Илдизига болта урган ким?

Коррупция тараққиётимиз кушандаси 

1а

 Жамиятни улкан дарахтга қиёс этсак, унинг ўқ илдизлари таълим тизимидир. Бу илдизлар қанчалик бақувват бўлса, ҳаётбахш дарахтимиз шунча кўкка бўй чўзади, мевалари шунга яраша тотли бўлади.

Олий таълим муассасаларига қабулдан бошлаб, ўқиш давомида озми-кўпми учраб турадиган таниш-билишчилик, порахўрлик, коррупция иллатлари ана шу тараққиётимиз илдизига тушган қурт ёки зарб билан урилган болтадан бошқа нарса эмас.

Ўз илдизига болта уриш ҳақида гап кетганда атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрлари бот-бот ёдга тушаверади:

 

Бизлар арра тортмоқдамиз,

Аррамизнинг тиши йўқ.

Нега арранг тиши йўқ, деб

Сўрайдиган киши йўқ .

Чунки бизлар анойимас

Пишиб кетган кўзимиз:

Арра тушган ўша шохда

Ўлтирибмиз ўзимиз.

 

Уйғонган жамият ана шу сатрлар замиридаги улкан маъно моҳиятини теран англаб етмоқда. Энди юртимиз тараққиёти ўқ илдизи ҳисобланмиш олий таълим соҳасидаги коррупцияни таг-томири билан суғуриб ташлаш ҳаракати жадал тус олаётгани боиси ҳам шунда.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоконференцияда ўртага ташланган фикрлар, тегишли тавсиялар бу соҳада фаолият кўрсатаётган зиёлиларни бефарқ қолдирмайди.

Сўнгги икки-уч йил мобайнида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори ва профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилган қатор тадбирларда айтилган танқидий-таҳлилий фикрлар ўз самарасини кўрсатиб, аста-секин ҳаётимиз воқелигига айланмоқда.

Фарзандини ўқишга юбораётган баъзи ота-оталарнинг хаёлидан аввало қандай ўй кечишини кўпчилик яхши билади: “Таниш-билишчилик қилсам, қанча билан ҳал бўларкин?” Чунки, қандайдир миш-мишчилар “Танишинг бўлмаса олий ўқув юртига кириш мушкул” деган бемаъни гапларни уззу-кун тарқатганларидан кейин айрим соддадил кишиларнинг чув тушиб қолганларидан кўз юма олмаймиз.

Хўш, бундай чиркин фикрлар онгимизга қачон ўрнашиб қолган? Бу иллатдан қутулишнинг йўли борми? Бор! Бўлганда ҳам энг одил ва энг адолатли йўли бор! Бу – Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунидир. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб 2017 йил 3 январдан кучга кирган мазкур Қонун ўша иллатни таг-томири билан суғуриб ташлашимиз учун ҳам қилич, ҳам ишончли қалқондир.

Қонуннинг 18-моддаси “Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия” деб номланишининг ўзиёқ бу соҳада қанча муаммолар борлигини ҳам англатади. Мазкур моддада белгиланганидек, “Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади”.

Бугунги кунда университетимизда коррупцияга қарши кураш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Университет ректори Авазжон Мараҳимов жамоамиз билан қилган мулоқотларида масаланинг моҳиятига чуқур ёндашмоқда. Чунончи, коррупция балоси қаёқдан пайдо бўлишини атрофлича ўйлаб кўриш керак. Хўш, шундай мўътабар даргоҳда фаолият кўрсатаётган зиёлилар ўша иллатга атай қўл урадими? Қарс икки қўлдан, деган ҳикматга эътибор қаратсак, “биринчи қўл” кимники? Пора берувчиникими? Демак, ишни ана шу “биринчи қўл”ни жиловлашдан бошлаш керак!

Фарзандининг келажагини ўйлаган ота-она ишни “биринчи қўл” бўлишдан бошламаслиги лозим! Харом-хариш йўлларни ахтарган инсон ўз зурриёдини ўша хатарли қисмат сари бошлаган бўлади. Нопоклик билан ташланган қадам ҳамда шу аснода бошланган ишнинг давоми ҳеч қачон ўз-ўзидан покланиб қолмайди. Ҳаёт яралибдики, нопоклик билан қўлга киритилган “ютуқ” ҳеч кимга татимайди. Билъакс, бундай хатарли ишларнинг охири вой бўлаверади.

