«Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида» мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига
Муҳтарам халқаро конференция қатнашчилари!
Ҳурматли меҳмонлар!
Сизларни табаррук Ўзбекистон заминида қутлаш ва ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят хурсандман.
Бугунги анжуман Озарбайжон Республикаси Президенти, муҳтарам Илҳом Гейдарович Алиевнинг 2017 йилни Озарбайжонда Ислом бирдамлиги йили, деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусига ҳамоҳанг экани билан эътиборга сазовордир.
Шу муносабат билан биз Ўзбекистонда дўст Озарбайжон Президентининг ташаббусини юксак баҳолашимизни таъкидлашни истардим.
Маълумки, бизнинг Ватанимиз минг йиллар давомида турли цивилизациялар мулоқотга киришган ва бир-бирини тўлдирган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган. Бу заминда турли маданият ва дин вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаган. Мусулмон дунёси тараққиётида улкан роль ўйнаган халқимиз менталитетининг асосини том маънодаги бағрикенглик, олижаноблик ва эзгулик каби фазилатлар ташкил этади.
Мовароуннаҳрнинг гўзал ва бетакрор шаҳарлари, аввало, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива кўп асрлар давомида ислом илм-фани, маданияти ва бутун мусулмон цивилизациясининг марказлари сифатида шуҳрат қозонган. Бу саховатли заминдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Мўъин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби кўплаб буюк аллома ва азиз-авлиёлар етишиб чиқди.
Инсоният тарихидаги ноёб ҳодиса бўлган мусулмон Ренессанси ана шу буюк аждодларимизнинг диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди ва бундай ёндашув ижобий натижа бермоқда.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшамоқда. Уларнинг тўлақонли маънавий ҳаёт кечириши, ўз анъана ва урф-одатларини ривожлантириши, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар яратилган.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоизи асосан сунний мазҳабга мансуб мусулмонлардир. Уларнинг орасида шиа мазҳабига мансуб юртдошларимиз ҳам бор, лекин бу икки мазҳаб вакиллари ўртасида ҳеч қачон низо ва зиддиятлар юзага келмагани эътиборга моликдир. Бизнинг кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимизда ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш бугунги кунда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўйлайманки, бу масала айнан бугунги кунда, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ва радикализм кучайиб, диний экстремизм ва терроризм тобора авж олиб бораётган ҳозирги вақтда айниқса муҳим ва долзарб аҳамиятга эга.
Шу маънода, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққани чуқур мантиқий асосга эгадир. Зеро, муқаддас динимиз бағрикенгликка, эзгу амаллар ва бахту саодатга олиб борадиган йўл айнан маърифат эканини алоҳида уқтиради.
Ислом динининг тинч-осойишта ҳаётга, бошқа халқларга ҳурмат, меҳр-оқибат кўрсатиб яшашга даъват этадиган асл инсонпарварлик моҳиятини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этишга Ўзбекистонда катта аҳамият берилмоқда. Мамлакатимизда Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти, Бухоро шаҳрида Мир Араб ислом институти, 9 та мадраса фаолият кўрсатмоқда, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги кунда бутун дунё, айниқса, ислом ҳамжамияти даврнинг таҳликали таҳдидлари билан юзма-юз турибди. Ислом динини сиёсийлаштириш ва мусулмон ёшларни радикаллаштириш борасидаги уринишлар бундай хатарларни ўта жиддий таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларга муносиб жавоб беришни тақозо этмоқда.
Дунёдаги айрим доиралар исломга қарши кайфиятни кучайтирган ҳолда, ислом динини терроризм мафкураси билан боғлашга уринаётганини минг афсус билан қайд этишга тўғри келади. Бу омил ислом оламини янада жипслашишга чорламоқда. Ислом ҳамжиҳатлиги жаҳондаги кескинликни юмшатишда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимизнинг мужассам манбаи сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз буюк динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, ҳаётда асл инсоний фазилатларни қарор топтиришга даъват этади.
Шу муносабат билан, фақат барча мусулмон мамлакатлари билан биргаликда энг муҳим вазифани, яъни, улуғ аждодларимиз диний-маънавий меросининг ажралмас қисми бўлган мусулмон ахлоқ-одоб қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, муроса қилиш, тинчлик-хотиржамлик ва бир-бирини ўзаро тушуниб яшашга интилиш каби олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш ва бугунги реал вазиятни ҳисобга олган ҳолда бутун жаҳон ҳамжамиятига етказишдек ғоят муҳим вазифани ҳал қилишимиз мумкин, деб таъкидлаш ўринлидир.
Қадрли дўстлар!
«Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида» халқаро конференцияси ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, уларнинг равнақ топиши ва фаровонликка эришишдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилишига ишонаман.
Анжуман иштирокчиларига мустаҳкам соғлик, тинчлик ва омонлик ҳамда конференция ишининг самарали бўлишини тилайман.
***
Ислом ҳамжиҳатлиги тинчлик ва халқлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 18 октябрь куни “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш Давлат қўмитаси ҳамда Кавказ мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби мамлакатлардан келган таниқли давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ҳукумат ва парламентлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Анжуман иши Қуръон тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг табригини Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш Давлат қўмитаси раиси М.Гурбанли ўқиб эшиттирди.
Ислом ҳамжиҳатлиги мавзуидаги халқаро конференция мамлакатимизда ўтказилаётгани бежиз эмас. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимизда қадимдан турли миллат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Муҳаммад Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк мутафаккирларимиз жаҳон илм-фани, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган.
Мустақиллик йилларида диний қадриятларимиз тикланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун асосида виждон эркинлиги кафолатланди. Диний билимларни ўрганиш, диний амалларни бажариш учун кенг эркинлик ва шароитлар яратилди. Қуръони карим ва унинг тафсирлари, ҳадислар ва бошқа муқаддас китоблар ўзбек тилида минглаб нусхаларда нашр этилмоқда. Улуғ аждодларимиз қадамжолари обод этилиб, таваллуд айёмлари халқаро миқёсда нишонланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг маънавий меросини қадрлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк алломаларимиз асарларини ўрганиш ва чоп этиш, қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Қашқадарё вилоятидаги Абу Мўъин Насафий мақбаралари, Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар қайтадан тўлиқ таъмирланди.
Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида фиқҳ мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Мўъин Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ бунёд этилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказида аждодларимизнинг улкан маънавий мероси, жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва илмий тадқиқ қилиш ишлари бошлаб юборилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини билдирди. Бу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни таъминлашга қаратилган.
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизда бўлиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади.
Мамлакатимиз ислом анъаналарини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ислом оламидаги ҳамкор давлатлар билан алоқаларни ривожлантириб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий илдизлар, яқин миллий анъаналар, тил ва дин бирлигига асосланади.
Халқларимизнинг ҳамжиҳатлиги, бир-бирига ҳурматини маданий-гуманитар алоқалар ривожидан ҳам билса бўлади. Боку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали, Тошкент шаҳрида Низомий Ганжавий ҳайкали ўрнатилган. Озарбайжон пойтахтидаги кўчалардан бирига буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек номи берилган. Ўзбекистон пойтахтидаги кўчалардан бири озарбайжон халқининг атоқли фарзанди Гейдар Алиев номи билан аталади. Озарбайжон миллатига мансуб юртдошларимиз мамлакатимиздаги кўплаб миллат ва элатлар билан бирга тинч-тотув яшаб, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция икки қардош халқнинг менталитети, интилишлари ҳамоҳанг эканини яна бир бор намоён этди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжонда тарихан шаклланган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, эришилган ижобий натижаларни кенг тарғиб этиш мақсадларига қаратилди.
Конференцияда Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида дин ва эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот, диний ва миллий қадриятлар, экстремизм ва терроризмнинг оғир оқибатлари, уларнинг жаҳон ҳамжамияти тинчлик ва барқарорлигига таҳдиди ҳамда уларга қарши курашиш асослари каби мавзулар юзасидан маъруза ва муҳокамалар бўлиб ўтди.
Анжуман мамлакатларимизнинг ислом динининг бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларига, динлараро мулоқот анъаналарига содиқлигини намоён этиб, бугунги куннинг долзарб хавф ва таҳдидларига қарши муштарак муносабат ишлаб чиқилди.
Халқаро конференция Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги илмий-маданий ва диний-маърифий соҳалардаги ҳамкорликни янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилади. Дунё жамоатчилигига ислом динининг тинчликпарвар, яратувчанлик моҳиятини етказишга ҳисса қўшади.
Анжуман якунида конференция Коммюникеси қабул қилинди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов иштирок этди.
Сўнгги фикрлар