Икки элнинг суюкли фарзанди

Шундай адиблар борки, уларнинг ижоди бир эмас, бир-бирини тўлдирувчи,

бири иккинчисининг юксак парвозига қанот бағишловчи бир неча муҳим йўналишлардан иборат бўлади. Буни йигирманчи асрнинг машҳур ёзувчиларидан бири Чингиз Айтматов асарлари мисолида яққол кўриш мумкин.

Айтматов асарларида ҳаётнинг реал бадиий-эстетик талқини билан бирга, халқнинг тилида ва дилида турган, пишиб етилган, ечими топилмаса вазият янада мураккаблашадиган муаммолар таҳлилга тортилади. Шу боис, адибнинг бадиий асарлари каби публицистик чиқишлари, маърузалари ҳам жиддий мунозараларга, эҳтиросли баҳсларга сабаб бўлади. Айтматовнинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий қарашларига доир таҳлилий мақолалар шу қадар кўпки, улар адибнинг қисса ва романларига  ёзилган тақризлардан асло кам эмас. Унинг ҳар бир асари бадиий адабиёт ихлосмандлари билан бирга, бошқа касб эгаларини ҳам оҳанрабодек ўзига тортади. Бунинг боиси, ёзувчи қаламига мансуб роман ва қиссалар, ўткир мушоҳадали публицистик мақолалар, нуфузли анжуманлардаги мағзи тўқ маърузалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, уларда  наинки бугуннинг, айни чоғда эртанинг, яқин келгусининг, бир миллатга ёки мамлакатга эмас, бутун инсониятга, ер юзида тинч-тотув ҳаётни сақлаб қолишга тааллуқли ҳақиқатлар, бошқалар айтишга журъат эта олмаётган муаммолар фавқулодда куюнчаклик ва журъат билан тадқиқ этилади.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан, мамлакатимизда Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланди. Мамлакат театрлари саҳналарида адиб асарлари асосида ишланган ўндан ортиқ спектакллар намойиш этилди. Кино санъати мухлислари ҳукмига “Сарвқомат дилбарим” будиий фильми ҳамда “Икки элнинг суюкли фарзанди” ҳужжатли фильмлари ҳавола этилди. Нашриётларда адибнинг асарлари қайта-қайта  чоп этилди. Миллий университет доценти Аҳмаджон Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” монографияси ҳамда “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” илмий мақолалар тўплами адиб тўйига муносиб совға бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг таклифига биноан Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси, мана, бир ярим йилдирки муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Шу вақт ичида бу ер адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўзига хос илмий тадқиқот марказига айланди, адибнинг ўзбек, рус, қирғиз, қозоқ, қорақалпок, татар ва бошқа тилларда чоп этилган асарлари, публицистик мақолалари, суҳбатлари, ноёб фотосуратлар, кино ва сахна асарлари тўпланди. Қўшни Қирғизистон Республикасининг юқори мартабали давлат раҳбарлари, ижодкорлар Тошкентга келиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий алоқаларни  янгидан йўлга қўйиш, дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини юқори босқичга кўтариш сиёсати туфайли бугун минтақада янгича руҳ, яхши кайфият ва ҳамжиҳатлик муҳити юзага келди. Шу боис, Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича икки мамлакат ижодкорлари ўртасида ижодий ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда.

Ўтган йили  бир гуруҳ ижодкорлар Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Иссиқкўлда ўтказилган халқаро форумда иштирок этган бўлсалар, яна икки кундан кейин мамлакатимизга қирғизистонлик бир гуруҳ таниқли олимлар — Қирғиз Республикаси Миллий Фанлар академияси қошидаги Чингиз Айтматов номли Тил ва адабиёт институтининг йигирмадан ортиқ илмий ходимлари ташриф буюришади. Ташриф доирасида “Чингиз Айтматов ва ўзбек қирғиз адабий алоқалари” мавзусида илмий-амалий конференция ҳамда икки томоннинг айтматовшунос олимлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтади.

Хабарингиз бор, узоқ йиллардан бери Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ўрганиб келаётган устоз Аҳмаджон Мелибоев Чингиз Айтматов номидаги ҳалқаро академиянинг аъзолигига сайланган эди. Ушбу тадбирда Аҳмаджон Мелибоев ва бошқа устозларга мукофотлар топширилади.

Тадбир шу йилнинг 16 май куни Миллий университетда бўлиб ўтябди.

Hozirda ajoyib tarzda taqdimot bólib òtmoqda taqdimotning asosiy mavzusi hamda qahramoni Chingiz Aytmatovdir

                                                                                                                                                 Равшан Омонов,

Аваз Мирзажонов

http://uzmu.uz/uzc/press/news/events/ev-science/498

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *