Инсон ҳуқуқлари амалиётида Самарқанд руҳи!

“Куч – адолатда” шиорининг соҳиби бўлмиш Амир Темур бобомиз салтанати

пойтахти – Самарқанд яна дунё ҳамжимияти нигоҳида! Инсон ҳуқуқлари борасида илгари сурилган улкан ғоялар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширди. Оққан дарё оқаверади, гул унган жойлар яна чаманзорга айланаверади, деганларидек, минг йиллар оша дунёни мафтун этган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилган навбатдаги халқаро анжуман қанчалик таассуротларга бой бўлганини қуйидаги суҳбатдан теран англайсиз. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (Тошкент давлат университети деб аталган кезлар)да таҳсил олиб, камолга етган таниқли ҳуқуқшунос олимнинг бундай суҳбатлари талабаларимиз учун маърифат сабоқларидир, дейди Дониш домла.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми  жаҳоннинг инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини  олиб кирди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳоннинг инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини олиб кирди

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. У Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Унда таъкидланганидек, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилган мазкур анжуманнинг долзарблиги ана шу асосий ҳужжатнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати билан белгиланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан ушбу халқаро форумнинг якунлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Давлатимиз раҳбари табригида инсон ҳуқуқлари соҳасига тааллуқли учта муҳим ғоя илгари сурилди, – деди Акмал Саидов. –Биринчи ғоя – инсон ҳуқуқлари фақат Ғарб цивилизациясининг маҳсули эмас, балки дунёдаги барча цивилизациялар улушларининг мужассамидир. Тарих шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган, дейди Ўзбекистон Президенти.

Агар бевосита бизнинг аждодларимиз томонидан бу борада қўшилган амалий ҳиссалар ҳақида сўз борса, хусусан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутишини қайд этиш лозим. Бинобарин, ота-боболаримиз азалдан инсон ҳуқуқларини улуғлаган ҳолда, аксинча, зўравонлик ва адолатсизликни рад этганлар.

Ўз навбатида, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган. Президентимиз таъбири билан айтганда, “ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур форум кун тартибига ҳамоҳангдир”.

Осиё форуми минбарида: “Ушбу нуфузли анжуманни ўтказиш учун Рим ва Нанкин каби қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри танлангани бежиз эмас”, деган мазмундаги самимий эътирофлар кўп бор янгради. Қолаверса, бу анжуманнинг Ўзбекистонда, афсонавий шаҳар – Самарқанддаташкил этилгани бизга катта фахр ва ғурур бағишлайди.

Одатда, қаерда бағрикенглик бўлса, ўша ерда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинган, деб қаралади. Самарқанд турли миллатлар, динлар, тиллар, маданиятлар ўзаро бирлашган, бағрикенг ва бахтиёр инсонлар яшайдиган тинч-осуда шаҳардир.

– Декларация қабул қилинганидан буён ўтган 70 йил ичида инсон ҳуқуқларига бағишланган бундай юксак нуфузга эга халқаро анжуман илк бор Осиё қитъасида – Ўзбекистонда ташкил этилди. Шу ҳақда изоҳ берсангиз?

– Президентимизнинг Осиё форуми иштирокчиларига табригидаги иккинчи муҳим ғояхудди шу мавзу билан боғлиқдир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида: “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.

Яъни, ушбу қоидада инсон ҳуқуқларининг универсаллиги принципи – Ер юзидаги барча инсонлар бир хил ҳуқуқларга эга эканини кафолатлайдиган тамойил акс этган. Аммо, сайёрамизнинг Европа, Америка, Африка каби бошқа қитъаларидан фарқли равишда, Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муайян минтақавий тизим ҳалигача яратилмаган.

Шунинг учун давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга бизнинг минтақамизда биринчи марта ташкил этилган ушбу форумни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун самимий ташаккур билдирди. БМТ Бош котиби ҳам ушбу халқаро анжуман иштирокчиларига ўзининг видеомурожаатини йўллади.

Президентимиз табригида: “жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ”,дея қатъий ишонч билдирилди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман иштирокчилари ушбу ғояни ҳам қизғин қўллаб-қувватладилар. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг махсус вакили Адам Абделмула баёнот берганидек, “Ҳақиқатдан ҳам Осиё минтақаси дунёнинг бошқа минтақаларидан фарқли ўлароқ, Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ягона тизимга эга эмас. Бундай тизим ҳақида фикр алмашиш ва уни ташкил этишнинг айни вақти келган”.

Адам Абделмуланинг таъкидлашича, БМТнинг у раҳбарлик қилаётган департаменти Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга ҳам шундай тизимни ташкил этишда кўмаклашишга шайдир. “Ўзбекистон сўнгги бир йилда бу борада илғор тажрибага эга бўлди. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга ташриф буюрди, бу соҳага доир қатор тавсиялар берилди, бир нечта ҳисоботлар эълон қилинди”, деб қайд этди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг махсус вакили.

Осиё минтақасида ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ воқелик қай ҳолатда ва у келажакда қандай ривожланади, деган савол туғилиши табиий. Зеро, бугун инсон ҳуқуқлари – умуминсоний қадриятларнинг узвий бўлагидир. Инсон ҳуқуқлари муайян давлатнинг ички иши эмас, балки халқаро хавфсизликнинг таркибий қисми ҳисобланади. Демакки, маълум бир мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари қўшни давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти учун ҳам бирдек муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан, Осиё форумининг асосий иш фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қитъамиздаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани айни муддао бўлди.

