Журналист-кадрлар тайёрлаш, аввало, факультетимизга иқтидорли
ёшларни қабул қилиш, ўз навбатида талабаларни турли таҳририятларга ишлаб чиқариш амалиётларига юбориш, мамлакатимиздаги барча туман, шаҳар, вилоят ва республика оммавий ахборот воситалари таҳририятлари билан ўқув даргоҳимизнинг ҳамкорлик алоқаларини узвий равишда йўлга қўйиш, ниҳоят, қўлига диплом олган ёш кадрларни ишга юборишдек масъулиятли ишларни амалга оширишда айнан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бизга амалий жиҳатдан бош-қош бўлишини истардик. Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир йўналиш (факультет) ортида тегишли вазирлик, қўмита ва бошқа юқори идоралар тоғдек таянч бўлиб туради. Худди шундай бу йилдан эътиборан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетининг малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш борасидаги таянч ташкилоти — Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бўлади! Бу мамлакатимизда журналист-кадрлар тайёрлаш борасида янги ва ғоят муҳим босқич бўлиши аён ҳақиқатдир. Шу тариқа республикамизниинг барча туман, шаҳар, вилоят таҳририятларигача етук кадрлар тайёрлашга эришамиз, деган умиддамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири
Қуйидаги мақолани талабаларимизга маҳорат сабоқлари сифатида тавсия этамиз, дейди Дониш домла.
ҲАЁТ БОР ЭКАН, ЖУРНАЛИСТ ФАОЛИЯТДАН ТЎХТАМАЙДИ
Ҳамма замон ва маконларда ҳам инсоният бошига турли хавф-хатар ва синовлар тушган. Айни кунда бутун дунё аҳли – жамоатчилигини ташвишга солаётган “Covid-19” вируси ҳам одамзод учун ана шундай таҳдидлардан бири, дейиш мумкин. Буни халқимиз “Яратганнинг бир синови” дея қабул қилиб, имкон қадар ундан кам зарарланган ҳолда ўтиш, бошқача айтганда, касалликни тўлиқ бартараф этиш учун биргаликда жиддий курашга киришган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3 апрель куни халқимизга қилган навбатдаги мурожаатида ҳам мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича барча чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.
Маълумки, карантин муносабати билан юртимизда бир қатор тартиб-қоида ва чекловлар жорий этилиб, коронавирусдан ҳимояланиш учун тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш борасидаги ишлар давом этмоқда. Уларга қатъий амал қилиш, интизомли бўлиш, вирус тарқалиши олдини олишга ҳисса қўшиш, ўз вазифаларимизни санитария-гигена талабларига тўла-тўкис риоя этган ҳолда, янаям масъулият билан адо этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Юртимизда “Covid-19” вируси тарқалишини олдини олиш ишларига ҳисса қўшаёган, жонини хатарга қуйиб бўлса-да фаолият олиб бораётган турли соҳа ва тармоқ ишчи-хизматчилари орасида оммавий ахборот воситалари ходимлари – журналистлар ҳам бор. Бу – табиий ҳол. Негаки, ахборот замонида яшаяпмиз, “кўринмас ёв” ваҳимаси бутун дунёга ёйилган шу чоғда одамларнинг тезкор, холис ва ишончли информацияга бўлган эҳтиёжи ҳар доимгидан ҳам юқори, уни қондириш эса ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ҳаёт бор экан, журналист фаолиятдан тўхтамайди.
Давлат ва нодавлат, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар, телеграмм ва телерадиоканаллар раҳбар ва ходимлари, вазирлик ва ташкилотларнинг матбуот хизматлари масъуллари буни тўғри тушунган ҳолда, ҳамжиҳатликда, асосан масофавий тартибда ишлашни давом эттирмоқда.
Элу юрт корига камарбаста бўлишга бел боғлаган бу ижодий жамоалар аъзолари Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбари қабул қилаётган фармон ва қарорлар, республика махсус комиссияси қарорлари мазмун-моҳиятини аҳолига содда, халқчил тилда етказиш ва тушунтириб беришга астойдил ҳаракат қилмоқда.
Муайян соҳалар етакчи мутахассис ҳамда матбуот хизматлари раҳбарлари билан ҳамкорликда шу кунларда ўта долзарб ва муҳим аҳамиятга эга масалаларга бағишланган материаллар – мақолалар, эшиттириш ва кўрсатувлар, он-лайн дарслар, ижтимоий роликлар тайёрланиб эълон қилиб борилаётир, айримлари тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Матбуот нашрлари мутасаддилари ўз обуначиларига газеталарининг электрон вариантини ҳам тақдим этишни кенг йўлга қўяётир. Дунё ва юртимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор хабарлар, карантин пайтида нималарга қатъий риоя этиш бўйича маълумотлар тақдим этилмоқда.
Бир қатор телерадиоканаллар, “Халқаро пресс-клуб”, “Янги Ўзбекистон” –“Правда востока”, “Халқ сўзи”–“Народное слово”, “Ишонч” – “Доверие” сингари газеталар таҳририяти, uza.uz, kun.uz, daryo.uz, qalampir.uz каби веб-сайтлар жамоалари бу борада фаоллик кўрсатишга интилмоқда.
Дарвоқе, ҳозир мамлакатимиз аҳолисининг кўп қисми асосий информацияни қўлидаги мобиль телефони орқали олмоқда. Юртдошларимизнинг интернетдан, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш даражаси ўсиб бораяпти. Шу ўринда айтиш жоиз, айрим телеграмм гуруҳларда “Covid-19” билан боғлиқ ёлғон маълумотлар ҳам учраб турибди. Мисол учун, яқинда самарқандлик Ш. И. телеграмдаги «Тўхтабозор» гуруҳига овозли хабар йўллаб, гўёки Самарқанд шаҳрида яшовчи бир таниши коронавирусга чалингани ҳақида нотўғри хабар беради. Маълумотларга кўра, ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга қонуний жазо тайинлаган.
Албатта, тарқалган бу каби ёлғон маълумотлар одамлар ўртасида асоссиз ваҳима келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис ҳам бундай ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.
Зинҳор унутмаслигимиз керак, “Covid-19” вируси тарқалишини олдини олиш, унга бутунлай чек қўйилишига барчамиз масъулмиз. Ҳар биримиз буни – масала моҳиятини теран англаб, қалбан бирлашиб, тартиб, ақл ва сабр-қаноат билан, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда “кўринмас ёв”га қарши курашни изчил давом эттиришимиз лозим ва шарт. Зеро, “Интилганга толе ёр”, “Сендан ҳаракат – мендан баракат” дея бежиз айтилмаган.
http://journalist.uz/
Сўнгги фикрлар