Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси уй-музейи очилди

Ушбу мақолани кенг ёритган ЎзА жамоасига самимий миннатдорчилик билдирамиз.

ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
08:37 / 07.05.2022

Бу музей Иштихон туманидаги Таллак қишлоғида, уруш қатнашчиси Усмон Эшбековнинг хонадонида унинг фарзандлари, яқинлари томонидан ташкил этилди.

Усмон Эшбеков 1922 йилда шу қишлоқда туғилган. 1937-1941 йилларда қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилган. Уруш бошланган кезларда Эшбек отанинг 4 нафар ўғли – Суннатилла, Омон, Исмон ва эндигина 19 ёшга тўлган Усмон фронтга сафарбар этилади. Кўп ўтмай Суннатилла ва Омондан қора хат келади.

Усмон Эшбеков генерал-майор Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-ўқчи дивизия таркибида жангларда қатнашган. 1944 йилнинг бошларидаги жанглардан бирида Усмон Эшбеков оғир ярадор бўлади ва қишлоғига қайтади.

Уруш туфайли фаолияти тўхтаган 7-умумтаълим мактабини таъмирлаб, қишлоқ болаларини ўқита бошлайди. Урушдан кейин ҳам Усмон Эшбеков таълим тизимида, жамоа хўжалигида меҳнат қилди, қишлоқдошларига ибрат бўлди. Турмуш ўртоғи Хурсанд Норматова билан 10 нафар фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб камолга етказди. Афсуски уруш асоратлари туфайли Усмон ота 1995 йилда вафот этди.

– Отам жуда камтар, босиқ инсон, фарзандларига ғамхўр ва айни пайтда талабчан эдилар, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек. – Бизни ҳам ҳамма вақт тўғри ва ҳалол яшашга, меҳнат қилиб ризқ топишга ўргатдилар. Отамнинг ҳар бир ўгити, панд-насиҳатлари ҳамон қулоқларимиз остида жаранглаб тургандек бўлади. У кишининг, умуман, уруш даври инсонларнинг ҳаёти, чеккан машаққатларидан ёшларни хабардор этиш, тинчликнинг қадрига етиб яшашларига даъват этиш мақсадида ушбу уй-музейни ташкил этдик.

Музейдан Усмон Эшбековнинг ҳарбий либослари, орден ва медаллари, жанг майдонлари ва оила даврасидаги суратлари жой олган.

Уй-музейининг очилишида вилоят ва туман фаоллари иштирок этиб, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, хотирасига ҳурмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Бу музей нафақат Усмон Эшбековнинг, балки иштихонлик уруш қатнашчиларининг жасорати, юрт тинчлиги ва равнақи йўлидаги хизматларини намоён этиб туради – деди Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Негматов. – Уй-музейни янги манбалар билан бойитамиз, бу ерни туманимизнинг маънавият масканларидан бирига айлантирамиз.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА 

https://uza.uz/uz/posts/ikkinchi-zhahon-urushi-qatnashchisi-uy-muzeyi-ochildi_370317

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *