Зоминдан таралган нур

Ижодкорнинг оташнафас сатрлари қалбларга нур бахшида этаверади.

2021 йил 5-8 июль кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилоят ва Зомин тумани ҳокимликлари томонидан сўлим “Ўрикли сой” дам олиш мажмуасида ташкил этилган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари ғоят таассуротларга бой бўлди.

2

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ва раис ўринбосарлари Ғайрат Мажид ва Ботир Эргашев, уюшма Ахборот хизмати раҳбари Фозил Фарҳод ва фотомухбир Аҳмаджон Тўра (Эргашев)ларнинг бошларидаги ўзбекона дўппиларни кўриб катта-ю кичик ижодкорларнинг қалбларида миллий ифтихор туйғулари қанчалик жўш уриб кетганини тасвирлашга қалам ожизлик қилади.

Турли йўналишларда ижод қилишаётган ёш ижодкорлар давраларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли шоир, адиб ва публицистлар —  “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Салим Ашур, «Саодат» журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, «Китоб дунёси» газетаси бош муҳаррири Хосият Рустамова, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нурилла Чори, «Гулхан» журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова, танқид шўъбаси раҳбари Қозоқбой Йўлдошев, наср шўъбаси раҳбари Исажон Султон, болалар адабиёти шўъбаси раҳбари, уюшманинг болалар адабиёти бўлими бошлиғи Ориф Тўхташев, драматургия шўбаси раҳбари Абдуқаюм Йўлдошев ҳамда Шойим Бўтаев, Умида Абдуазимова, Нурбой Жаббор, Тўлқин Эшбек, Рустам Мусурмон, Фароғат Худойқулова,  Николай Илин, Адиба Умирова, Воҳид Луқмон, Маҳфуза Имомова, Жавлон Жовлиев, Фахриёр, Саиджалол Саидмуродов, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари — Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбой Каримов, Меҳри Абдураҳмонова (Жиззах), Маҳмуд Тоир (Тошкент вилояти), Энахон Сиддиқова (Фарғона), Ҳаётхон Ортиқбоева (Сирдарё), Гавҳар Ибодуллаева (Хоразм), Хуршида Қўчқорова (Андижон), Тошпўлат Тугалов (Самарқанд), Ўроз Ҳайдар (Қашқадарё), Зиёвуддин Мансур (Наманган), Шодмон Сулаймон (Бухоро), Баҳриддин Садриддинов (Навоий), Менгнор Олломуродов (Сурхондарё) ва бошқалар ижодий маҳорат сирларидан сабоқ бердилар.

Тўрт кунлик ижодий анжуманни юксак савияда ташкил этишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фурқат Жўрақулов, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Латибжон Аҳмаджонов, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, ҳоким ўринбосари Собир Пармонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, раис ўринбосарлари Ғайрат Мажид, Ботир Эргашев, Саидғани Насриддинов, уюшма масъул ходимлари Абдурауф Эшимқулов, Шерзод Ирзоев, Баҳодир Аҳмаджонов, Анвар Ражабов,  Фароғат Худойқулова, Маъмура Зоҳидова, Алишер Боймуродов, Наргиза Асадова, Алишер Боймуродов, Мансур Жумаев, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар мутасаддиларининг қанчалик фаоллик кўрсатишлари таҳсинга лойиқдир.

4

Анжуман иштирокчилари қалбида муҳрланиб қолган ҳаяжонли лаҳзалар ижод гулларига айланиб бораверади.

Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари ташаббускори бўлган муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга анжуман иштирокчилари ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Устоз-шогирд ижодкорлар Тошкентдан Зомин сари йўл олганларидан бошлаб тўрт кунлик анжуманни тўғридан-тўғри эфирда ёритиб боришган «Ўзбекистон-24» телеканали мухбири Азима Қиёсова, «Ёшлар» телеканали «Давр» кўрсатуви мухбири Азизахон Илёсхонова, «Маданият ва маърифат»  телеканали мухбири Зебо Мирзаева, суратли хабар-у мақолалар ёритиб боришган  ЎзА мухбири Дилобар Маматова, фотомухбир Жамшид Ёрбеков ва бошқа журналистларнинг ҳозиржавоблик билан ишлашлари ҳам таҳсинга лойиқдир.

Сўзимизга мухтасар қилиб Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг қуйидаги шеърлари билан нуқта қўяр эканмиз, бу ижодимиз ҳамиша бардавом эканидан нишонадир.

ДОНИШ домла

***

59

 «ВАТАН ҚОЛАР ЭКАН, ВАТАН АБАДИЙ…»
Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
НАВОИЙНИ ЎҚИШ
Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.
Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.
Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.
Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!
БУ — СЕНИНГ УЙИНГДИР…
Баъзан боғларимни
Чулғар хавотир,
Баъзан Ер шаридан
Оғирдир ўйим.
Олам — бир осмон,
Бир обу ҳаводир,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Бу дашту далалар,
Боғлар ҳам мендан,
Бу тупроқ — буғдой бўй,
Ҳандалак бўйим.
Сенинг кўксингдаги
Доғлар ҳам мендан,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сен Ватан дейсану
Порлар юзларинг,
Менинг юртим ҳам ўз
Рангу рўйимдир.
Талпиниб келгувчи
Ўғил-қизларинг —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сенинг осмонўпар
Биноларингдан
Силкинди менинг ҳам
Чинордай бўйим.
Дарз кетди менинг ҳам
Минорларимга,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Баъзан назар солсанг
Ўзга юртларга,
Бағри тўлиб ётар
Олов, дудларга.
Одамзот кетмоқда хор,
Уюм-уюм,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ука-синглим
Сенга ҳам ука.
Синглинг тўй қилса гар —
Менинг тўйимдир.
Замин — қон-қардошлар
Йиғилган ўлка,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ҳам шаҳримнинг
Кўксида доғлар,
Узмоқчи бўлдилар
Бошлаган куйим.
Денгизлар ортидан
Боқдингми бир бор:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим?!
Дунё томи узра
Нурли ҳалқалар,
Тинчлик — эрмак эмас
Ва ё бир ўйин.
Айтсалар бирлашиб
Давлатлар, халқлар:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Мен йироқ кетсам гар,
Ўртангай онам,
Сенинг ҳам волиданг
Йиғлагай юм-юм.
Оналар интизор турган
Шу олам —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ
Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси — севинчу
Бир томчиси — оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг — дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.
Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда — минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор,
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган —
Ўз юртига сағирдир.
Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир селу жалангни,
Бозорларга кўз тикдинг
Ўқитолмай болангни,
Тақдир — гоҳ қўю қўзи,
Гоҳ сут бермас тарғилдир.
Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Кетмон — сенинг йўлдошинг,
Еринг — сенинг дилдошинг,
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир.
Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу — қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сенга бўлсин бу шараф.
Ким етишди, ким етди,
Ким бўлмади мушарраф,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
ВАТАН ДЕСАМ…
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.
Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.
Бир суворий келмоқдадир — Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.
 6
Сирожиддин САЙЙИД, 
Ўзбекистон халқ шоири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *