Илмдан бошқа нажот йўқ!

Бугунги ахборот глобаллашган жамиятда ёшлар учун илмдан бошқа нажот

йўқлигини бўлғуси зиёлилар теран англайдилар.

1 2

Йигит-қизларимизни муносиб камолга етишларида маънавий-маърифий тадбирларнинг ўрни беқиёс. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Илмдан бошқа нажот йўқ» мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ олимлар, профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ботир Маллабоев, диншунос олим Илҳом Маърупов ва бошқалар талаба-ёшларни муносиб равишда камолга етказиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.

Маълумки, бугунги глобаллашув жараёнида ёшларимиз турли ғоявий хуружларнинг нишонига айланмоқда. Интернет тармоғи орқали диний экстремистик ғоялар, “оммавий маданият” тарғиботчилари ёшларимиз онгига ўзларининг ғояларини сингдиришга уринмоқдалар. Бугунги ахборот асрида, глобаллашув жараёнида турли ёт оқимлар, хусусан диний ақидапарастларнинг зарарларидан сақланиш, унинг олдини олиш учун чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига оладиган мафкуравий тадбирларнинг ўрни катта. Улуғ аллома имом Ғаззолийнинг фикрича, инсонларнинг бутун саодати учун икки нарса шарт: биринчиси – илм, иккинчиси – амал. Мутафаккир таъкидлашича, инсоннинг бахтли бўлиши учун илмнинг ўзигина етмайди, балки киши илми ёрдамида тана ва руҳини тарбия қилишга бурчлидир.

Тадбирда таъкидланганидек, бўлғуси зиёлилар аввало илмли бўлишлари, ҳар бир фикрини ишончли манбалардан ўз кўзлари билан ўқиб сўзлашлари зарур. Айтайлик, «Устоз – отангдан улуғ» деган мақол замирида оламча маъно мужассам. Биз шундай бахтли кунларга етишишимизда фидойилик кўрсатган азиз устозларнинг хизматлари беқиёс. “Ўзбек халқ мақоллари” китобига кириш қисмида академик Тўра Мирзаевнинг «Сўздан сўзнинг фарқи бор» сарлавҳали мақоласида , 5-синфнинг “Одобнома” китобида, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ва бошқа улуғ адиб ҳамда алломаларнинг асарларида ушбу мақол моҳияти теран ёритилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида мазкур мақолни “Устоз – отангдек улуғ” деб бузиб талқин қиладиганлар асосли танқид қилинган. Устозларга бўлган эҳтиром барчага янада кўтаринки руҳ бахш этади.

Ушбу мавзуда адабиётшунос Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2011 йил 21 октябрь сонида ёритилган “Устозлик мақоми” сарлавҳали мақоласида шундай ибратли фикрларни ўқиймиз: Шарқда, хусусан, биз ўзбекларда устоз мақоми ниҳоятда баланд. Муайян касб, ҳунар ёхуд санъат эгаси ўз соҳасининг сир-асрорларини шу соҳанинг бошқа етакчи, тажрибали билимдонидан ўрганади ва худди шу жойда устоз-шогирдлик муносабати шаклланади. Илм жабҳасида бу сўз расмий характерга эга. Дейлик, бир фан номзодининг фақат биргина расмий устози бўлади. Халқимиз тилидаги машҳур мақолни эсга олайлик: Устоз – отангдан улуғ. Ушбу мақол шаклини бир оз таҳрир билан «отангдек» дейдиган ҳам бўлишди. Бу унча тўғри эмас. Унутмаслик керакки, бу ўринда гап «гап» ҳақида эмас, «мақол» ҳақида кетяпти. Мақол бу халқ оғзаки ижодининг ўзига хос жанри — адабий ҳодисадир. Адабиёт эса сўзга, фикру мулоҳазага пардоз беради, ошириб гапиришни тақозо қилади. Бинобарин, мақолга сўз санъати мезонларидан келиб чиқиб муносабат билдириш лозим. Мақол таркибидаги «дан»ни «дек» деб ўзгартириш унинг сўз санъатига хос хусусиятини хийла сийқалаштиради. Демоқчиманки, адабий унсур муболағасиз қўлланса, мақолнинг ўзига хос тароватига путур етади. Боз устига мақол моҳияти ота мавқеини пасайтиришни эмас, устозга кўрсатилиши лозим бўлган алоҳида эҳтиромни ўзида мажассамлаштирган. Мақол моҳиятини англашнинг мураккаб жиҳати йўқ. Бўлмайдиям. Ҳаётда гоҳо оилавий шароитидан, аниқроғи отасининг ношудлигидан азият чеккан одамлар ҳам учрайди. Уларга шу мақол шаклларини кўрсатсангиз, шубҳасиз, биринчисини — «отангдан улуғ» деган муқобилни танлайди. Бу ерда бошқа парадокс бор. У ўз фикрининг тўғрилигини етарлича англаяпти. Яъни, у масалага ўз ҳаётидан келиб чиқиб муносабат билдиряпти. Шунга қарамай, унинг фикри машҳур мақол моҳиятига тўла мос.

Тадбирда маънавияти юксак, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутган халқни ҳеч бир куч енга олмаслиги, бунинг учун ёшлар кўп китоб мутолаа қилишлари, тўғри йўлдан асло адашмаслиги зарурлиги ҳақида фикрлар баён этилди.

Бу мавзуда талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Тўлқин Эшбек,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Дўстлик» ордени, «Олтин қалам» мукофоти соҳиби.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *