Ижтимоий лойиҳалар ижроси самарали бўлади

Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар

жамиятининг ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

1 2

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили муносабати билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор!”, “Аёллар маслаҳат гуруҳи” мавзуларини ёритишга қаратилган махсус платформа яратиш лойиҳалари муҳокама қилинди.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов мазкур лойиҳа мақсади, вазифаси ҳақида сўз юритди. Айтиш жоизки, мазкур лойиҳага кўра мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, диний ва психологик дунёқарашини муносиб шакллантириш, уларга руҳий мадад ва маслаҳатлар бериш, “Аёллар маслаҳат гуруҳи” учун махсус платформа яратиш, рисолалар чоп этиш, ижтимоий роликлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 декабрдаги Ўзбекистон Ёшлари форумида, 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар дунёқарашини шакллантиришга қаратилган “Мотивация” рисоласини чоп этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳада мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, юксак стратегик мақсадлар эришиш ҳамда барча учун тенг имконият яратиш, аҳоли фаровонлиги ва ёшлар дунёқарашини шакллантиришга қаратилган “Мотивация” рисоласини тайёрлаш ва нашр этиш, ушбу йўналиш бўйича қисқа метражли ҳужжатли фильм яратиш каби вазифалар белгиланган.

Шунингдек, йиғилишда “Маънавият фестивали”ни ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, маънавий етук бўлиб улғайишини таъминлаш, уларни санъат, маданият, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларидан Жамила Шермуҳаммедова, Гулчеҳра Маткаримова, Феруза Акромова, Ҳазрат Жабборов, Жавдат Пўлатов, Комила Аминова, Тўлқин Эшбеков, Александр Гамиров ва бошқалар мазкур лойиҳалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Йиғилишда муҳокама этилган лойиҳаларни янада такомиллаштириш ва амалга ошириш юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди.

 

 Лобар ХАЙРУЛЛАЕВА,

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти

«Ахборот хавфсизлиги ва ОАВ билан

ишлаш» бўлими бош мутахассиси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *