Илмига амал қилмаган муллодан…

Бунақаси бизнинг ўқув даргоҳларда бўлмағай, магар бўлса-да сал баттарроғи

бўлғай, дейди Дониш домла ЎзАдаги мақола ўқигач ўзининг ҳам дарди қўзиб http://uchildiz.uz/паблик-рилейшнз-ва-матбуот-хизматлар/ га маҳзун қараб қўяркан…

Илмига амал қилмаган муллодан...

Қадимда, минг йиллар илгари тош қуролини “йўқотиб” қўйганлар кейинчалик темир учли найзалари “камайиб” қолганлар, яна кейинроқ уст-бош, ош-овқат, мол-ҳолини, яқин замонда от-улов, велосипеду автомашинасини ўғирлатганлар бўлганини билардик. 
Ахборот технологиялари ривожланган бугунги замонда баъзилар “бир думалаб” “олиму фузало”га айланиб қоляптилар, жилд-жилд китоблар чоп этиб жамият пешволигини даво қиладилар.
Жимжимадор дасхат қўйиб берган китобларини ўқиб, “во ажаб, шундоқ илмий таҳлил, тадқиқ, хулоса наҳотки, шу биз таниган инсондан чиққан бўлса”, деб қойил қолдик, ҳайратландик ва “олим” ҳақига дуолар қилдик. Ахир бундай китобларни ёзиш учун йиллаб кеча-кундуз изланиш, ўрганиш керак-да!
Келинг, индаллога ўтайлик. Солиқ идорасига Фарғона вилояти бош имом хатиби Салимқори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” (“Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёт-матба бирлашмаси, Т-2018) китобининг ҳар бирини 20 минг сўмдан Олтиариқдаги “Бирлашган” жоме масжиди имоми Дониёрбек Жабборов қавмга соттираётгани ҳақида Адҳамхожи Абдураҳмоновдан шикоят етиб келди.
Улар дарҳол масалани ўрганди. Аслида 20 минг нусхада чоп этилган китобни 49 та масжидга 10 минг нусхадагиси сотиш учун тарқатилгани, унинг бир қисми сотилгани аниқланган.
– Лекин воқелик савдо қоидаларини бузган ҳолда амалга оширилган, деб топилди ва 43 та масжид имомига маъмурий баённома тузилди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими шўба бошлиғи Азаматжон Асқаров. – Чунки масжидда китобнинг кирим-чиқим ҳужжатлари бўлмаган, савдо пули кирим қилинмаган, тушум кейинчалик муаллифга етказиш учун унинг ҳайдовчисига берилган.
Шунга ҳам шунчами, дерсиз. Асосий “гап” бошқа ерда эди. “Аёлни эъзозлаган дин” китобининг муаллифи “Салимқори Қодиров” деб ёзиб қўйилган бўлса-да, аслида унинг аксарият қисми Нигора Жалолиддин қизи Юсупованинг “Исломда аёл ҳуқуқлари” (Тошкент, 2006 йил, Тошкент ислом университети, “Академия” ноширлик маркази) китобидан сўзма-сўз, бетма-бет, бобма-боб шундоққина, яхлит-яхлит кўчириб, “янги муаллиф” номидан чоп этилган экан.IMG_00006.jpg
– Мен Тошкент ислом университетининг Ислом ҳуқуқшунослиги ихтисослиги бўйича асперантурада ўқиб юрган чоғимдан буён кўплаб устозларим, юридик фанлари доктори, профессор А.Жузжоний, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Раҳматуллоҳ қори Обидовлар раҳбарлигида ўн йиллар давомида бу мавзуни тадқиқ қилганман.
Ўзбекистондагина эмас, бошқа мамлакатлардаги олимлар, уламолар билан учрашиб, кутубхоналардан мавжуд манбаларни излаб, топиб, таққослаб ўргандим. Игна билан қудуқ қазидим. Ва ниҳоят, 2006 йилда “Исломда аёл ҳуқуқларини ўрганишнинг назарий-татбиқий жиҳатлари” мавзуида юридик фанлари номзодлиги диссертациямни ёқладим. Сўнг унинг асосида “Исломда аёл ҳуқуқлари” номли монографиям чоп этилганди. Фарғона вилояти бош имом хатиби Салимқори Қодиров ундан айнан кўчириб ўз номидан китоб чиқарибди, –дейди Нигорахон Жалолиддин қизи Юсупова. – Мен бу ҳақда диний қўмита, диний идорани хабардор қилдим. Сохта китобни қайта йиғиштириб олиш, интернетдан у ҳақидаги маълумотларни олиб ташлашни сўрадим. Афсус, олдимга келган “вакил”лар сизларни ислоҳга келтирайлик, деб турлича “таклиф”лар айтдилар.
Нигорахон яна 13 йил давомида изланиб, мавзуни чуқурлаштириб ўрганди ва шу ой охирида юридик фанлари доктори илмий даражаси олиш учун диссертация ёқлаш арафасида турибди.
Ҳар икки китобни солиштириб варақлаймиз
 
IMG_0003.jpg– Салимқори Қодиров “муаллиф”лигидаги 116 бетли китобнинг 34,35,37-бетлари, 38-бетининг 2 ва 3-хатбошиси, 48-бетнинг 2, 3-хатбошиси, 53-бет, 54-бетнинг 2, 3-хатбошиси, 60-бетнинг охирги хатбошиси, 68, 69, 70, 71, 72, 73-бетлар, 79-бетнинг 2, 3-хатбошиси, 80-бетнинг 2, 3-хатбошиси, 84-бетнинг 2, 3-хатбошиси, 87-бетнинг охирги хатбошиси, 89, 90, 91, 92, 94, 95, 96, 98, 100, 101, 102-бетлар, 103-бетнинг 1-хатбошиси, 104-112-бетгача бўлган матнлар, яъни 29 бетигина “Исломда аёл ҳуқуқларини ўрганишнинг назарий-татбиқий жиҳатлари” мавзуида ёқланган диссертация ҳамда ушбу диссертация натижаси сифатида 2006 йилда нашр этилган “Исломда аёл ҳуқуқлари” номли монографиямга тегишли эмас, – дейди Н.Юсупова. – Лекин рисоланинг қолган асосий матни юқорида номлари зикр этилган менинг муаллифлигимдаги тадқиқотдан кўчирилган.
Яна бир таажжубли жиҳат, Н.Юсупова муайян масалада хулосага келишдан аввал шу мавзуда фикр билдирган олим, уламолар асарларидан иқтибос келтиради ва манба ҳақида саҳифа остида маълумот (қайд) беради.
Салимқори Қодиров эса “иштаҳаси очилиб кетиб”, уларнинг иқтибосдаги фикрларини, масалан, америкалик олим Лик, франциялик шарқшунос Жуль Лабум (42-б), россиялик М.Вагабов (55), Е.Вардиман (17, 19-бетлар), ҳатто, Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарларидаги ул улуғ зотга тегишли бўлган 2001 йилда “Адолат” нашриётида чоп этилган “Ҳидоя” китобининг I жилдидаги, масалан, 669-бетидаги фикрларни ҳам ўз номидан эълон қилган.
Мана ўша сатрлар:IMG_0004.jpg
«Сукутда розилик тарафи кучлироқ бўлади. Чунки қиз бола хоҳишини очиқ айтишдан уялади, рад жавобини беришдан эса, уялмайди. Сукутдан кўра кулги розиликка кўпроқ далолат қилади. Йиғи эса аксинча. Чунки йиғи ёқтирмасликка, хоҳламасликка далолат қилади».
Бурҳониддин ал-Марғиноний, 
“Ал-Ҳидоя”, Т-2001, 699-бет.
“Сукутда розилик кучлироқ бўлади. Чунки қиз бола ўз хоҳишини очиқ айтишдан уялади, рад жавобини беришдан эса, уялмайди. Сукутдан кўра кулги розиликка кўпроқ далолат қилади. Йиғи эса аксинча. Чунки йиғи ёқтирмасликка, хоҳламасликка далолат қилади”. 
Салимқори Қодиров, 
“Аёлни эъзозлаган дин”, Т-2018, 57-бет
IMG_0005.jpgЁки олима Н.Юсупова ёзади:
“Фикримизча, ислом ҳуқуқидаги никоҳни ўзаро розилик асосида тузиш шарти унинг ихтиёрийлик ва тенглик принципи асосида вужудга келишини таъминлаш билан бирга, оиланинг барқарор ва мустаҳкам бўлишига ҳам имконият яратади”.
Юсупова Нигора Жалолиддин қизи, 
“Исломда аёл ҳуқуқлари”, Т-2018, 75-бет
Салимқори гўё “ёзади”:
“Фикримизча исломда никоҳни ўзаро розилик асосида тузиш шарти унинг ихтиёрийлик ва тенглик тамойили асосида вужудга келганини таъминлаш билан бирга, оиланинг барқарор ва мустаҳкам бўлишига ҳам имконият яратади”.
Салимқори Қодиров, 
“Аёлни эъзозлаган дин” Т-2018, 56-бет
Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. (Китобларнинг таққослама саҳифаларига қаранг)
Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дин, этиқод борасида биз тасаввур ҳам қилолмайдиган даражада эркинликлар бериляпти. Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши, умра, ҳаж сафарлари арзонлаштирилиши ва зиёратчилар сони 3-4 баробар кўпайтирилгани, диний илм мактаблари, ҳатто меҳмонхона-ю, аэропортларда номозхоналар ташкил этилгани, Халқаро ислом академиясидек йирик таълим ва илмий тизим яратилгани, ҳар йили юзлаб диний китоблар чоп қилинаётгани…
Санаб саноғига етмайсан. Шундай пайтда мусулмонлар эътиқоди билан боғлиқ сохта китоблар қандай юзага келиб қоляпти?
Нега Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўзининг 6591-сонли хулосаси билан уни чоп этишга тавсия берган? Ўйлаймизки, бу ва бу каби бошқа саволларга тегишли идора мутасаддилари жавоб топадилар ва сохта муаллифнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берадилар.
Сарвар ОЛИМ

http://uza.uz/oz/society/ilmiga-amal-ilmagan-mullodan—12-04-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *