Каримовларнинг ушбу оилавий фотосурати 1928 йилда, яъни Ислом Каримов таваллудидан 10 йил аввал олинган. Суратда у кишининг ота-оналари Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва Санобар ая (1902 йилда туғилган) ҳамда опа-акалари Меҳринисо (1920 йилда туғилган), Амонулло (1922 йилда туғилган), Ибодулло (1926 йилда туғилган) акс этган.
Қайд этилишича, оилада саккиз фарзанд ўсиб улғаяди: бир қиз – Меҳринисо ва етти ака-ука: Амонулло, Ибодулло, Арслон, Қуддус, Икром, Ислом, Хуршид.
“Хизматчи бўлиб ишлаган Абдуғани бобо вазминфеъл, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан эдилар. Аввало ўзи қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этган ота фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган эдилар.
Санобар ая эса уй бекаси эдилар. У киши насл-насабли оилада таваллуд топган бўлиб, падари бузрукворлари мулла-шариф, яъни ўз даврининг мўътабар уламоларидан эди. Билимга чанқоқлик, кучли хотира, зукколик ва сабр-тоқат каби фазилатлар бутун умр Санобар аяга йўлдош бўлди. Мунис онаизор ўз ҳаётини оила ва хонадон саодатига бағишлади.
Каримовлар оиласида барча ўғил фарзандлар олий маълумот олди, улардан уч нафари мактабни олтин медалга битирди, уч нафари фан номзоди бўлди – Ибод Ғаниевич, Қуддус Ғаниевич ва Ислом Абдуғаниевич. Бу ўша давр учун ҳам, бугунги кун учун ҳам камёб ҳодисадир. Кейинроқ Ислом Каримов академик даражасини олди.
Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса не ажаб. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар эди, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди. Кейинроқ ака-укалардан бири олий ўқув юрти ўқитувчиси, бири судья, бошқалари хизматчи, олим ва… Президент бўлди.
Зиёли бу оилада ўғилларнинг муносиб таълим олишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратилган эди. Вақтнинг ўзи бу ҳаётий тутум қанчалар тўғри бўлганини кўрсатди”, — дейилади жамғарма хабарида.
http://kun.uz
Сўнгги фикрлар