Илм ирмоқлари туташиб уммон бўлади

Янги 2020 йил қувончли хушхабар билан бошланди!

«Миллий тикланиш» газетасининг 2020 йил 1 январь сонида «Илм ирмоқлари туташиб уммон бўлади» сарлавҳали таҳлилий мақолам ёритилибди! Илоҳим, йил давомида шундай ижодий ютуқлар ҳаётимиз мазмунига айланиб борсин, дейди Дониш домла барча ҳамкасблари ва талабаларига эзгу тилаклакрини изҳор этиб.

1 2 3

ИЛМУ МАЪРИФАТ САРЧАШМАЛАРИ

 

Аллома аждодларимиз азалдан ўзга эллардаги олимлар билан илмий ҳамкорлик қилганлар. Шул боис Абу Али ибн Сино, ал Хоразмий, Аҳмад ал Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳолар, сўнгги асрларда илмий мактаблари билан машҳур бўлган Обид Содиқов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Қори Ниёзий, Ёлқин Тўрақулов сингари кўплаб академикларимизни бутун дунё илмий жамоатчилиги бирдек эъзозлайдилар. Ўз навбатида биз ҳам дунё илм хазинасидан баҳраманд эканлигимиз билан фахрланамиз.

Асрлар оша тафаккур ирмоқлари бирлашиб, улкан илм уммонини ҳосил қилаверган. Шу тариқа халқаро илмий ҳамкорликлар бардавом бўлиб, ўзига яраша самарасини кўриб турибмиз. Айни пайтда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 30 дан ортиқ мамлакат олий таълим муассасалари билан ҳамкорликларни изчил давом эттирмоқда. Жумладан, Васеда университети (Waseda University), Табиий фанлар Миллий университети (National Institute of Natural Sciences) ва Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети (The Tokyo University of Agriculture and technology). Ҳар йили 20 нафар ватандошимиз Кунчиқар мамлакатнинг ҳуқумат грант лойиҳаси доирасида Япониянинг энг сара олий таълим муассасаларида таҳсил олишади. Кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбек-Япон маркази самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунга қадар бу ташкилотга 700 мингдан зиёд киши ташриф буюрган. Таълимнинг инновацион тизимини шакллантиришда Япония тажрибасини интеграциялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 15 мингга яқин талабалар таҳсил олаётган ЎзМУда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда 3 та қўшма факультетга асос солинди. Булардан ташқари 3 та илмий-тадқиқот институти, ОТМлараро илмий-тадқиқот маркази, Нанотехнологиялар маркази яратилди. Бу босқичда университетда 40 дан зиёд лабораториялар фаолият юритади, истиқболли йўналишлар бўйича 100 дан ортиқ илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим тизимини тубдан ўзгартириш, юқори малакали ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида улкан имониятлар яратмоқда. Мамлакатимизда таълимни ислоҳ қилишда янгича қараш, янгича ёндашувлар янада чуқурроқ изланишларни талаб этади. Ана шундай эзгу мақсадда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов кунчиқар мамлакат – Япониянинг Сока университетига ташриф буюрди.

 

ЯПОНЛАР ЮРТИДА МИР АЛИШЕР НАВОИЙ СИЙМОСИ

Тошга айланган сиймо – ҳайкалларга разм солганмисиз? Улар мозийдан садо бериб, бугунги кунларга ошно бўлаётгандек ажиб таассурот қолдиради. Токио шаҳридаги Сока университети майдонида ўрнатилган Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз ҳайкалини кўриб ҳаяжонга тушмай илож йўқ. Ҳайкалга разм солар экансиз, буюк мутафаккир шоиримиз кунчиқар мамлакатда халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар рамзи сифатида савлат тўкиб туришидан қалбингизда фахр туйғуси жўш уради.

Сока университети бош майдонини безаб турган ҳайкалнинг пештоқига муҳрланган қуйидаги мисраларни япон ёшлари ҳам катта эҳтиром ила айтиб юришмоқда:

 

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

 

Сока университети профессор-ўқитувчилари ЎзМУ делегациясини юксак эҳтиром билан кутиб олишар экан, шу улуғ сиймо ҳайкалига таъзим бажо айладилар. Улуғ шоир руҳи юртдошлари, миллатдошларининг ташрифидан шод бўлаётганини ҳис этасиз.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ташрифни Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйишдан бошлади.

Мутафаккир аждодимиз икки мамлакат олимларига илму маърифатнинг улуғ йўлларида омад тилаётгандек туюларди. Бу Япониялик ҳамкасблар билан ўзаро илмий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланиши учун бир дуодек таассурот қолдирарди.

 

ТИЛЛАРИМИЗ ТУРЛИЧА, ТАФАККУРИМИЗ ПАЙВАСТА!

Биз қайси тилда сўзлашмайлик, тараққиёт йўлидаги илмий тафаккурлар бир-бирига пайваста бўлиб кетаверади Сока университетининг муҳташам биносида юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар юксак даражада ташкил этилди.

Тадбир доирасида Сока Гаккай Интернейшнл Президенти Дайсаку Икедага илмий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги самарали хизматлари учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Фахрий доктори” унвони топширилди.

Ўз навбатида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимовга Сока университети “Фахрий доктори” унвони берилди!

– Бу унвон ўзбек илм-фанига, зиёлиларимизга юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир,– дейди Авазжон Мараҳимов.– Умид қиламизки, келгусида ўзбек-япон ёш тадқиқотчилари, олимлари ҳамкорликда кўплаб умидбахш лойиҳаларни амалга оширадилар. Шу аснода япон олимлари ЎзМУнинг ва ўзбек олимлари Сока университети “Фахрий доктори” деган шарафли номга эга бўлишлари буюк икки халқнинг дўстлик ва меҳр ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаверади.

Мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўзбек халқи япон миллатига катта эҳтиром билан қарайди. Япония биз учун бетакрор маданият, чуқур фалсафа, илғор муваффақиятлар мамлакатидир. Айтиш жоизки, халқларимизнинг ўзаро ҳурмати ва яқинлигининг ёрқин ифодаси сифатида Япониянинг Васеда ва Сока университетлари билан илмий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари учун 2002 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга “Фахрий доктор” унвони берилган эди.

Бугун бу илмий алоқалар ҳар томонлама янги босқичга кўтарилмоқда. Илм-фан, маданият, тарих, фалсафа, иқтисодиёт, геосиёсат, технологиялар ва ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган олий тоифадаги мутахассислар алмашинуви борасидаги ҳамкорлик кенг кўламда амалга ошиши учун кенг имкониятлар яратилган.

Атоқли олим ва жамоат арбоби, Сока Гаккай Интернейшнл фахрий Президенти, профессор Дайсаку Икеда томонидан асос солинган Сока университетининг илм оламидаги нуфузига ҳавас қилса арзийди. Бугун бу ерда бўлиб ўтган учрашувда Авазжон Мараҳимов ўз сўзида 2018 йил ноябрь ойида ЎзМУда Дайсаку Икеда қаламига мансуб “Сен дунёни ўзгартира оласан” номли эсселар тўпламининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтганини таъкидлаб, мазкур асардан бир парча келтирди:

“Қор нозик ва ўзгарувчан. Аммо бир вақтнинг ўзида у шундай кучга эгаки, ўз йўлидаги барча нарсаларни йўқотишга қодир. Қор инсон қалбига монанд, инсон қалби ҳам қор мисоли. Қор тоза ва кўзни қамаштирувчи даражада оппоқдир, аммо тезда кирланади ва исталган рангга бўялади. Қалб қордек, қор ҳам дил каби…”

Бу пурмаъно сўзлар дунё ёшларини маънан бирлаштиришга ундайди. Унинг замирида ёшларни эзгу ишлар йўлида ҳаракатга ундовчи эзгулик руҳи мужассам. Бу жозибали сўзлар ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Ахир, мамлакатларимиз келажаги – мактаблардаги парталарда ва олий таълм муассасалари аудиторияларида ўтирибди. Уларнинг қандай камолга етиши, келгусида дунё қай кўринишда бўлиши асосан ўқитувчиларга боғлиқ эканлигини икки мамлакат университетларининг масъуллари бирдек ҳис этадилар, албатта.

Фундаментал тайёрлов азалдан университетларнинг устувор тамойили бўлиб келган. Бугун талабаларни аниқ мақсадлар сари йўналтириш, таҳлил ва қарор қабул қилишга ўргатиш, ноаниқлик шароитида фаолият олиб бориш қобилиятларини шакллантирувчи ўқув жараёнини яратишдек вазифалар турибди. Ўзбек-япон олимлари ўртасида ўтказилган суҳбатлар аниқ илмий мақсадларга қаратилди. Шу аснода икки университет ўртасида 5 йиллик ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

 4

МЕМОРАНДУМ – ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ПОЙДЕВОРИ

ЎзМУ ва Сока университетлари ўртасида имзоланган Меморандум замирида улкан мақсадлар мужассам. Унда университетлар ўртасида маданий ва таълим соҳасидаги алоқаларни ўрнатишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ғоялар ва ахборот алмашувини рағбатлантириш тўғрисида келишиб олингани ўз ифодасини топган. Ҳамкорлик ҳозирги имкониятларни назарда тутган ҳолда ўзаро тенг ва фойдали тарзда амалга оширилади.

Мазкур Меморандумдан асосий мақсад таълим дастурлари ва уларнинг ҳаракати доирасида ахборот алмашиш, Термиз ва Ахсикентда археология ва этнография соҳасида экспедициялар ташкил этиш, профессорлар таркиби ва маъмурий ходимларни қисқа ва узоқ муддатли дастурлар бўйича алмашинуви, талабалар алмашинуви дастури, илмий изланишларни биргаликда олиб бориш соҳасидаги ҳамкорлик, адабиётлар ва таълимий характердаги даврий нашрлар, илмий ахборот ва материаллар алмашинуви каби вазифаларни ҳамкорликда амалга оширишдир.

Меморандум доирасида амалга ошириладиган тадбирлар, асосан, ҳар бир университетнинг академик бўлинмалари ва уларнинг халқаро фаолият юритувчи тегишли маъмурий қурилмаларини мувофиқлаштириш доирасида кузатилади.

Ҳамкорлик Мерорандумига кўра бу вазифалар 5 йил давомида амалга оширилади

 

ДИЛГА ОШНО СУҲБАТЛАР

Дил-дилга пайваста бўлган суҳбатларда ўзбек ва япон зиёлилари бир-бирининг қалбдан тушунаётганлари уларнинг чеҳраларида акс этиб турарди. Соко университети қошидаги ўрта махсус таълим мактабида ўқувчилар Ўзбекистон, ўзбек ёшлари, Ўзбекистон Миллий университети тўғрисидаги суҳбатларни катта қизиқиш тингладилар. ЎзМУ ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видео-ролик япон ёшларида катта қизиқиш уйғотди. Келгусида албатта Ўзбекистонга бораман, деган япон ўғил-қизларининг дил сўзларини тинглаш нақадар мароқли эди.

ЎзМУ ректори япон ўқувчилари ва мактаб ўқитувчиларига эсдалик совғалар ҳамда китоблар ҳадя этди.

Навбатдаги учрашув Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида бўлиб ўтди. Япония олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашувда ЎзМУ ректори бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, янги ўзгаришлар ва ёшларга яратилган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритди. Уларга ўзбек адибларининг китобларидан туҳфа этилди.

Ватандошларимиз бўлган ёшларнинг ўқишни тамомлагач, Ўзбекистонга қайтиб, билимларини юртимиз фаравонлиги ва тараққиёти йўлида бахшида этиш ниятида эканлиги, янги инновацияон лойиҳалари ҳақидаги сўзларини тинглаш мароқли эди.

