Ижтимоий тармоқларда нима гап?
Гапнинг пўсткалласи…
facebook аталмиш беқиёс ахборот майдонида жуда кўплаб ҳамфикр дўстлар орттираётганимдан мамнунман. Бироқ, улар қанча кўп бўлса шунча оз… Мақол бор-ку, дўстинг мингта бўлса ҳам оз, душманинг битта бўлса ҳам кўп… ФБда ҳеч ким душманим эмас! Худо хоҳласа, бирор кимса душманга ҳам айланмайди. Тош отганга — ошат, яъни тош билан урганни ош билан «ур», деган мақолга доим амал қиламан. Минг афсус, баъзи ёши биздан улуғроқ кишиларнинг жамиятимиз сувини лойқалатишга қаратилган гап-сўзларидан ранжийман-у… ўзингдан каттага ҳатто тик қарама, деган тарбия «рамка»га солиб қўйган… Уларга худодан фақат инсоф тилаймиз. Аслида улардан ёшларга ибрат кўратишларини кутиб юрамиз. Майли, гина-кудратларга ўрин ҳам, вақт ҳам қолмаган…
Бугун Ўзбекистонликларнинг олдида бири-биридан катта масалалар тўлиб-тошиб ётибди. Биринчи галда, бебаҳо бойлигимиз пахтамизни ёмғирли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олайлик. Болга тўлган боғларимизда мева-чеваларимиз исроф бўлишига йўл қўймай йиғиштириб олайлик. Узумларни узиб олиб, токларни кўмайлик. Келгуси йил мўл-кўл ҳосил олиш учун ерларимизни вақтида шудгор қилайлик. Чорвамиз учун ем-хашакни мўл-кўл қилиб ғамлаб қўяйлик. Янги қурилаётган иморатларимизга тезроқ кўчиб кириб, томига шифер қоқайлик. Мамлакат миқёсида газ, свет таъминотига хизмат қиладиган иншоотлар қурилишини тезроқ ниҳоясига етказиб, барча хонадонларимиз қишда юз фоиз иссиққина ва чароғон бўлишига эришайлик. Саноат ва илғор технологияларни янада ривожлантирайлик. Таълим сифатини тобора ошириб, миллий тарбиямиз, маънавий қадриятларимизни янада такомиллиштиришга эришайлик. Спорт соҳасида эришаётган ютуқларимиз беқиёс, бироқ, булар бизни қаноатлантирмаслиги керак. Демак, спорт — ҳаётимизнинг муҳим бўғинига айланиб қолишига эришайлик. Ҳунармандлар, ишбилармон ва тадбиркорларга яйраб ишлашлари учун имкониятлар эшигини янада кенгайтирайлик. Эҳ-ҳе, бу эзгу ва ҳаётбахш ишларимизни битталаб санайверсак, адоғига етиш қийин… Ана шунча ишларимизни бир тутамгина куз кунлари муваффақиятли адо этиб олмасак бўлмайди, азизларим! Кейин қор-қировли қиш кунлари иссиққина уйларимизда, дўкин дастурхон атрофида мазза қилиб олгач, ФБда баҳс-мунозарани давом эттираверамиз. Шунинг учун одамларнинг қўлини ишдан совитадиган, хаёлини чалғитадиган, давлатимиз раҳбарлари фаолиятига халал берадиган гап-сўзлар айтгувчи азиз ФБдошларим январгача «таътил»га чиқиб (яъни, тилини тийиб) турсалар ва ўзлари учун фойдалироқ ишлар билан машғул бўлсалар нур устига аъло нур бўлур эди.
Дониш домла
Сўнгги фикрлар