Инсон ҳуқуқлари доимий эътиборда
Жамиятимизда прокуратуранинг ўрни – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда
кўзга яққол ташланади. Бу соҳа ходимлари қонунни, унинг талабларини қатъий ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Улар ҳуқуқий ислоҳотларни ўтказишда, ҳуқуқий давлат, демократик жамият қуриш ишида ҳал қилувчи ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.
Биз мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш учун энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва амалда ана шу энг масъулиятли вазифаларни адо этмоғимиз лозим.
Инсон ҳуқуқлари аввало Бош Қомус – Конституциямизда белгилаб қўйилган. Унда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилгандир. Мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган қаторлар қонунлар, ҳукумат қарорлари жамиятда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликка айлаган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳа ходимларидан ғоят улкан масъулият талаб қилади. Яъни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шундагина юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконияти яралаверади.
Юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими жаҳон андозаларига мос равишда шакллантирилган. Энди биз прокуратура соҳасининг ходимлари олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашдек масъулиятли вазифа турибди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, прокуратура соҳаси жиноятчиларни фақат жазога тортишдан иборат эмас. Биз аввало фуқаролар ўртасида қонунчилигимиз ва унинг асл моҳиятини кенг тарғиб этишга ҳаракат қиламиз. Фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини қанча теран билсалар, жамиятимизда жиноятчилик шунча кам бўлишини ҳамма яхши билади. Ҳуқуқини, қонунлар мазмун-моҳиятини чуқур билган инсон атай жиноятга қўл урмайди.
Таҳлилий фикрлар шуни кўрсатадики, кўпгина жиноятлар мол-дунё орттириш йўлида қилинадиган хатти-ҳаракатлардан бошланади. Буни биргина аэропортда йўловчилар орасида содир этилаётган жиноятлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Минг қатла шукрона қилиб айтишимиз мумкинки, бугунги кунда оч-яланғоч, кун кўришга қийналаётган муҳтож кимсалар йўқ ҳисоби. Қимирлаган қир ошар, деганларидек, бугунги кунда ўз ҳаракат қилган инсон тўқ-фаровон яшаши аниқ. Буни миллионлаб юртдошларимиз ҳаёти мисолида кузатишимиз мумкин.
Хўш, унда жиноятчилик иллати қаердан пайдо бўлмоқда?
Бу, биринчи галда, айрим фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти ва савияси пастлигидан бошланаяпти, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Маърифатдан йироқ, маънавияти паст одам шунга яраша пасткашлик билан кун ўтказиши аён. Иккинчиси, айрим бандаларнинг нафс қурбонига айланиб қолиш сабаблари ҳам муқаддас китобларимизда, алломаларнинг ўгитларида очиқ-ойдин баён этилган.
Фуқаролар ҳуқуқий маданияти ҳақида сўз юритганда биргина Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунини эслаш кифоя. Бу қонун қабул қилинганидаёқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатлари яратилди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Прокуратура фаолиятида қонун устуворлиги ва унинг қатъий ижро этилиши энг муҳим масала ҳисобланади. Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишида мазкур соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади.
Хулоса ўрнида айтиш ўринлики, жамиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти муҳим ўрин тутади. Ҳуқуқини яхши билан фуқарони биринчи галда қонун ҳимоячилари қўллаб-қувватлайди. Шундай экан, ҳар бир фуқаро қонунларни муттасил ўқиб бормоғи ва унга қатъий амал қилмоғи лозим.
Мақсуда КАМОЛОВА,
капитан, Транспортда ЖХТБ Ислом Каримов
номидаги аэропорт ЖХТБ ТБ суруштирувчиси
Сўнгги фикрлар