 

ТААССУРОТЛАР БИР ОЛАМ

Энг катта маънавий лаззат – таассуротлар оламида яшашдир, деган экан ҳикмат бор. Ўзбекистонда япон маданиятига бўлган эҳтиромни улар ҳам қадрлайди. Бир-биридан географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлсак-да маънан яқинлигимизни Тошкентдаги Япон маданияти Маркази мисолида кўриш мумкин. Авазжон Мараҳимовнинг икки халқ маданиятлари риштаси вазифасини бажараётган Марказ фаолияти ҳақида сўзларини мезбонлар катта қизиқиш билан тингладилар. Тошкентнинг энг сўлим жойларидан бирида ўз сокин кўли, барра майсаси ва албатта, карэсансуй (айнан “қуруқ тоғлар ва сувлар”) ва “сэкитэй” (айнан “тошли боғ”) рамзий маъносини билдирадиган тошлари жамланган Япон боғини тасаввур этиш улар учун нақадар мароқли эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу масканда дарахт, тош ва сувларга қараб ҳаётнинг фалсафий мушоҳадаларига шўнғиш алоҳида ҳузур бағишлайди инсонга. Никоҳдан ўтган ёшлар айнан шу боққа келиб, суратга тушишларини кўз олдига келтирган киши Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ришталарини яна бир бор дилдан ҳис этади.

Дўстлик ва сайёрамизни умумий уй сифатида кўриш фикри Дайсаку Икеда таълимотида ўзига хос равишда шундай таърифланган: “…умумий уйимиз учун маъсулиятни ҳис этиш инсонлар қалбида сайёрамизда тинч-тотув тамаддунни бунёд этиш хоҳиши ва иродасини парвариш ва ҳаётга тинчликнинг энг ноёб ҳодисаси сифатида қараб, унинг қадрига етишга ундайди”.

Японияга қадам ранжида қилган ватандошларнинг таассуротлари ҳам кам бўлмайди. Мўъжизакор Токио шаҳри манзаралари ўзи бир олам. Пайти келиб талабалар алмашинуви давомида Миллий университетимиз ёшлари, тадқиқотчилари ҳам бу ажиб манзараларга ошно бўлишларига ишонамиз. Токио – ўзбек талабалари, Тошкент – япон ёшлари учун илму маърифат шаҳарлари бўлиб қолажак. Бу маърифат жаҳон узра тараққиётга хизмат қилишига умид қиламиз. Илм карвонлари, дўстлик ришталари шу тариқа абадул-абад бардавом бўлади, албатта.

 

“SEIKY©SHIMBUN” ГАЗЕТАСИДА ЭҲТИРОСЛИ БИТИКЛАР

Японияда ўнлаб саҳифаларда бир кунда икки маротаба (эрталабки ва кечки сонлари) чиқадиган газеталар ҳақида кўп эшитганмиз. Шунга яраша деарли ҳар бир японнинг қўлида албатта газета кўрасиз. Сафар давомида ЎзМУ делегацияси Япониянинг турли газета-журналлари ходимлари билан суҳбатлашди. Журналистларга ташрифнинг мақсади ва натижалари хусусида сўзлаб берилди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Шу тариқа адади 5,5 миллион нусхада чоп этиладиган “Seiky©Shimbun” газетасида учта саҳифа ЎзМУ делегациясининг Японияга ташрифи, Сока университетидаги учрашувлар, суҳбатлар мавзусига бағишланибди!

То абад япон газеталарида Ўзбекистон ва бизнинг маҳаллий нашрларда Япония мўъжизалари кенг ёритиб борилишига биз ҳам тилакдошмиз. Зотан, япон олими Дайсаку Икеданинг фалсафасида ҳаёт, гўзаллик, табиатни севиш, бошқа халқлар ва элатлар маданиятини тушуниш, қабул қилиш ва ҳурмат килишдек умумбашарий қадриятларни яна бир бора кашф этдик.

 

МЕҲРГА ПАЙВАСТА МАКТУБ

Японларнинг қанчалик инсонпарвар, эътиборли эканликларини ҳар бир сўзидан, илиқ муносабатларидан англаш мумкин. ЎзМУ делегацияси қайтиб келгач, ортидан Сока Дайсаку Икеда университети асосчисидан бир мактуб етиб келди. Унда шундай дил сўзлари баён этилган:

“Муҳтарам Авазжон Марахимов!

Ушбу илҳомлантирувчи сўзлар мамлакатингиз фахри бўлган истеъдодли шоир Алишер Навоийнинг қаламига мансуб:

 

Мағрибу Машриқни бирлаштиргил,

Бутун дунё ўзингда акс этғай…

 

Бу бетакрор сатрлар гўё биз учун битилгандек. 500 йил олдин яшаб ижод этган машҳур ўзбек алломаси даъватларига бизнинг университетимиз фаолияти ҳамоҳангдек ажиб таассурот қолдиради. Зотан, илмий ҳамкорлик алоқаларини изчил йўлга қўйган университетларимиз дунёни гуллатишга ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрларни тарбиялашга қодир илм масканлари бўлиб қолажак.

Сока таълим тизими ва тотувлик таълим-тарбияси асосчиси Цунэсабуро Макигути ўзининг 1903 йилда чоп этилган “Инсон ҳаётининг географияси” асарида асосий эътиборини худди шундай цивилизацияга қаратгани яхши маълум.

Ўрта Осиёдаги илм манбаи – Ўзбекистон Миллий университети таълим соҳасининг энг ноёб чашмаларидан бўла олди.

Азиз Авазжон Мараҳимов! “Бизнинг келажагимиз – университетларда” деган сўзларингиз замирида умидбахш туйғулар мужассам эканини ҳис этдик. Мамлакатингиз ўтмиши ва Ўзбекистон Миллий университети тарихини ўрганиб, биз қандай келажак қуришимиз ҳақида ўйладим.

Этиборингизни қуйидаги 3 йўналишга қаратишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан, бу йўл – келажакка ижодий ва интеллектуал энергия билан бойитилган йўлдир. Миллий университетингиз 15-асрнинг буюк алломаси ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек номини олган. Ул зот Самарқандда жаҳон миқёсидаги расадхонани яратган ва астрономик жадвал тузган, мисли кўрилмаган астроном ва математик эди.

Иккинчидан, одамлар қалбида жасорат ва умид уйғотадиган келажакни яратишимиз керак. Кимни катта ҳарфлар билан инсон деб аташ мумкин? Бу саволга Навоийнинг устози Жомий аниқ жавоб берди: “энг яхшиси, ўз халқи учун қийналадиган киши биринчи бўлиб, инсон деб аталади”. Унинг шогирди Навоий ҳам ўз ишончини қуйидаги сўзлар билан ифодалаган: “Агар сиз бошқаларга ҳамдардлик билдирсангиз, сиз одам бўла оласиз”.

Учинчи истагим, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ишонч нурлари билан ёритилган, тинч келажак қуриш. Менинг ўқитувчим Хосе Тода иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг “глобал оила” тушунчасини таклиф қилди.

Хулоса қилиб айтганда, Сока университети ва Сока таълим тизимидаги бошқа ўқув муассасаларида ишлайдиган барча тафаккурли зиёлилар, ҳурматли ректорнинг педагогик тамойилларига риоя қилган ҳолда: “Ўқитувчи учун энг катта қувонч бу – талабанинг ундан ошганини англашидир” деб айтди.

Менга шундай иззат-икром кўрсатган Ўзбекистон заминига чексиз равнақ, ЎзМУга эса чексиз шон-шараф ва тараққиёт тилайман”.

Тафаккур ёғдусидан пайдо бўлган бундай меҳрга пайваста мактублар ўзбек-япон зиёлилари, талаба-ёшлари, қолаверса, икки мамлакат халқлари ўртасидаги меҳр ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *