ЖУФТ ҚАНОТНИНГ ПАРВОЗИ
Ардоқли адиблар Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотирасига
Андижон томонларда унган бир лола эди,
Устоз Ғафур Ғуломга нақ сингилдай Саида,
Она-юрт ўз бағридан узган зувола эди,
Бахт шуъласи ўйнаган чиннидай манглайида.
Шошнинг ҳазилкаш, дилкаш йигити кўнглин олди,
“Тилингда болинг борму?” – дея шеър битди унга.
Жуфти қамалиб қолгач, қайнонасин ёнидан
олисламай, ёрини кутди, тун улаб кунга…
“Халқ душмани” – ёридан “Кеч!” дедилар – кечмади,
Қанчалар матн териб, тонглар оттирди тинмай.
Бошдан вафо рўмолин бир дақиқа ечмади:
“Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай…”
“Аёл” шеърин битганда асли Абдулла Ориф
Саида тақдирига гўё қилган ишора.
Ошкор, пинҳон кўзёшин оқизгандир ва лекин
Тақдирга миннат сўзи чиқмагандир тиш ора.
Саид Аҳмад бургут-у қўш қаноти – Саида,
Ҳаёт синовларида тиргакдир нозик жони.
Эр-у хотин адиблар айланди нур-зиёга,
Авлодларга ибратдир бул матонат достони.
«Адиблар хиёбони» энди мангу макондир,
Шоҳсупада жуфт ҳайкал садоқатдан берар дарс.
Саид ва Саиданинг руҳини шод этмоқлик –
Адаб, ижод аҳлига то абад қиёмат қарз!..
Тўлқин ЭШБЕК
2024 йил 15 февраль
Сўнгги фикрлар