– Президентимиз табригидаги учинчи муҳим ғоя нима?

– Учинчи ғоя шуки, Ўзбекистонда кейинги икки йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган изчил, шиддатли ва самарадор ислоҳотлар тажрибаси бу борадаги энг яхши амалиёт сифатида халқаро доирада ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга муносибдир.

Мамлакатимиз раҳбари қайд этганидек, “Бугун Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда биз “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган бош тамойилга амал қилмоқдамиз. Айнан ана шу тамойил 2021 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда”.

Самарқанд анжуманида бу борада кўплаб халқаро эътирофларни тингладик. Хусусан, БМТ Бош котиби ўринбосари Майкл Мёллер Ўзбекистонда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларга юксак баҳо берди. Мартабали меҳмон БМТ Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми натижалари доирасида янада мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.

“Ушбу форум Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларни лозим даражада рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш нақадар муҳим эканини теран тушунишини яққол ифодалайди. Форум нафақат мамлакат, балки минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга”, – деди БМТ Бош котиби. – “Жаҳонда ҳукм сураётган бугунги таҳликали шароитда ушбу юқори даражадаги форумнинг ўтказилиши нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам муҳим аҳамият касб этади”.

– Осиё анжуманида қайси халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар мутахассислари иштирок этди?

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, дунё давлатлари, миллий парламентлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари тимсолида 120 нафар хорижий меҳмон иштирок этишини кутгандик. Самарқанд анжумани қатнашчиларининг жами сони салкам 400 нафарга етди.

Фурсатдан фойдаланиб, Осиё форумида фаол иштирок этган БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Майкл Мёллер, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Георгий Церетели, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг махсус вакили Адам Абделмула ва бошқа барча иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдираман.

Анжуман қатнашчилари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бугунги кунда халқаро миқёсда олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар теран муҳокама қилинди. Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг форум иштирокчиларига мурожаати тингланди.

Тўртта ялпи сессияда – 20 нафар маърузачи, мавзулар бўйича 3 та шўъбада – 18 нафар маърузачи, муҳокамаларда 50 дан ортиқ иштирокчи сўзга чиқди. Буларнинг барчаси Самарқанд анжумани нечоғли долзарблигидан далолатдир.

– Осиё форуми якунида қабул қилинган Самарқанд Декларациясида нималар ҳақида сўз боради?

– Самарқанд Декларацияси – Осиё форуми давомида инсон ҳуқуқларига доир ялпи стратегия ва Барқарор ривожланиш мақсадларида кўзда тутилган муҳим вазифалар, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни ва аҳамияти каби бир қатор масалалар юзасидан икки кун давомида олиб борилган қизғин баҳс-мунозара, мушоҳада ва муҳокамаларнинг якуний хулосасидир. Таъбир жоиз бўлса, Самарқанд Декларацияси билдирилган барча амалий фикрларнинг қаймоғи, мантиқий хулосаси ҳисобланади.

“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг Самарқанд Декларацияси – муқаддима ва 21 банддан иборат. Ушбу салмоқли ҳужжатда асосан давлат органлари, яъни парламент, ҳукумат, суд ҳокимияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантиришдаги ролини мустаҳкамлашга доир муҳим назарий қоидаларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий механизмларнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришга урғу берилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг минтақавий механизмларини ишлаб чиқиш учун келгусида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланган.

– Самарқанд Декларацияси янада муҳим қоидалар билан бойитилишида халқаро анжуман иштирокчиларининг қандай таклиф ва тавсиялари амалий аҳамият касб этди, деб ҳисоблайсиз?

Биринчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий механизмларни ишлаб чиқиш йўлларини аниқ белгилаб олишга қаратилган бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Бунинг учун, хусусан, шундай форумларни мунтазам, айтайлик, ҳар икки йилда ўтказиб туриш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Иккинчидан, Барқарор ривожланиш мақсадларида кўзда тутилган муҳим вазифалар ижроси доирасида “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак” деган адолатли тамойилга амал қилиш лозимлиги эътироф этилди. Шу мақсадда “Минтақа мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим муассасалари консорциуми”ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш асносида, Тошкент шаҳрида “БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича таълимга доир Декларацияларини амалга ошириш бўйича минтақавий хаб (марказ)” тузиш билан боғлиқ таклиф маъқулланди.

Учинчидан, болаларимизда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ёш авлоднинг ушбу соҳа бўйича билим ва кўникмаларини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Бу борада, хусусан, ЮНИСЕФ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кўмагида БМТ Бола ҳуқуқлари конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан 2019 йилда ўқувчи-ёшлар ўртасида халқаро олимпиада ўтказиш таклиф этилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет хоним таъкидлаганидек, “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”.Ўзбекистон бу муҳим принципни тўлиқ қўллаб-қувватлашини Самарқанд халқаро анжумани тимсолида қатъий тасдиқлади.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми туфайли “Куч – адолатда” шиорининг соҳиби бўлмиш Амир Темур бобомиз салтанати пойтахти яна дунё ҳамжимиятининг назарига тушди. Бу анжуман Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширди. Энг муҳими, Осиё форуми жаҳоннинг инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини олиб кириш йўлида улкан қадам бўлди!

 Ғулом Мирзо, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/inson-u-u-lari-b-yicha-osiye-forumi-zha-onning-inson-u-u-lar-26-11-2018

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *