Журналистларлар учун ўқув-курс ташкил этилди
Ижод майдонида жавлон ураётган журналистлар назарий билимларини ҳам мустаҳкамлаб бориши – қаламларини янада ўткир, фикрларини теран қилади, дейди Дониш домла.
Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида “Муҳаррирликка ихтисослашган журналистларнинг касб-малакасини ошириш” мавзусида икки кунлик ўқув-курс ташкил этилди. Унда босма ва электрон ОАВ муҳаррирлари, ёш журналистлар иштирок этмоқда. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларини ОАВда ёритишда муҳаррирларнинг касбий билим ва малакаларини оширишга оид мавзуларда маърузалар тингламоқдалар. Бу борада фикр ва тажриба алмашмоқдалар.
Ўқув курсида тингловчилар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доцентлари Аҳмаджон Мелибоев, Муқаддас Холиқова, Тўлқин Эшбекларнинг маърузаларини қизиқиш билан тингладилар. Амалий машғулотлар давомида газеталарни нашрга тайёрлаш борасида халқаро ва миллий тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.
Машғулотлар давомида қайд этилганидек, глобаллашув жараёнларининг шиддат билан авж олиши ОАВ соҳасида дунёда ва мамлакатда содир бўлаётган воқеликларга тез ва мос тарзда муносабат билдиришни тақозо қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ОАВ вакиллари олдига кенг жамоатчиликка ахборотни тезкор, холислик билан аниқ, асосланган далиллар асосида етказишдек муҳим вазифани қўяди.
Журналистика турли касблар: муҳаррирлик, ёзувчилик, ноширлик, ташкилотчилик ва бошқа турли йўналишларни ўзида қамраб олиши барчамизга маълум. Ишлаб чиқариш ва техника соҳасидаги кескин ўзгаришлар, замонавий ОАВ тараққиёти олдидаги вазифаларнинг тобора кенгайиб бориши журналистика ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг янада мураккаблашиши, анъаналарнинг ўзгаришига олиб келмоқда. Бу эса, ўз ўрнида журналистикада ихтисослашув масаласига жиддий эътибор қаратилишини талаб этади. Ижтимоий ҳаётга янгиликларнинг шиддат билан кириб келиши, ўз ўрнида, ахборотни таҳририят нашрларида жойлаштирадиган муҳаррирлар олдидаги масъулиятни ҳам янада оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида қайд этилганидек, “Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо, уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди”.
Маърузачилар журналистларни қайта тайёрлашнинг муҳим йўналиши сифатида уларни замонавий технологиялар, хорижий тиллар, Интернетни ўзлаштириш, таҳририятлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада кўпроқ жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ёш журналистларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда профессионал журналистлар тажрибаси ва маҳоратидан фойдаланишни янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув-курсида журналистларни мазкур соҳага ихтисослашуви борасида мутахассислар томонидан атрофлича маълумотлар берилди.
Интерфаол тарзида ўтган ўқув-курсида тингловчилар бу борада ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир якунида мазкур ўқув-курсда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ журналистларга Жамоат фонди томонидан махсус дипломлар топширилди.
Моҳичеҳра Жумаева,
ЎзМУ газетаси жамоатчи мухбири
Сўнгги фикрлар