Ижод аҳлига бешик бўлган Миллий университет
(Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топганига 105 йил тўлмоқда)
Биз 1980 йилда Журналистика факультетига (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, ўша даврдаги ТошДУ) ўқишга кирган маҳал бу даргоҳда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Аҳмаджон Мелибоев, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Анвар Обиджон, Тоғай Мурод, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид каби таниқли ёзувчи-шоирлар ҳам таҳсил олганларини эшитиб, ҳаяжонга тушган эдик. Адабиёт бўстонига ўз овози билан кириб келган бу ижодкорларга ҳавас билан қарардик.
Ўша ҳавас ҳанузгача сўнмади. Афсуски, тенгқурларимиз орасидан шу устозлар даражасида шоир ё адиб етишиб чиқа олмади… Наинки ижод, ҳатто меҳнат фаолияти давомида ҳам уларга тенглаша олмадик. Уларнинг ҳар бири билан ўзимизни қиёслаб кўрганда, барибир ортда эканимиз кўриниб туради…
Юзлаб таниқли ёзувчи ва шоирлар камолга етган ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олганлар аввало журналист ҳисобланади. Уларнинг аксарияти турли газета-журналларда, китоб нашриётларида, телевидение ва радио студияларида фаолият кўрсатишганларини бугунги талабаларимизга ҳам ибрат қилиб кўрсатамиз. Журфак фахрига айланган Абдулла Орипов “Гулхан”, Эркин Воҳидов “Ёшлик”, Ўткир Ҳошимов “Шарқ юлдузи” ва “Театр”, Ҳалима Худойбердиева “Саодат”, Эркин Аъзам “Тафаккур”, Собир Ўнар “Ёшлик”, Сирожиддин Рауф “Шарқ юлдузи” журналларида, Хуршид Дўстмуҳаммад “Ҳуррият”, Аҳмаджон Мелибоев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, Азим Суюн “Ўзбекистон овози”, Саъдулла Ҳаким “Маърифат”, Умида Абдуазимова “Тонг юлдузи”, Абдумажид Азим “Моҳият”, Салим Ашур “Туркистон” газеталарида Бош муҳаррир лавозимларида самарали фаолият кўрсатганлар. (Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин).
Миллий университетимиз мадҳ этиб ёзилган шеърлар кўп. Улар орасида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ибройим Юсуповнинг шеърлари қалбларимизга жой бўлиб кетган. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг 2005 йилда ёритилган қуйидаги шеъри эса талабаларимиз учун ўзига хос дил мадҳиясига айланиб қолган.
УНИВЕРСИТЕТ МАДҲИЯСИ
Қанча улуғ зотларнинг мунаввар дарсхонаси,
Ҳар бир кўҳна ғиштингда замонлар афсонаси,
Мангулик қўрғонида сўнмагай нишонаси,
Уйғонгувчи миллатнинг илму фан кошонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Ўзбекнинг бу дунёда тулпори бор, оти бор,
“Қутадғу билик”лардан бошланган бунёди бор,
Сокин деворларингда алломалар ёди бор,
Садоқат пирхонаси, саодат нурхонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Китоблар узра юз минг кечалар кундуз бўлур,
Устозларнинг орзуси — юз минг ўғил-қиз бўлур,
Маърифат осмонида бу юз минг юлдуз бўлур,
Ёшлик ҳам муҳаббатнинг туганмас таронаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Илм олмоқ оламда улуғ неъмат, улуғ эрк,
Бағрингда вижир-вижир қалдирғочлар тўлуғдек,
Кўрса ҳавас қиларди ўзи султон Улуғбек,
Неча бир авлодларнинг ярқироқ пешонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бир сўз ўрганмоқ учун кетгай қанчалар сабот,
Асли сўнгсиз синовдир, дорилфунундир ҳаёт.
Сен ўзинг парвоз бергил, сен ўзинг бўлгил қанот,
Сендадир камолотнинг юксалур поғонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бизлар тошқин дарёлар — бир жону тан бўлгаймиз,
Тириклик чечаклари — гул-гул чаман бўлгаймиз,
Улғайиб, камол топиб, буюк Ватан бўлгаймиз,
Истиқлол дурдонаси, истиқбол остонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бир аср давомида 130 дан ортиқ академик, минглаб профессор олимлар, шоиру ёзувчилар, давлат ва жамоат арбобларини камолга етказган, энг муҳими, шунга яраша мамлакатимиз тараққиётига самарали ҳисса қўшиб келаётган Миллий университетимиз билан ҳарқанча фахрлансак арзийди.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти
Сўнгги фикрлар