Ижтимоий фанлар ва таълим масалалари
Таълим соҳасида ижтимоий фанларнинг ўрни алоҳида.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ижтимоий фанлар: ҳолати, туташ манзиллари ва таълим масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти “Етакчи” Ёшлар маркази, республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.
– Президентимиз Ислом Каримовнинг “Билимли ва ақл-заковатли етук авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор ривожлантириш ва модернизациялашнинг муҳим шарти” сарлавҳали маърузасида қатор вазифалар белгиланган,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– Бу истиқболли дастур асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эзгу мақсадларидан бири – ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўзининг мустаҳкам фуқаролик позициясига эга, юқори интеллектуал қудрат ва замонавий касб соҳиби бўлган ёш авлодни тарбиялашдан иборат. Бу эзгу йўлда файласуф ва социолог олимларимиз замон талабларига мос кўп вазифаларни амалга оширишларига умид қиламиз.
Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти директори Равшан Абдуллаев, профессор Дилором Алимова, Жиззах давлат педагогика институти ректори Абдуғани Холбеков, Тошкент давлат техника университети профессори Бахтиёр Каримов, Ўзбекистон Миллий унверситети профессорлари Маърифат Ғаниева, Шаҳноза Мадаева ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий фанларнинг ҳолати ҳамда ривожланишининг истиқболли йўналишлари, инновацион салоҳиятини ошириш, социал соҳада кенг қамровли эмпирик тадқиқотлар ўтказишни кенгайтириш, таълим жараёнига замонавий методик ёндашувларни жорий этишнинг долзарб масалалари ҳақида сўз юритдилар.
Конференцияда “Ижтимоий фанлардаги инновациялар: кеча, бугун ва истиқболда”, “Ижтимоий фанларда эмпирик тадқиқотлар: назариядан амалиётга”, “Таълим тизимини ислоҳ этишда замонавий ёндашувлар”, “Ёшлар тарбиясида таълим ва ижтимоий фанлар уйғунлиги” мавзулари юзасидан қилинган маърузалар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманда жаҳон таълим тизимининг илғор анъаналари асосида ўқув жараёнини янада такомиллаштириш, ижтимоий фанларни ўқитишда замонавий ахборот ва педагогик технологияларни қўллаш, янги туркумдаги дарслик ва ўқув қўлланмаларни яратиш борасида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Эркин Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар