Журналист – жамият виждони
Президент мурожаати – уйғоқликка чорлайди.
“Танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчи ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап, – деди давлатимиз раҳбари. – Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги – бу давр талаби. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби. Ўтган тўрт йил давомида жамиятда очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораяпмиз. Қийин бўлаяпти, лекин ўрганаяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларнинг услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.
Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз фаолияти давомида ОАВ билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур».
Дарҳақиқат, сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистон журналистикасида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўша тўрт йил олдинги ҳолатни эслайлик. Ҳеч қандай муболағасиз, ОАВларимиз чуқур кома ҳолатида эди. Юртимиздаги энг йирик газеталаримиз ахборотномадан ҳеч қандай фарқ қилмасди. Тараққиётга тўсиқ бўлаётган иллатлар ҳақдаги танқидий, таҳлилий материаллар на телевидениеда бериларди, на матбуотда. Берилгани ҳам маълум бир қолиплар асосида тайёрланар эди. Ўзбек журналистикасининг асосини ташкил этган хабар жанридаги материаллар ҳам маълум бир параметрга жавоб берадиган, қаттиқ селекциядан ўтган, фақат тарғиб-ташвиқ руҳидаги материаллар бўларди. Ўша кезлари жамиятнинг ОАВга бўлган ишончи деярли бой берилгани маълум. Энг ачинарлиси, ҳаққоний ахборот қаҳатчилиги сабабли миш-мишларга кенг йўл очилгани эди. Гўёки, ўзбек жамияти чин маънодаги демократияга тайёр эмаслиги, назоратсиз журналистика эса жамиятни пароканда қилиши мумкинлиги каби важлар асос сифатида келтирилар эди.
Хўш, жамиятда эркин, мустақил журналистиканинг ўрни қандай ўзи? Нега ундан, Президент таъкидлаганидай, айрим раҳбарлар қўрқишади? Бу каби саволларга ҳам жавобни тараққийпарвар жадидлар фаолиятидан топиш мумкин. Бугунги кунда Исмоил Гаспиринский муҳаррирлигида чиққан «Таржимон» газетаси ҳақида билмайдиган одам кам. Бу нашр туркий тильда сўзлашувчи халқларнинг илк нашридир. Бу нашр мустамлака исканжасида, жаҳолат гирдобида қолган халқнинг мудроқ кўзини оча олди. Бир вақтлар дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган, илм-кашфиёт билан етакчилик қилган халқ, дунёдан бир неча асрлар орқада қолганини кўрсата билди. Марказий Осиёда «Тараққий», Беҳбудийнинг «Ойна» журнали ва бошқа ўндан ортиқ газета-журналлар шу нашр таъсирида дунёга келди. Асрлар давомида ўзининг қобиғига ўралиб олган халқни дунё билан таништирди. Жамиятдаги турли хил муаммоларни таҳлил, таҳқиқ қилиб берди. Натижада Туркистон жадидчилиги жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш даражасига ўсиб чиқди. Маълум бўладики, сўз эркинлиги узоқ даврлар турғунликда яшаган халқни уйғотиши мумкин.
Машҳур олим Г.Почепцов бўлғуси матбуот котибларига: «Сиз телевидениега интервью беришдан олдин, яқинларингизни бу ҳақда огоҳлантириб, зангори экран қаршисида ўзингизни қандай тутганингизни, камчиликларингизни айтиб беришларини илтимос қилинг… шундагина сиз ўз нуқсонларингизни билиб олишингиз ва унинг устида ишлашингиз мумкин», дея маслаҳат беради. Демак, тўғри танқид шахснинг ҳам, жамиятнинг ҳам фойдасига ишлайди. Яна бир мисол, дунёнинг иқтисоди илғор ва армияси қудратли бўлган АҚШда журналистларга, «Демократиянинг қўриқчиси», дея таъриф беришади. Демак, айнан журналистлар раҳбар ходимларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишига йўл қўймаслик учун жидду жаҳд қилади. Журналистларнинг «микроскоп» остидан кузатишлари раҳбарларнинг тинимсиз ишлашига ва натижада тараққиётга олиб келади.
Сўнгги тўрт йил ичида, жамиятимизда муаммоларни журналист ва блогерларимиз дадил кўтариб чиқаётир. Илгарилари ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат – вилоят ҳокимларининг фаолиятини кузатиш, керак бўлса, танқид қилиш бошланди. Ташқи миграция агентлигининг фаолиятини журналист ва блогерлар томонидан танқид қилингани ушбу муассаса ишида ижобий ўзгаришларга олиб келгани ҳам ОАВнинг чин маънода тўртинчи ҳокимиятга айланаётганидан дарак беради. Ёки энергетика соҳасида муаммолар бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келаётгани, блогер ва ОАВлари томонидан кенг муҳокама қилиниб, вазир биринчи ўринбосарининг ҳисоботидан сенаторлар қониқмаганини эслайлик. Кўриб турганингиздек, сенатор ва депутатларимизнинг ҳам ҳушёр тортишга журналист ва блогерларнинг фаолияти сабаб бўлмоқда.
Журналистика – жамиятдаги адолатсизликлар ҳақида бонг урадиган «барометр». Демак, у – жамият виждони. Президентимиз мурожаатномасида ҳам журналистлар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига холис ва юқори баҳо берилгани сабаби шунда. Ушбу касб эгалари фаолиятига билдирилган бу ишонч, шубҳасиз, муносиб самара беради.
Равшан ОМОНОВ,
Шоҳрух ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети ўқитувчилари
https://www.uza.uz/uz/posts/jurnalist-zhamiyat-vizhdoni_198555
Сўнгги фикрлар