ҲОФИЗ ТВда КЎРИНГАНИДАН ХУРСАНД, БИРОҚ «НОТЎҒРИ» КЎРСАТИШГАНИДАН ХАФА!
“Аҳмад васваси” номли махсус кўрсатув намойиш этилди. Чинозлик бой атрофидаги машмашалар, чув тушганлар, элни лақиллатиб алдаганлар ва яна алланималар фош этилди. Бой тўйида хизмат қилган машҳурлар орасидан иккитасига урғу қаратилди. Бири, кулгу устаси Обид Асомов, иккинчиси ҳофиз Шерали Жўраев. Шундан сўнг, одамлар орасида «шу иккиласи ҳам Аҳмадга пул берган» деган турли-туман миш-мишлар урчиди. Кўрсатув намойишидан оз фурсат ўтиб, Асомов истеҳзоли мулоҳазаларини истаграмдаги саҳифасида батафсил билдирди. 5 йилдан бери ойнаи жаҳонда кўринмаётган қизиқчи бир йўла 3 та телеканалда намойиш этилган кўрсатувда эслатиб ўтилганидан “мамнун” эканлиги, бой билан ҳеч қандай олди-бердиси йўқлиги, лозим бўлса, тўйдан кейин кийиб кетган бир жуфт пойафзални эгасига қайтариб беришини ёзди.
Шерали Жўраев ТВда лаҳза-лаҳза бўлса-да, бир неча маротаба кўрсатилганидан Россиядан, сиҳатгоҳдан қайтганидан кейин хабар топди. У “емаган сомсасига пул тўлаш”ни хуш кўрмади. Неча йилларки, эл хизматида юриб, қадр топган ҳофиз ўз номини “Аҳмад васвасаси” билан боғлашларига жимгина қараб туролмади. Куни кеча ўз ҳақиқатини расман баён этди:
-Энг қизиғи, бу “бой”нинг исмини ҳам аниқ билмайман. Санъат аҳлининг эл хизматида юриши бурч саналади. Айниқса, етим фарзандларнинг тўйларида беминнат қўшиқ куйлаш фарз ҳамдир. Бир танишим чинозлик тадбиркор моддий кам таъминланган маҳалладошларининг тўйини ўтказиб бераётганини айтиб, таклиф этди. Савоб умидида таклифга рози бўлдим. Машинамда бордим. Таниш жойлар. 1968-йилларда қаттиқ қор ёққанида шу жойларда қолиб кетганимни эсладим. Шу тўй куни йўлимиздан ичиб олган бир ҳайдовчи чиқиб, ҳеч йўл ҳам бермади. Шу бехосият ҳолат орқамга қайтиб кетишимга ҳам ундади. Бироқ етимлар тўйида хизмат қилиш ҳурмати бу вазиятдан устун турди. Тўйхонада тумонат одам. Таъбир жоиз бўлса, санъаткорларнинг ҳам саноғи йўқ. Навбат беришди. Шундай хайрли тўй бошида турганларни ҳам дуо қилдим. Санъаткор кўплигидан, “икки яримта” қўшиқ айтдим, холос. Шу билан уйга қайтдим. Кўрсатувга келсак, нега айнан менга эътибор қаратишгани ғалати. Шунча санъаткор қолиб, мени “реклама” қилишдан мақсад нима? Бир пайтлар менга ёв бўлган айрим инсонлар айтганди: “Агар сени ТВда кўрсатсам, хотиним талоқ бўлсин”! Қизиқ, уларнинг ваъдаси қаерда қолди? Улар ҳозир ўз мансабида ишлаяптими ё йўқ, бундан бехабарман. Барибир ойнаи жаҳонда кўрсатишар экан, кўрсатишга арзигулик қанча ижодий ишларим, концертларим бор. Инсоннинг хато қилишини кутишадими? Аслида нотўғри ҳаракат қани? Хатоим – етимлар тўйида “2,5 та” қўшиқ куйлаганимми? Хурсандман, ТВда чиқишимни узоқ кутган элимиз учун дийдоримни кўрсатишди. Бироқ, “нотўғри” кўрсатишганидан ранжидим – дейди, “васваса”ли кўрсатувга номи аралашган Шерали Жўраев.
Шу кунларда телеграмда “Аҳмадбойга пул берган артистлар” номли рўйхат ҳам айланмоқда. Ростми ё ёлғонми, омма ишониб қолмоқда. Бировни айблашдан осон иш йўқ. Лекин, исботсиз далиллар билан кимнидир ноҳақ айблаш, виждонсизликдир.
Узоқ кутилган нигоҳларнинг бирдан ТВда “пайдо бўлиши” ҳақиқий “сюрприз” бўлди. Балки, уларнинг ижоди ҳам бундан кейин яна бир “сюрприз” тарзида ойнаи жаҳонда намойиш этилиб қолинса ҳам ажабмас. Бўлиши мумкин! Бир фильм номи ёдга тушди: “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”. Яхшиликка ҳамиша умид қиламиз.
Жасур ҲАМРОЕВ
http://hordiq.uz
Сўнгги фикрлар