ЗИЁЛИЙДУР
Шоир Тўлқин Эшбек-ИШТИХОНИЙнинг Бобурмирзо ғазалига назира йўлинда битган «ОНИЙ ВА СОНИЙ» ғазалига камина тарафиндан боғланган муҳаммаси соний
Асл банда дили Ҳақ ишқидан нурли, зиёлийдур.
Улусга тегса-тегсин наф дегай, ўзга зиёнийдур,
Балолар четлабон ўтгай-ким, Оллоҳ нигаҳбонидур
Магарким умри инсоннинг жаҳон боғида онийдур,
Биринчи галда инсофдур, неки қолгани сонийдур.
Асл банда ҳар сўзида Ҳақ номи-ла ичмас қасам,
Унга иймони кишандур, кўз, тил, аёққа расан.
Бу не бандалик экан – нафсим итидек чопмасам?
“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”
Бурун ўзини тонийдур, кейин ўзгани тонийдур.
Асл оламга ўтганда еган-ичганидан сўрмас,
Ким охират уйин обод қилур, бунда қаср қурмас,
Кема йўл зангин чалурса, киши он ушланиб турмас,
Агар кимда ақл қисқа эса ўз айбини кўрмас,
Ўзидан ўпка қилмасдан, бурун бошқани ёнийдур.
Дедим: “Ё Ҳақ!” ва қочти неча иблис аҳли “Вой-дод!”лаб,
Ўтарман тўрт кун умримда зиёрат, ё саёҳатлаб,
Яратган не буюргай, ва не бўлгай бандада матлаб?!.
Шукур аҳлига ёндошдим қаноат расмини ёдлаб,
Неки юз берса манглайга ёзилган кунга қонийдур.
Кишим билмас – гуноҳи йиғлағайму, шодумон – раҳмат,
Олурму ўз паноҳига Шафоат эгаси Аҳмад?!.
Яна билгувчи Аллоҳдир! Десак биз – бўлғуси туҳмат:
Ажаб боқий экан Ҳақ йўлида чеккан зиён, заҳмат,
Бу кун ташвиши деб қўлга киритган фойда фонийдур.
Банда ғайб илмига ётлик туфайлидан халакдир бу,
Тутар сомонни зар бўйлаб, шоҳи деса – алакдир бу.
Ҳазон сипоҳидан бир лаҳзада похол – палакдир бу,
Қадамда омаду шўриш кутиб турган фалакдир бу,
Дегин асли-азал шундай – бу дунё имтиҳонийдур.
Бебисмилло, магар бошлар эсанг шеъру сўзингга – суф,
Нафснинг йўлига юрган Худо зикрини этмас кўп,
Жўя-ножўя сўзлар кўп, вале, Оллоҳёр битмас кўп,
Мусофирлик кўрилмасдан мусулмонликка етмас кўп,
Азим Тошканда жой топган бу Тўлқин Иштихонийдур.
Оллоёр ХЎЖАНДИЙ
05.08.2023
Сўнгги фикрлар