Илм-фан тараққиётида янги давр бошланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 24 май куни Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университетида бир гуруҳ олимлар ва талабалар билан суҳбати барча зиёлиларда катта қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига қатор масъулиятли вазифаларни юклади. Яъни, талабаларнинг пухта билим олиши, амалиёт сирларини мукаммал ўрганиши учун зарур шароитлар яратиш, шу аснода етук кадрлар тайёрлаш, ёшларни чинакам ватанпарвар қилиб камолга етказиш давр тақозосидир.

Шу муносабат билан ЎзМУда Ўзбекистон Фанлар Академияси масъул ходимлари, қатор олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Суҳбат асносида баъзи муҳим ғоялар, хулосалар ва таклифларни қоғозга тушурдик.

х1

Авазжон Мараҳимов, ЎзМУ ректори:

– Марказий Осиёда етакчи университет ҳисобланган Ўзбекистон Миллий университети шонли тарихга эга. Ўтган бир аср давомида бу қутлуғ даргоҳдан 100 дан ортиқ академиклар етишиб чиққанлар ва мамлакат илм-фани ривожига, иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшганлар. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ЎзМУда олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, мазкур олий таълим даргоҳини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар тақдимоти билан танишар экан, университетнинг аввалги шуҳратини тиклаш, шунга яраша илмий салоҳиятини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, бу ўқув даргоҳини Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов каби атоқли олимлар ва академиклар ўзларининг бетакрор илмий мактаблари билан дунёга довруқ таратганини яхши биламиз. Сўнгги йилларда ЎзМУ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяётган хорижлик олимлар ҳам ана шу илмий мактаблардан сабоқ олаётганларини эътироф этадилар. Давлатимиз раҳбари ЎзМУнинг аввалги шуҳрати ҳақида сўз юритганида яна шундай илм чўққиларини забт этишимиз лозимлиги, бунинг учун барча имкониятларни яратиб беришга тайёрлиги ҳақида сўз юритганларида жамоамиз қалбида илм ва маърифатга, жамиятимиз тараққиёти учун инновациялар устида ишлаш, кашфиётлар қилишга иштиёқи янада кучайди. ЎзМУга туташ майдонда қад ростлаётган Инновацион ривожланиш вазирлигида ёш олимлар учун улкан имкониятлар яратилиши ҳақида давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади. Мазкур вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган Ёшлар академияси илм-фан билан шуғуллунаётган тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилар экан. Мазкур академияга инновацион фикрлайдиган иқтидорли талабалар ва 40 ёшгача бўлган олимлар, ташаббускор ёшлар аъзо бўлиши, бу даргоҳда сунъий интеллект, қайта тикланадиган энергия манбалари, робот техникаси ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш каби йўналишларда илмий ишлар олиб борилиши кўзда тутилаётгани ёшларимизга қанот бахш этади.

Университетимизда “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” деб номланган алоҳида экспозиция ташкил этилган бўлиб, унда шу даргоҳда таҳсил олган Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг илмий, ижодий меросларидан намуналар кўргазма қилиб қўйилган. Мақсадимиз – келгусида яна шундай улуғ сиймоларни камолга етказишдир.

Улкан мақсадларга аниқ режалар билан эришилади. Бугунги кунда олий таълим тизимини замонавий усуллар ёрдамида самарали бошқариш, соҳада моддий-техник базани кучайтириш, ўқув-методик ишларни такомиллаштириш бўйича жиддий чоралар кўришимиз зарур. Истиқболда давлат таълим стандартлари ва малака талабларини қайта ишлаб чиқиш, талабаларнинг малакавий амалиётини самарали ташкил этишимиз лозим. Учрашувда педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни табақалаштирган ҳолда рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Олий таълим вазирлиги магистратура талабаларини Фанлар академиясининг мос йўналишдаги илмий-тадқиқот институтларида стажировка ўташини йўлга қўйиш, табиий фанлар ва муҳандислик йўналишларидаги магистратура талабаларини бюджет ҳисобидан давлат буюртмаси асосида тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Профессор-ўқитувчиларимизни моддий рағбатлантириш борасида давлатимиз раҳбарининг таклифлари барчага куч-ғайрат бахш этди.

Эндиликда университетимиз фаолиятини беш йиллик комплекс дастур асосида ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаши учун астойдил интиламиз. Университетимиз ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш ҳақида айтилган фикрлар зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ўйлайманки, бу вазифаларни тўла-тўкис адо этишга қодир жамоамиз шунга яраша ишончни оқлайди.

4сент1

Шавкат Аюпов, академик:

– Президентимиз билан суҳбатда ЎзМУ илмий мактабларини изчил давом эттириш ҳақида мухтасар фикрлар айтилди. Очиғи, илмий мактаб – умумилмий дунёқарашга эга бўлган, фанда бирор илмий назарияларга, ғояларга таянган аниқ илмий мақсадлар йўлида тадқиқотлар олиб борувчи олиму мутахассислар ўзаро ҳамкорликда илмий фаолият юритувчи ижтимоий-ижодий уюшмаси, дейиш мумкин. Илмий мактабнинг ҳудудий чегараси унинг ўзидан бошланиб, бир ва бир неча мамлакатлар, ҳатто дунё бўйлаб ёйилиши табиий бир ҳолдир. Илмий мактабларни илм-фанга ўзларини бахшида этган заҳматкаш, алоҳида қобилият ва иқтидорга эга бўлган олимларгина яратади. Фанда мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. ЎзМУ олимлари турли даврларда ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида 50 га яқин илмий мактабларимиз жаҳонда эътироф этилган. Мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётимизнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.

Давлатимиз раҳбари таълим мазмунини компетенциялар (амалий кўникмалар) асосида тубдан ўзгартириш, педагогик таълимнинг янги моделини жорий этиш зарурлиги ҳақида сўз юритар экан, “Бизга миқдор эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир”, деб алоҳида таъкидладилар. Шу ўринда айтиш жоизки, илгари ўзбек ёшлари хорижда, айниқса, Америка Қўшма Штатларидек улкан давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олиб келишларига масрур юрардик. Эндиликда ўша мамлакатларнинг талабалари Ўзбекистонда таҳсил олаётганларидан ҳам ғурурлансак арзийди. Ўтган йили АҚШдаги турли университетлардан математика фани бўйича 3-курс талабаларидан 10 нафари икки ойлик малака ошириш учун ЎзМУга келдилар. Улар Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Математика институти ва ЎзМУда малака оширдилар. АҚШлик талабаларда ЎзМУ илмий мактаблари, Сағди Сирожиддинов номли ўқув-музейи катта қизиқиш уйғотди. Уларга ўзим ҳам инлиз тилида маъруза ўқиш жараёнида ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби даҳолар ижоди ва илмий мероси ҳақида сўзлаб бердим. Улар билан савол-жавоблар асносида аён бўлдики, ўзимизнинг талабалар билим ва савия жиҳатидан АҚШлик тенгдошларидан асло кам жойи йўқ. Демоқчиманки, бугун биз талабаларимизга пухта билим берсак, улар ЎзМУ шуҳратини янада сарбаланд қилишга қодир зиёлиларга айланади.

 тт1

Анатолий Сагдуллаев, академик:

– Муҳтарам Президентимизнинг она Ватанимиз тарихга алоҳида меҳр ва қизиқиш билан қарашларидан мудом руҳланамиз. Давлатимиз раҳбари ЎзМУдаги суҳбатида таримизнинг муҳим бўғини ҳисобланмиш археология соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон археологлари томонидан сўғдий ҳукмдорлар қароргоҳи харобалари бўлган “Кофир-қалъа” ёдгорлигида ёғоч панно – сўғд санъатининг ноёб намунаси, Фарғона водийсидаги Ахсикентда Х асрда пишиқ ғиштдан туннель шаклида қурилган ер ости сув таъминоти тизими топилгани юртимиз тарихи нақадар буюк эканидан далолат бериши эътироф этилди. Мутасаддиларга археологияни ривожлантириш бўйича алоҳида давлат дастурини қабул қилиш юзасидан топшириқ берилди. Айтиш жоизки, ЎзМУ Тарих факультети олимлари, тадқиқотчилари бу борада илмий изланишлар олиб бормоқда. Биргина “Окс цивилизацияси” тадқиқотини олиб қарайдиган бўлсак, унда бебаҳо маданий меросимизни чуқур ўрганиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида қанчалик қимматли маълумотларга эга бўлишимиз мумкин. Тарих ва археология соҳалари қанча кўп тадқиқ этилса, улар шунчалик кўп моддий ҳамда маънавий меросларни кашф этаверади.

1

Азимбой Саъдуллаев, академик:

– Президентимиз мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришда хориж тажрибаларидан самарали фойдаланиш борасида билдирган фикрлари айни муддаодир. Дарҳақиқат, илм-фан тараққиётида халқаро алоқаларнинг ўрни беқиёс. Айни пайтда ЎзМУ 30 дан ортиқ давлатларнинг олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Шу аснода бугун ЎзМУ таркибида Россия ва Исроил университетлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 2 та қўшма факультет ўз фаолиятини бошлади. Яқин орада Туркия ва Сингапур давлатлари университетлари билан ҳам шундай қўшма факультетлар ташкил этилади.

Яқинда ЎзМУда Исроил Холон технологиялар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фан, технология, таълим, математика ва тиббиёт”, яъни, “STEMM” (Science – Technology – Education – Mathematics – Medicine) мавзуига бағишланган илмий-амалий конференциясида бунинг самараси яққол кўзга ташланди. Холон технология институти олимлари томонидан яратилган илмий ишланма ва кашфиётлар, хусусан, замонавий робот имкониятлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ҳаводан сув олиш технологияси Бухорода синовдан ўтказилди. Шу йил март ойида Мўйноқда ташкил этган ўқув-амалиёт полигонимизда салкам 2 гектар ерга эккан 8 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини томчилатиб суғоришда ана шу технологиялардан фойдаланилади. Бунда сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш ўз самарасини кўрсатади, деган умиддамиз. Илмий анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда бутун дунёда табиий бойликларни асраш ва улардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ихчам ва тежамкор, юқори самарадор технологияларни қўллашга эътибор қаратилмоқда. Бу айниқса, қишлоқ хўжалиги, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида яққол ўз ифодасини топмоқда. Демак, халқаро илмий алоқаларни янада такомиллаштириш орқали биз чинакам тараққиётга эришамиз.

2

Сардор Бозорбоев, ЎзМУ Математика факультети 4-босқич талабаси:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 октябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши сессиясида сўзлаган нутқида Миллий университетимиз талабаси ҳақида шундай деган эди:

“Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган. Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Университетимизда иқтидорлилар кам эмас. Ҳар йили ўнга яқин талабаларимиз турли халқаро фан олимпиадаларида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритишмоқда. Мен ҳам математика бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда 4 олтин, биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритганман. Таълим тизимига эътибор самарасини ёшларимиз турли танлов ва халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Биз, ёшлар яратилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, юртимиз довруғини янада юксалтирамиз, улуғ алломаларнинг муносиб ворислари эканимизни исботлаймиз. Президентимизнинг менга совға қилган автомашинаси илмга, келгусида муносиб кадр бўлиб етишиш учун катта рағбатдир. Шунга яраша азиз Юртбошимизнинг ишончини албатта оқлаймиз.

Академик олимлар-у талабаларнинг дил сўзларидан юртимизда илм-фан тараққиётининг янги даври бошланганини ҳис этасиз. Унинг қанчалик самарали бўлиши албатта шу илм фидойиларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқдир.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Вам может также понравиться...

Ответов: 5

  1. Yurtimizda ilm-fan taraqqiyotining yangi eshiklari ochilgani, biz yoshlarni sevintirdi. Yangi-yangi imkoniyatlar yaratilmoqda. Faqatgina harakat va maqsad bo’lsa bo’ldi. Buning uchun bizga shu sharoitlarni yaratib berishga harakat qilayotgan hukumatimizga tashakkur.

  2. Muhtaram Prezidentimizning Milliy Universitetimizga tashriflari hammamizni xursand qildi.Bu tashrif shunchaki tashrif emas,balki yangi imkoniyatlar eshigidir.Chunonchi bu imkoniyat eshigi biz jurfak uchun ham ochilsa,ya’ni jurnalistika fakulteti qayta tiklanib, universitetimizdagi jurnalistika fakulteti faoliyati davomli bo’lsa. Bizning jumladan, mening yagona istagim shu!!!

  3. Bu tashrifdan biz talabalar juda xursand bo’ldik chunki bu tashrif bizning unversitetga bo’lgan e’tborni yanada oshiradi va biz talabalarga imkonyatlar eshigi yanada ko’proq ochildi. Agarda jurnalistika fakulteti yana qayta tiklanganda boshimiz osmonga yetardi chunki jurnalistikaning ildizi bu Milliy unversitetdir.

  4. Биз ёшларга пухта билим олишимиз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши барчамизни қувонтиради.Малакали кадрларни тайёрлаш ва уларни етук мутахассис бўлиб етишишида олий ўқув юртларининг ўрни беқиёсдир. Жамият тараққиётини, унинг эртанги кунини малакали кадрлар белгилаб беради десам муболаға бўлмайди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *