосингиз – “мода”нинг талаби қандай?
- Кириш: “…Кўпчилик учун бу либосларнинг ярашгани, ўзига муносиблиги, ёшига, қоматига, киядиган даврасига тўғри келиш-келмаслиги муҳим эмас. Янги чиққан нарса, албатта, кийилиши керак, тамом. “Мода”нинг талаби шу”. Муаллиф муаммонинг баёнига ўтгани йўқ, фақат бу билан боғлиқ умумий манзара ҳақида сўз юритмоқда.
- Экспозиция: “…айрим йигит-қизларнинг кўр-кўрона мода изидан қувиши, уларнинг кийиниши миллий анъаналардан узоқлашаётгани, тор, калта, очиқ кийимларга қизиқиш борган сари ортаётгани, бу одатлар ўзбекчиликка зидлиги…” – муаммо.
- Корпус:
- Тенденциялар: “Қўшиқчилар бу борада ҳақиқий “жарчилар”дир”, “модаларнинг ривожланиши ва тарқалиш даражаси баланд”, “эркинликка интилиш ҳамда маданиятларнинг ўзаро яқинлашуви” ва бошқалар.
- Генезис: “Дастлаб тери ва жундан мато тўқиш ва тикишни ўрганган одамзод, кейинчалик пахта ва ипак толаларининг пайдо бўлиши билан либосларга қулайлик ва гўзаллик бахш этди <…> Аждодларимизнинг кийиниш маданиятига назар солсак, либослари, зебу зийнатлари ўзига хос, ранг-баранг бўлганлигини кўрамиз…”
- Бугунги кундаги ҳолати: “Бугунги кунда турли мамлакатларда пайдо бўлаётган ҳар қандай либослар, костюмлар тез орада дунё миқёсида урфга айланяпти. <…> Бугунги ёшларимиз жуда қизиқувчан, янгиликка ўч. Улар ҳар бир воқеа-ҳодисани эътиборсиз қолдирмайдилар. Айниқса, дунёда пайдо бўлаётган модалар ҳамиша уларнинг диққат марказида...”
- Фон: “…тор доирада, яъни маҳалла, қишлоқ, шаҳар миқёсида ҳамда иккинчиси, кенг доирада мамлакат, дунё миқёсидаги модалар. Тор доирадаги либосларда миллий ўзига хослик устун бўлади. Кенг доирада, яъни бутун дунёда урф бўлган кийиниш маълум мамлакатда пайдо қилинса-да, унга бошқа мамлакатларнинг таъсири ҳам бўлади”.
- Антитезис: “Бугунги ёшларимизнинг ғарб модасига муккасидан кетаётгани, улар миллий кийиниш анъаналарини унутдилар, дегани эмас”.
- Экстраполяция: “Модани тақиқлаш мумкинми? Инсон табиатида тақиқланган нарсага қизиқиш кучли бўлади. Ота-онаси тақиқласа ҳам бола аввал шуни қилиб кўради”.
- Ечим: “Ман қилишдан кўра ёшларга тушунтириш, уларнинг диди, фаҳм-фаросатини тарбиялаш кўпроқ ижобий натижалар бермайдими? Шундан кейингина танлаш ҳуқуқини ёшларнинг ўзларига қўйиш керакдир, балки. Муҳими, бу борада ота-оналар ҳам фарзандларини тушуниб, ўзларини уларнинг ўринларига бир зум қўйиб кўрсалар, ёмон бўлмасди”.
- Хулоса: “Энг зарури, ана шу дидни, фаҳм-фаросатни тўғри тарбиялай билиш кишини безайди, янада хушсурат қилиб кўрсатади. Тарбиялайдиган эса, жамоатчилик, яъни сизу биз — барчамиз”.
Журналистик материал композициясини самарали ташкил қилишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:
- Журналистик материал воқеликнинг якунидан бошланиши мумкин. Бунда кейинги эпизодлар воқеликнинг умумий хронологиясини тиклашга хизмат қилади. Бу шакл “тескари композиция” дейилади: “…Қўшнимиз Раъно ая ҳовлиққанча уйимизга кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрашга улгурмадимки, қўлимга бир парча қоғозни тутқазди. “Улар шунинг учун ўлганмиди!?” – аянинг кўзидан ёшлар сизиб чиқарди…
1942-йилнинг саратонида минглаб ҳамюртлари сафида Раъно аянинг отаси тошкентлик косиб Неъмат Раҳимов ҳам олис рус ерларида жанг қилиш учун жўнаб кетди…”[9]
- Муаллиф “халқа усули”дан фойдаланиши мумкин. Бунда журналистик асарнинг кириш ва хулоса қисми битта воқеага бағишланган бўлади. Асосий қисмда гап бошқа воқелик ҳақида кетса ҳам, кириш ва якунда ўша ғояни тўлдирувчи бошқа фикрлар илгари сурилади. “Ҳуррият” газетасида чоп этилган “Матбуотдаги реклама: ахборот турими ёки даромад манбайи?” сарлавҳали мақоланинг композицияси қуйидагича:
“…Янги ичимликнинг оммалашиб кетишига ҳеч ким ишонмасди. Ҳатто Жон Пембертоннинг ўзи ҳам бунга шубҳа билан қараган эди. АҚШнинг Жоржия штати дорихоналаридан бирида сувнинг стаканини 5 центдан сотишни бошлаган Пембертон касодга учрамаслик учун “Атланта жорнэл” газетасида эълон берди.
Бугун одамлар ўзлари билган ва билмаган ҳолда ҳар куни рекламага тўқнаш келади. Радио, телевидение орқали, транспортда, кўча-кўйда, идора ва муассасаларда – умуман ҳар ерда рекламани учратиш мумкин
<…>
Реклама нафақат ахборот, маҳсулот, балки сўз қўллаш санъати ҳамдир. Айниқса матбуот рекламалари ҳақида гап кетганда, бунга алоҳида тўхалиш ва реклама матнлари таҳлилига эҳтиёж пайдо бўлади.
…Матбуотда берилган биттагина эълон ичимликни машҳур қилиб юборди. Кейинчалик, Жон Пембертон ўзининг барча муваффақиятлари учун реклама матнини ёзган журналист олдида миннатдор эканини айтди. Пембертон рекламани санъат тури деб биларди. Агар шундай бўлмаганида, Пембертоннинг ноёб ичимлиги – “Кока Кола” дунё бўйлаб тарқалиб кетмасди. Шундай эмасми?”[10]
- Журналистик асарда “ретроспекция” (“ўтмишни эслатиш” деган маъноларни англатади) методидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда баён қилинаётган воқеа бирдан тўхтатиб қўйилади, ва ўтмишдаги бошқа (баён қилинаётган воқеанинг келиб чиқишига сабаб бўлган) эпизодга қайтилади: “Кундаликни ўқимасимдан аввал бобомни яхши биламан, деб ўйлаган эдим. Энди эса қаттиқ адашшанимни англадим.
Бобом тўртинчи синфга ўтганида китоб сотиб олишга пул топилмабди. Шунда ҳар куни уй вазифасини тайёрлаш учун нариги маҳаллада яшайдиган дўстининг уйига китоб сўраб борадиган бўлибди”[11]. Баъзан ретроспекцияни яратиш учун қаҳрамоннинг хотиралари киритлади. Бу “асар ичида асар” усулидир.
- Муаллиф “композицион бўлиниш” усулидан фойдаланиши мумкин. Бунда муаллиф воқеани энг қизиқарли жойида тўхтатиб, кейинги бўлимда бошқа воқеанинг баёнига ўтиб кетади: “Барчасига сабаб эса ўша машъум воқеа… Устози бутун синф олдида “енгилтак” деганидан сўнг, Нозима мактабда энг фаол, аълочи ўқувчидан индамас, борлигини ҳам сездирмайдиган, ўрта баҳога ўқийдиган қизга айланди… Тарбия борасида ўзбек халқининг ўзига хос фалсафаси бор. Халқимиз камол топаётган ўғил-қизга кейинчалик оилада, жамиятда тутадиган ўрнидан келиб чиққан ҳолда алоҳида ўзига хос тарбия беради”[12].
Кўриниб турибдики, композиция – бу журналистик материалнинг шакли, бироқ унда мазмун акс этади. Шунинг учун ҳам, композиция муаллиф ғоясини ёритишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Композициянинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида тадқиқотчилар турли фикрларни билдиришади. Улардан бири Л.М. Майданова материални алоҳида бўлимларга ажратиш усулини журналист ғоясини тўлиқ етказиб беришнинг энг самарали усули сифатида қайд этади[13]. Масалан, мақола бир неча қаҳрамонларнинг ҳикояларидан иборат бўлиб, улар ўзаро фақат журналистик ғоя орқали боғланган бўлса, уларни бўлимларга ажратиб бериш яхши ечимдир. Сарлавҳалар билан ажратилган маъновий қисмлар воқеанинг ривожланиш хронологиясини, ёки муаллиф ғоясининг мантиқий изчиллигини кўрсатиб беради. Миллий матбуотимизда бу усул журналист Назира Тошпўлатова ижодида алоҳида ўрин тутади. Буни журналистнинг “Маърифат” газетасида чоп этилган “Ким ҳақлироқ ёхуд яна таълим ва тарбиядаги мувозанат хусусида” сарлавҳали мақоласи[14] мисолида кўриб чиқамиз. Мақола қуйидаги қисмларга ажратилган:
- Изоҳга ҳожат бор
Таълим ва тарбия тушунчалари ҳақида мулоҳаза юритилади.
- Ўртада бегона йўқ, аммо…
Муаллиф таълим ва тарбия ўртасидаги мувозанат масаласини кўтаради. Унга ким масъуллиги ҳақида савол қўйилади.
- Мукофотга шарбат
Мактабларда болаларга бир хилда муносабатда бўлмаслик, бу ҳолатнинг юзага келишига ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлаётгани айтилади. Бунга мисол сифатида мактабдаги тадбирда мукофотга шарбат олган бола ҳақида (сарлавҳа шунга ишора қилмоқда) парча келтирилади.
- Вазифадан ташқаридаги масъулият
Ўқитувчиларнинг тарбия масаласига иккинчи даражадаги фаолият тури сифатида қараши ҳақидаги муаллиф мулоҳазалари берилган.
- Ҳар кимники ўзига…
Ота-оналарнинг айбни фарзандидан эмас, ўқитувчидан қидириши ҳақида ҳаётий мисол келтирилади.
- Мулоҳаза ўрнида…
Муаллиф хулосалари.
Демак, мақоланинг композициясини яратишда муаллиф муайян кетма-кетликни ишлаб чиқиши муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, композиция – авваламбор, мантиқий изчилликдир. Бунда воқеалар динамикаси – сюжет ҳам муҳимдир. “Сюжет” сўзи француз тилидан олинган бўлиб, “sujet” предмет деган маънони англатади. Яъни, сюжет – бу асарнинг воқеалар системасидир. Сюжет муаллифнинг у ёки бу ҳодисага муносабатани кўрсатиш учун хизмат қилади. Муаллиф ҳикоя қиладиган воқеалар (фикрлар) муайян кетма-кетликда юз беради, сабаб-натижа муносабатини юзага келтиради ва охир-оқибат якун топади. Юқорида таҳлилга тортилган “Ким ҳақлироқ?” сарлавҳали мақолада сюжет имкониятларидан тўла фойдаланилган.
Муштарак айтганда, материалнинг композицион ечими муаллиф ғоясини ўқувчига аниқ ва тушунарли етказишда муҳим аҳамият касб этади. Турли композицион усуллардан фойдаланиш эса контент хилма-хиллиги ва муаллиф индивидуаллигини таъминловчи жиҳатларидан биридир.
Моҳларойим Қаюмова,
халқаро журналистика факультети талабаси
[1] Кайда Л.Г. Эффективность публицистического текста. М., 1989. 16-б.
[2] Горохов В.М. Указ. соч. 147-б.
[3] Прохоров Е.П. Искусство публицистики. М., 1984. 345-б.
[4] Кольчик С. Заветный «мешок» Александра Васинского // Журналист. 1997. № 6. 2-б.
[5] Лазутина Г. Параметры журналистского текста // Журналист. 1997. № 8. 64-б.
[6] Лазутина Г. Параметры журналистского текста // Журналист. 1997. № 8. 64-б.
[7] Танқидми ёки танбеҳ ёхуд тарбияда қай бири устун? “Маърифат” газетаси
[8] Либосингиз – “мода”нинг талаби қандай? “Маърифат” газетаси
[9] “Инсон яшаш учун туғилади…”, “Ҳуррият” газетаси, 12.01.2016.
[10] Матбуотдаги реклама: ахборот турими ёки даромад манбайи?, “Ҳуррият” газетаси
[11] Бобом. “Оила ва жамият” газетаси
[12] Куртак ҳам нурга интилади “Ҳуррият” газетаси
[13] Майданова Л.М. Структура и композиция газетного текста (средства выразительного письма). Красноярск, 1987. 136-б.
[14] Ким ҳақлироқ ёхуд яна таълим ва тарбиядаги мувозанат хусусида. “Маърифат” газетаси
Сўнгги фикрлар