Замонавий билим ва етакчилик қобилиятига эга хотин-қизлар – миллатимизнинг олтин фонди
Халқимиз баҳорнинг беқиёс гўзаллигини мунис аёлларимизнинг гулгун чеҳраларига қиёслайди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида ташкил этилган тантанали тадбирда муҳтарама аёлларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Муҳташам кошонага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган, жамият ҳаётининг барча жабҳасида фидокорона меҳнат қилаётган аёллар, Зулфияхоним қизлари ва меҳмонларни гуллар билан кутиб олган йигитлар залга кузатиб қўйди. Улар орасида мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам бор.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан муборакбод этиб нутқ сўзлади.
– Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин бир вазифа. Мана шундай пайтда Сиз, азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун одам шоир бўлиб туғилмаганига беихтиёр афсусланиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент хотин-қизларнинг барча соҳалардаги фаоллиги, айниқса, пандемия шароитида аҳоли саломатлигини асраш ва болаларни ўқитишдаги фидойилигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бошқарув тизимида уларнинг улуши 33 фоизга етди. Бир ярим мингга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари 6 та туманда аёллар ҳоким вазифасида ишлаётганини таъкидлаб, уларни олқишлади.
– Бундай замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президент.
Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга кўмаклашиш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилмоқда. Кейинги уч ойда ижтимоий ҳимояга муҳтож 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди, 32 минг нафари иш билан таъминланди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар хотин-қизларга салкам 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.
Президентимиз аёлларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир қарорни имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, жорий йилда турмуш шароити оғир аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 210 миллиард сўм, бошпанаси бўлмаганларни ижтимоий турар жойлар билан қамраб олиш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Шунингдек, муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни даволатиш, касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш учун ҳам катта маблағлар ажратилади.
Давлат раҳбарининг нутқи халқимизга, айниқса, ёш йигит-қизларга мурожаат, даъват ҳам бўлди.
– Оила – меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир”. Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийлар ва ёшларга катта ишонч билдирилди.
Маълумки, шу йил 22 февраль куни давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлаган эди.
Байрам тадбирида Президент шу борадаги вазифаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига тўхталиб ўтди. Қизлар тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топишига алоҳида аҳамият беришимиз зарурлигини қайд этди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. 3 мартдаги Президент қарорига кўра, йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Тантанали байрам тадбирида ушбу юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, жойларда ўзининг касб соҳасида катта натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган 297 нафар опа-сингилларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари берилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мўътабар оналар, опа-сингилларимиз, дилбар қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш нафақат вазифа, балки инсоний бурч эканини алоҳида таъкидлади.
Меҳмонлар тўкин дастурхон устида, кўтаринки кайфиятда байрамни нишонлади. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини бориб кўрди. Ётоқхона ва даволаш хоналарида яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари муассасада яшаётган фахрийлар билан суҳбатлашди.
– Бу ерга келиб, Ватанимиз учун кўп меҳнат қилган сиздек мўътабар инсонлар билан учрашиб турганимдан жуда хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, бу ердаги азиз онахонларимизни, шифокор аёлларимизни яқинлашиб келаётган 8 март байрами билан табриклайман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Нуронийлар давлатимиз раҳбарига ташрифи, кекса авлодга эътибори учун миннатдорлик билдирди.
Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида 138 нуроний давлат таъминотига олинган. Президентимиз бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш учун янги бино ҳамда пансионатга туташ 3 гектар майдонда Нуронийлар паркини барпо этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.
Видеоконференция тарзида ўтган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, ижтимоий муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мамлакатимиздаги «Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги шароитларни, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
– Бугун бошқача учрашув бўлади. Фақат бу пансионат эмас, мамлакатимиздаги барча 34 та «Саховат» ва «Мурувват» уйини яхшилаш чораларини келишиб оламиз. Уларда жами 9 минг 700 ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 8 минг 840 нафар нуронийларимиз яшаб, даволаняпти. Лекин бу уйларга ҳеч ким кирмаган, фақат байрамлардагина эсланган, тартиб, эътибор бўлмаган. Бундай инсонлар меҳр излайди, эътибор излайди. Уларнинг дуосини олсак, юртимизга барака ёғилади, – деди Президент.
Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Шароити оғир муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, тиббий ускуналарни янгилаш, замонавий физиотерапия бўлимлари ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
– Аввалги меъёрларни қайта кўриб чиқиб, бу жойларда яшаётган фуқароларимизнинг дориларини кўпайтириш, овқатлари сифатини ўзгартириш, таом тайёрлашда аутсорсинг тизимини йўлга қўйиш керак. Уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш учун яқин атрофдаги шифохоналар, мактабларни бириктириш ҳам мумкин. Бу ҳам эътибор, меҳр-оқибат. Бемор инсонларга эътиборни кучайтирсак, янаям соғаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Барча муассасаларга автобус совға қилиб, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш, концерт дастурлари, ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Касаба уюшмалари федерациясига «Саховат» уйларидаги барча нуронийларни ҳар йили бир марта юртимизнинг энг яхши санаторийларида соғломлаштириш вазифаси топширилди.
Давлатимиз раҳбари «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ходимларининг фидойилигини, меҳрибонлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича кўрсатма берди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/zamonaviy-bilim-va-etakchilik-qobiliyatiga-ega-xotin-qizlar-millatimizning-oltin-fondi_247068
Сўнгги фикрлар