Демак, биз профессор-ўқитувчилар, зиёлилар энг аввало ана шу “биринчи қўл”ни тарбиялашимиз, уни таниш-билишчиликка эмас, балки, боласига китоб тутқазиб, тўғри тарбиялаш сари йўналтиришмиз лозим!

Энди “қарс”ни келтириб чиқарадиган “иккинчи қўл” деганимиз – порахўрлар, коррупция ботқоғига ботган бандаларми? Энди уларга панд-насиҳат мутлақо кор қилмаслиги аён. Уларни жиловлаш учун кескин чора кўриш самаралироқ экани яхши маълум. “Иккинчи қўл”га тарбиядан кўра тегишли жазони қўллаш заруратга ўхшайди. Бунақа қўлларга мазкур қонун билан “Жиноят кодекси”ни тутқазиш, керак бўлса, шеър каби ёдлатиш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси” ҳисобланиши алоҳида қайд этилган. Шунингдек, “давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар” бўлиши кўрсатилган. Бу ҳар бир таълим муассасаси мутасаддиларига ҳам бирдек тааллуқли экани кўриниб турибди.

Фармонда, ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган экан, уни сўзсиз амалга оширилишида камарбаста бўлиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимизга айланмоғи лозим.

Токи, жамиятимиз тараққиётига тўғаноқ бўлаётганлар, ўз илдизимизга болта ураётганлар ким экан, дея фақат кураш билан умримиз ўтиб кетиши ҳам ачинарли ҳолга айланади. Демак, бу иллатларга тезроқ барҳам бериб, илму маърифат, тадқиқотлар, кашфиётлар қилишга фурсат қолдириш ва умидбахш ғоялар билан яшашга ҳам улгуришимиз даркор.

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари,

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири

 «Адолат» газетасининг 2020 йил 10 июль сонидан олинди.

***

Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди

Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди

“Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади. Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.”

Халқ сўзи газетасининг навбатдаги сони Президентимизнинг 8 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги ушбу сўзлари билан бошланган. Хусусан, “Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди. Коронавирус деган бало даҳшатли тўзон мисоли ёпирилиб, бу дарахтни тинимсиз тебратмоқда. Инсониятнинг, жумладан, халқимизнинг келгуси тақдири ушбу офатга қанчалик дош беришига, ҳушёр ва огоҳ, ҳамжиҳат ва аҳил бўлиб, умумбашарий қадриятлар мустаҳкамлигини — ҳаётий таянчни сақлаб қолишига бевосита боғлиқ”, дейилади “Ўзимиз ўтирган шохни ўзимиз кесмайлик” сарлавҳали материалда.

“Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликда дунё сайёҳларида табиий ёки экотуризмга қизиқиш ортиб бормоқда. Экологик муҳитда жонли табиатни томоша қилиш иштиёқи кўпчиликка ўзгача завқ беради. Айниқса, ён-атрофда ноёб жонзотларнинг кезиб юриши экзотик саёҳат ишқибозларида унутилмас таассурот қолдиради. “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Бўстонлиқда ноёб кийик турлари кўпайтириляпти” сарлавҳали мақолада шу ҳақда сўз юритилади. Муаллиф — Ирода Тошматованинг ёзишича, Бўстонлиқ туманининг денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган Қоронкўл қишлоғи ҳудудида кичик туризм зонаси ташкил этилди. Ҳозир 176 гектар майдонда Словения ва Австриядан олиб келинган ноёб кийик турлари — 50 та асл буғу ва 45 та Европа кийиги кўпайтирилмоқда. 2020 йил охирига қадар уларни сайёҳлар ҳам томоша қилиши мумкин бўлади.

Бутун дунёда коронавирус балосининг тарқалганига анча бўлди. Айримлар бу офатга кўникиб ҳам қолди. Уйда ўтириб, карантин қоидаларига риоя этаётганларга эса бугун ҳамма офарин демоқда. Леекин кўпдан кўп фикр чиққанидек, кўпга келган ушбу балодан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётганлар ҳам учрамоқда. Агар Mobi.uz компанияси Самарқанд бўлимининг шу шаҳардаги Сартепа шохобчаси раҳбари Хушвақт Жўраевнинг айтганлари рост бўлса, мазкур компаниядагилар ҳам фурсатдан унумли фойдаланиб қолишмоқчига ўхшайди. Қандай қилиб дейсизми? Ушбу савол жавобини Жамият газетасида эълон қилинган “Бу ерда мен раҳбарман, нима гапингиз бўлса, менга айтинг!” сарлавҳали мақоладан топасиз.

“Жамиятни улкан дарахтга қиёс этсак, унинг ўқ илдизлари таълим тизимидир. Бу илдизлар қанчалик бақувват бўлса, ҳаётбахш дарахтимиз шунча кўкка бўй чўзади, мевалари шунга яраша тотли бўлади, — деган жумлалар билан бошланади Adolat газетасида эълон қилинган “Илдизга болта урган ким?” сарлавҳали материал. — Олий таълим муассасаларига қабулдан бошлаб, ўқиш давомида озми-кўпми учраб турадиган таниш-билишчилик, порахўрлик, коррупция иллатлари ана шу тараққиётимиз илдизига тушган қурт ёки зарб билан урилган болтадан бошқа нарса эмас…”

Глобаллашув шароитида ахборот инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Диний эстремистик ташкилотлар томонидан интернет тармоғидаги турли сайтлар, мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи ғояларни тарқатиш, кишиларни ўз доирасига жалб қилишга қарши курашишда Ироқ Мудофаа вазирлигининг тажрибаси амалда ўз ижобий самарасини берган. Хўш, бу қандай тажриба эди? “Vatanparvar” газетасида чоп этилган “Мафкуравий ташвиқотга қарши кураш: Ироқ тажрибаси” номли материалда шу ҳақда ўқийсиз.

“Коронавирус пандемиясининг нечанчи тўлқин бўлишидан қатъи назар, қайта бош кўтараётгани барчани ташвишга солди. Одамларда хотиржамлик йўқолди. Айрим жойларда бефойда, мамлакатга салбий таъсир кўрсатадиган ғалаёнларни келтириб чиқарди. Хўш, энди дунё қай йўсинда ривожланади? Ер юзида ҳаёт қандай бўлади? Инсониятни нима кутмоқда?” Ўзбекистон бунёдкори” газетасида эълон қилинган сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаровнинг “Дунёнинг эртаси қандай бўлади?” номли мақоласида шу ҳақдаги мулоҳазалар билан танишасиз.

Ўтган йилнинг айни саратон кунларидан бири — 29 июнь куни Жиззах шаҳрида шифокорнинг жонига қасд қилингани ҳақида совуқ хабар тарқалганди. Кўпчилик ўшанда икки кун аввал олийгоҳни битирган, келажакда ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятга наф келтириши лозим бўлган йигитнинг оғир жиноятга қўл урганига афсус ва ачиниш билан қараган, ҳатто уни қоралаганди. Аммо… Ушбу воқеанинг тўлиқ тафсилотини Куч — адолатда” газетасида чоп этилган “Алам ва жаҳл” номли мақолада ўқишингиз мумкин.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Адабиёт миллатнинг юрагидир” умумий сарлавҳаси остида ижодкор ёшларнинг онлайн форумига доир материаллар билан бошланган. Шунингдек, нашрдан Театр арбоблари уюшмаси етакчи мутахассиси Моҳинур Аҳмаджонованинг “Қўғирчоқ театрида нима гап?”, тарихчи олим Абдумажид Мадраимовнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақидаги “Бу олам аро ажаб аламлар кўрдим…” номли мақолалари жой олган. Бундан ташқари, газетада тадқиқотчи Бобомурод Эралининг “Ҳазрат Навоий нега уйланмаган? сарлавҳали материали ҳам босилган.

* * *

Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

http://uza.uz/oz/society/-azrat1-navoiy-nega-uylanmagan—10-07-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *