Ислом Каримов – миллий ғоя асосчиси
ЎзМУ Тарих факультети магистранти Шуҳрат Турсуновнинг таҳлилий мақоласи ўқувчини мушоҳадага чорлайди, дейди Дониш домла.
Ўтган асрнинг 80-йилларидаги «қайта қуриш» давридан бошлаб ҳар қандай «изм» ларга кишиларда ишонч йўқола борди. Ғоявий-мафкуравий субитсизлик эса ғоявий-мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига сабаб бўлди. «Шўро даврининг мафкураси, коммунистик дунёқараш,- деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов,- агарки аслини суриштирсангиз, моҳият эътиборига кўра, бизнинг турмуш тарзимизга халқимизнинг табиатига тамоман бегона эди. Шунга қарамасдан, кишиларнинг онгига мажбурий сингдирилган бу сохта таълимотнинг салбий таъсири ҳануз сезилиб туради. Афсуски, биз бу сарқитлардан ҳали буткул ҳалос бўла олганимиз йўқ»[1].
Ўзбекистонда янги барпо этиладиган жамият олдида шу эскича кайфият ва дунёқарашни бекор қилиш вазифаси турар эди. Янги жамият барпо этиш, шак-шубҳасиз, Ислом Каримов номи билан боғлиқдир. Бундай жамият барпо этишнинг концепцияси бирданига юзага келгани йўқ. Янги жамиятни қуриш назарияси ва амалиёти изчил равишда, тадрижий ҳолатда, миллий хусусиятларга ҳамда жаҳон амалиётидаги илғор тажрибага асосланган вазиятда пайдо бўлди. «Бугун биз янги давлат, янги жамият қураётган эканмиз,- деган эди Ислом Каримов,- бу тизимда ижтимоий — сиёсий муносабатлар, одамларнинг онги ва тафаккури ҳам ўзига хос, шу билан бирга, мутлақо янгича маъно касб этиши шубҳасиз. Аввало, шахс билан давлат, инсон билан жамият муносабатлари батамом янгича мазмун ва шакл топиши, янги хусусиятлар, янги тамойилларга асосланиши керак»[2].
Мустақилликка эришгандан кейин мустабид тизимнинг якка ҳукмрон бўлган коммунистик мафкурасидан безиб, зада бўлиб қолган халқ жамиятнинг барча соҳаларини «мафкурадан холи қилиш» сиёсатини қўллаб-қувватлади. Натижада, мустақилликнинг дастлабки йилларида жамиятда, маълум маънода «мафкурасизлик», «мафкуравий бўшлиқ» пайдо бўлиб, саросимали ва таҳликали вазият вужудга келди, мустақилликнинг тақдирига жиддий хавф туғилди. Буни ўз вақтида теран англаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқни бирлаштириш, мустақилликни мустаҳкамлашнинг муқобили бўлмаган бир йўли — ўзбек халқини уюштирувчи, янги жамият қуришга сафарбар этувчи миллий ғояни, жамият мафкурасини шакллантириб, халқ ишончи ва эътиқодига айлантириш масаласини ўртага ташлади.
“Мафкура соҳасида бўшлиқ, ваккум бўлмайди. Ўзбекистон халқларининг дунёқараши, маънавий ва сиёсий маданиятининг энг илғор анъаналари асосида ишлаб чиқилаётган миллий мустақиллик мафкураси индивидуализмнинг вайрон қилувчи таъсирига қаршилик кўрсатишга қодир. Мафкуравий иш, мустақиллик, юксак маънавият, ахлоқийлик, маданият ғояларини тарғиб қилиш ўткинчи ҳолга айланиб кетмаслиги керак”[3], деган эди Ислом Каримов.
Ислом Каримовнинг асарлари, нутқларида миллий тикланиш масаласига концептуал-назарий жиҳатдан тамомила янгича тарзда муносабатда бўлинди. Таъкидлаш лозимки, Президентнинг бу борадаги концепцияси собиқ совет мустабид тизими ва унинг мафкурасининг сиёсий-ғоявий жиҳатдан чекланганлик моҳиятини очиб беришдан бошланди.
“Инсониятнинг кўп асрлик тарихи шундан далолат берадики, бу дунёда ўзининг миллий давлатини қуришга азму қарор қилган ҳар қайси халқ юксак вазифаларни амалга ошириш, шу йўлда одамларни бирлаштириш ва сафарбар қилиш, уларнинг қалбида ишонч уйғотиш, эски ижтимоий тузумдан мутлақо янги тузумга ўтишда ўзига қўшимча куч-қувват ва мадад топишда умумий, ягона мақсад ва орзу-интилиш ифодаси бўлган миллий ғояни таянч ва суянч деб билади.
Миллий ғоя деганда, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид-мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз”.[4]
Агар ғоя тушунчаси асосан ақлий фаолият билан боғлиқ бўлса, миллий ғоя тушунчаси миллий ҳис-туйғу, миллат менталитети билан узвий боғлиқдир. Миллий ғоя — ҳалқнинг қалбидан чиқувчи, унинг орзу-умидларини ўзида ифода этувчи, халқнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, унинг қадр-қийматини юксалтиришга ундовчи ҳаққоний фикрдир. Миллий ғоя халқнинг ўзлигини англатувчи, миллий туйғуларини уйғотувчи, миллий ғурур ва ориятини қўзғатувчи фикрдир. Миллий ғоя халқни уюштирувчи, унинг қадр-қийматини тикловчи, ўзлигини англатувчи, ижодкорлик ва яратувчанлигини рўёбга чиқарувчи, жамият тараққиётини инсонпарварлик йўналишига етакловчи куч сифатида намоён бўлади. Миллий ғоя ватанпарварликка, халқнинг тарихий хотирасига, ўзлигини англашига асосланади. Бизнинг миллий ғоямиз миллатнинг, давлатнинг, юртнинг қадр-қийматини юксалтиради, иқтисодий, социал, сиёсий ва маънавий салоҳиятини юзага чиқаради, орият ва ғурурини асрайди, истиқболини белгилайди, келгуси тараққиёт учун йўл-йўриқлар кўрсатади. Миллий ғоя ўзбек миллатининг ўзига хослиги нимада эканлигини асослаб берувчи илмий-назарий ва фалсафий қарашлар системасидир.[5]
Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек, тарих — миллатнинг тарбиячисидир, ўзликни англаш — тарихни билишдан бошланади, — исбот талаб қилмайдиган бу ҳақиқат давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим. Алоҳида инсон хотирасида ўзининг ҳаётида нималар қилганлиги, унинг ақл-заковати ва иродаси нималарга сарфланганлиги қай даражада ўрнашиб қолса, миллат учун ҳам у томондан амалга оширилган нарсалар шу даражада яқин ва қимматлидир. Тарих — бу инсониятнинг, миллатнинг ижтимоий хотираси, унинг ўз-ўзини билиши ва англашидир: воқеликда йўқолган нарсалар онгда, хотирада яшайди. Ўтмишни билиш ҳозиргини яратиш учун беқиёс аҳамиятга молик. Ижтимоий ҳаётни тушунишдаги биринчи қадам ҳозирнинг ўтмиш томонидан яратилганлигини тасаввур қилиш билан боғлиқдир. Миллий ғоя халқимиз тарихига, унинг тарихий хотирасига таянади. Тарихий хотирасидан жудо бўлган халқ ўзини миллат сифатида англай олмайди, миллатнинг манфаат ва эҳтиёжларини қалбан хис қила олмайди. Бинобарин миллий ғоя ҳам рационал, ҳам иррационал моҳиятга эга бўлиб, у миллий руҳият, кайфият, ички уюштирувчи, йўналтирувчи, ҳаракатга келтирувчи, етакловчи миллий хис-туйғу ҳисобланади.
Истиқболнинг яратувчиси ҳисобланган миллий мафкура — муайян жамиятнинг таркибидаги миллатларнинг ўз мустақиллигини, мустақиллик манфаатларини ҳимоя қилиш, ривожлантириш йўналишидаги ички интилишлари натижасида вужудга келувчи туйғулари, мақсадлари, ҳохиш-иродаларини ифодаловчи ғоялар мажмуасидир. Миллий мафкуранинг ўзагини миллий ғоя ташкил этади, у жамиятда барқарорлик, тинчлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни таъминлайди. Миллий ғоянинг асосий таянчи нуқтаси ҳам, ҳаракатга келтирувчи, уйғотувчи кучи ҳам миллий ўзликни англашдир. Миллат ўзини халқ сифатида, миллат сифатида, эл сифатида англамагунча унинг обрўйи, қадр-қиммати, ор-номуси ҳақида қайғуриши, миллий фахр ва ғурури учун курашиши мумкин эмас. Ўзликни англаш халқни ғафлатдан уйғотувчи, фаол ҳаракатга келтирувчи, ижтимоий уюштирувчи кучдир.[6]
Миллий мафкурамизнинг тарихий асослари, унинг маъно-мазмуни, асосий ғоя ва тамойиллари миллий давлатчилигимизни қайта тиклаб, жамиятимизнинг тараққиёт йўлини шарқона тафаккур тамойилларига суянган ҳолда назарий жиҳатдан асослаб берган Президент Ислом Каримов миллий мафкурамизнинг фалсафий илдизларини англаш хусусида тўхталар экан, уни шакллантиришдаги энг катта манба — бу ҳаққоний ёритилган тарих эканлигини, тарихни билмай туриб, мафкуранинг фалсафий илдизларини англаб бўлмаслигини, зеро мафкуранинг фалсафий асослари ўз даврида тарихий ҳақиқат туфайли туғилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтади[7].
Дарҳақиқат, совет мафкураси манфаати учун мустақил фикрлайдиган, сиёсий онги ва маданияти кучли шахснинг кераги йўқ эди. Чунки бундай шахс ғоявий-мафкуравий жиҳатдан боқимандаликка маҳкум этилган бўлиб, уни бошқариш осон бўларди. Ислом Каримов томонидан совет мустабид тизими мафкураси мазмун-моҳиятининг очиб берилиши шу нуқтаи назардан ғоят муҳимдир.
Ислом Каримов ишлаб чиққан миллий тикланиш концепциясида миллий ўзликни англаш, миллий қадриятларни тиклаш янгича тарзда ҳал этилди. Президентнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ», деган шиорида жуда катта маъно бор. Гап шундаки, маънавий, ғоявий-мафкуравий жиҳатдан совет мустабид тизими даврида «шикастланган» фуқароларни соғломлаштириш лозим эди. Бу эса фақат тарихни ўрганиш, «мозийга қараб иш кўриш» билангина ҳал бўлиши мумкин. Шунингдек, тарих инсонни тарбиялайди, уни ҳушёрликка чақиради, «жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди»1.
Ислом Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида жамият ижтимоий тараққиётига таҳдид солаётган ғоялар, мафкуралар, уларга қарши курашиш зарурлиги кўрсатиб берилган. 80-йилларнинг охирида Ўзбекистонга кириб кела бошлаган ва мамлакатимизга ўзини «дўст», «диндош», «миллатдош» сифатида кўрсатганларнинг ҳақиқий ғоявий-мафкуравий қиёфасини кўрсатиб, уларга қарши жиддий курашиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Шундай қилиб, Ислом Каримов Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига ХХ асрнинг 90-йилларида жадал кириб келган диний фундаментализм, экстремизм ва халқаро терроризмнинг мазмун-моҳиятини очиб берди. Айни пайтда ушбу концепцияда мазкур масаланинг икки томонига эътибор берилди. Биринчиси, диний фундаментализм, ақидапарастлик ва халқаро терроризм фақат ислом динига тааллуқли эмас. Бундай салбий ҳолатлар бошқа динларга ҳам тегишли эканлиги қайд этилди. Бу билан ислом динининг софлиги сақланди. Иккинчи томондан, бундай салбий ҳолатларга қарши курашишнинг ягона йўли — фуқароларда ғоявий иммунитетни шакллантириш ва у орқали одамларни ғоявий, маънавий-руҳий тарбиялаш, уларни миллий ғояга ишонтириш, уюштириш ва сафарбар этиш зарурияти ҳамда йўл-йўриқлари кўрсатилди.
Ислом Каримовнинг бу борадаги назарий қарашларида диний экстремизм, фундаментализм ва халқаро терроризмга қарши курашишда кишиларнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, мустақил фикрга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, миллий-маданий меросни асраш ва амалий фаолиятда унга суяниш кабилар ўз аксини топди. Ислом Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигини қарор топтиришга алоҳида аҳамият берилди. Дарҳақиқат, ижтимоий ривожланишнинг асоси миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигидадир. Хоҳ ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий, хоҳ маънавий-маърифий соҳада бўлсин, Ислом Каримов мазкур манфаатлар нисбатини тўғри олишга ҳаракат қилган.
Мустақиллик йилларида совет мустабид тузуми даврида топталган ва йўқотишга маҳкум этилган миллий мафкура тикланди. У мустақиллик, миллий тикланиш ғоялари асосида янги сифатлар билан бойитилди. Чунки, ҳар бир ижтимоий-сиёсий тузумга унинг моҳиятидан келиб чиқадиган ғоявий-мафкуравий қарашлар мос бўлади. Шу билан бирга ғоявий-мафкуравий қарашлар ворислик тамойилига эга бўлганлиги учун ҳам улар янги мазмун ва сифатлар билан такрорланиши мумкин. Ўзбекистонда шаклланиб, ривожланаётган миллий ғоя асосида юртимизда минг йиллар давомида пайдо бўлган цивилизация муҳим аҳамият касб этади. «Ҳозир Ўзбекистон деб аталувчи ҳудуд, яъни бизнинг Ватанимиз,- деган эди Ислом Каримов,- нафақат Шарқ, балки умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини бутун жаҳон тан олмоқда»1.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг ғоявий-мафкуравий меросини ижодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ғоявий-мафкуравий мерос ҳар бир халқ ҳаётида тарихан шаклланган феноменал ҳодиса ҳисобланади. Бундай мерос ўзгармас ва қотиб қолган нарса эмас. У доимо ижодий ривожланиб борадиган, янги сифат ва мазмун билан бойийдиган ҳодисадир. Ўзбекистондаги узоқ даврлар мобайнида шаклланган ижтимоий-сиёсий, маданий меросга эътибор бериладиган бўлса унда инсон ва жамиятни эзгулик ва яхшиликка ундовчи ғоялар ҳамиша устувор аҳамият касб этганлигини кўришимиз мумкин. Аммо, миллий маданий меросимиздаги барча қадриятлар ҳам ўзгармас, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим. Албатта, бундай мерос билан биз фахрланамиз. Аммо, айни пайтда, уни мутлақлаштириш ҳам яхши натижаларга олиб келавермайди. «Ота-боболаримиз шуҳратининг соясига маҳлиё бўлиб юрадиган даврлар энди ўтди. Бугун жаҳон биздан ўз сўзимизни айтишимизни, ўз тафаккуримизни намоён этишимизни талаб қилмоқда. Бошқа халқлар, бошқа миллатлар бизга ётсираб — беписанд қарамаслиги, балки бизни эътироф этиши, бизни эҳтиром этиши керак. Биз ана шу юксак муносабат ва ҳурматга лойиқ бўлишимиз даркор»[8]. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтган ушбу гаплар миллий ғоямизнинг асосий вазифасига айланмоғи лозимдир.
Умуман, фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти давлат ва жамият қурилишини эркинлаштиришдир. Ўзбекистонда бу жараён «Кучли давлатдан кучли жамият сари» деган тамойил асосида олиб борилмоқда. «Ҳаммамизга аёнки, — деб қайд этган эди Ислом Каримов, — бу йўналиш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ҳал қилишда давлат тузилмаларининг ролини жамоат ташкилотларига ўтказа боришни тақазо этади»[9].
Миллий ғоянинг фикрлар, ғоялар хилма–хиллиги, эркин фикр, шахс эркинлигига эришиш тамойилига амал қилиши мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини, давлат ва жамият қурилишини янада демократиялаштиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, эркинлаштиришга жамиятни демократлаштиришнинг бошланғич босқичи сифатида қаралиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш вазифалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда миллий тикланиш концепцияси миллий маънавиятни тиклаш, маънавий омилларни такомиллаштириш билан бевосита боғлиқдир. Умуман, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида юз берган энг буюк ўзгаришлардан бири — миллий маданиятга нисбатан давлат сиёсатининг ўзгарганлиги бўлди. Жамиятда содир бўлаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси маънавий омиллар билан ўлчана бошланди. Шу ўринда мамлакат ҳукумати, Президент Ислом Каримовнинг мустақилликни мустаҳкамлаш, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилишини маънавият ва маърифат билан ўзаро уйғун ҳолда олиб қарашлари алоҳида аҳамият касб этди.
Мамлакатимизда маънавиятни ривожлантириш ўзининг ғоявий-мафкуравий, маънавий-ахлоқий негизларига эга бўлиши алоҳида таъкидланди. Булар мамлакат Президенти томонидан қуйидагича белгиланди: умуминсоний қадриятларга содиқлик; халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш; инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши; инсонпарварлик ва ватанпарварлик.
Мамлакатимиз миллий тикланиш концепциясида маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилиши, маданиятнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳадаги барча муаммоларни ҳал этишдаги роли ва ўрнининг ортиб бориши, миллий маданиятнинг миллий ғоя ва мафкура билан уйғунлиги каби масалалар истиқлол даври адабий-бадиий, маънавий-маданий ҳаётида сифат жиҳатдан янгиланиш, покланиш ва барқарорлашувнинг бошланганлигидан далолат беради.
Шу ўринда Президент Ислом Каримовнинг «жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч — маърифатдир»[10], деб таъкидлаши бу борадаги ислоҳотларнинг тўғрилигига ва давомийлигига ишорадир. Президент томонидан имзоланган «Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги (1996 й. 9 сентябр) Фармони, «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида» (2006 й. 25 август) Қарори эса мазкур соҳани ривожлантириш давлат сиёсатининг бош мақсади эканлигидан дарак беради.
Ислом Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигини қарор топтиришга алоҳида аҳамият берилди. Дарҳақиқат, ижтимоий ривожланишнинг асоси миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигидадир. Хоҳ ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий, хоҳ маънавий-маърифий соҳада бўлсин, Ислом Каримов мазкур манфаатлар нисбатини тўғри олишга ҳаракат қилган.
Ислом Каримов асос солган ва асослаб берган, юртимизда шаклланиб, ривожланаётган Миллий ғоя барча миллатларнинг манфаатларига мос. Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакилларининг Ғояси бўлиб қолмоқда.
Шухрат Турсунов,
ЎзМУ Тарих факультети магистранти
_________________________________________________
[1] Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни-халқ, миллатни-миллат қилишга хизмат этсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: 1999. Б. 89.
[2] Каримов И. А. Миллий истиқлол мафкураси-халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. –Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. Т.: Ўзбекистон, 2000. –Б. 489.
[3] Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси – халқ этиқоди ва буюк келажакка ишончдир. Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. -Т.:Ўзбекистон, 2000. 8.Т. –Б.565.
[4] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият , 2008. –Б.71.
[5] Тўраев Б., Раматов Ж. Миллий истиқлол ғояси: асосий хусусиятлари, фалсафий ва тарихий илдизлари. -Т.: Ижод дунёси, 2002. –Б.11.
[6] Мамашокиров С., Ўтамуродов А. ва бошқ. Миллий тараққиётнинг ғоявий-мафкуравий асослари. -Тошкент, 2008. –Б. 54.
[7] Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. // Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. -Тошкент, 2000. –Б. 505.
1 Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. — Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 137.
1 Каримов И. А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 132.
[8] Каримов И. А. Жамиятимиз мафкураси халқни- халқ, миллатни- миллат қилишга хизмат қилсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 99.
[9] Каримов И.А. Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т.11. Т.: Ўзбекистон, 2003. –Б.27.
[10] Каримов И. А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 135.
Сўнгги фикрлар