Исм-фамилиянгиз тўғри ёзилганми?
Исмлар – аждодлардан катта мерос.
Ҳар бир исм замирида улкан маъно бор. Доно бобокалонларимиз улар ҳақида оқиллик билан ўйлаганлар. Шу маънода ҳар бир исмни кашфиёт десак арзийди.
Исмларга турли замонларда турлича муносабатда бўлингани ҳақида тарихий асарлардан, халқ оғзаки ижодидан биламиз. Ўзбекона исмларимизга собиқ мустабид тузум даврида нописандлик қилинган, кўплаб ҳужжатларда хато ёзилган.
Таниқли олим Эрнст Бегматовнинг «Ўзбек исмлари» («Ўзбекистон миллий энциклопедияси») Давлат илмий нашриёти, 1998 й.) китобида 14600 та ўзбекона исмларимиз жамланиб, батартиб изоҳ ёзилган. Китобнинг 600-бетида шундай ёзилган: «Исмлар ва уларнинг миллий шаклларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш баъзи ўзбекча номларнинг русча бузилган шаклини «ижод қилиш»да ҳам кўринади. Натижада баъзи ота-оналар ўз фарзандларининг, ёшлар эса ўз дўстлари, ўртоқларининг, ака-укалар ё опа-сингилларининг исмларини Алик (Алишер, Аҳмаджон), Гуля (Гулнора, Гуландом), Диля (Дилбар, Дилором)… шаклларида бузиб айтишади. Бундай номбозлик, номбузарлик ҳаракати она тилига, қолаверса, рус тилига ҳам ҳурматсизликдир».
«Ўзбек исмлари» китоби 604-бетида шундай жумлани ўқиймиз:
«Туғилганлик гувоҳномаларида, паспортлар ва бошқа хил расмий ҳужжатларда анъанавий шаклларда расмийлашган ёки хато ёзилган исми шарифлар анчагина. …Исми шарифлар билан алоқадор муаммоларнинг ҳал бўлиши кўп жиҳатдан Бахт уйлари, қишлоқ кенгашлари йиғинлари ва паспорт бўлимларида номларни расмий ҳужжатларда қайд қилувчи кишиларнинг мутахассислик малакаси ва имловий савиясига боғлиқ. Улар фуқароларнинг исми шарифларини қайд қилиш ва тўғри ёзишда оқилона иш тутишлари, ўз шахсий мулоҳазаларига ёки баъзи нотўғри маълумотларга ёпишиб олмасликлари лозим». Бағоят доно фикр.
Афсуски, ҳаётимизнинг худди шу қатламида бир муаммо кўндаланг турибди.
Биринчиси, фуқароларнинг исми шарифлари эски – «СССР паспорти»да қандоқ (қанақа хатолик билан) ёзилган бўлса, янги –Ўзбекистон фуқароси паспортига ҳам айнан шундай, ҳарфма-ҳарф (хатоси билан) кўчирилди ва бу хато изчил давом этмоқда.
Иккинчиси, янги туғилган чақалоқларнинг илк ҳужжати – «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»сига уларнинг исми шарифини ёзишда аввало ота-онасининг паспортларидан (имловий хатоларини ҳам) айнан кўчирган ҳолда ёзмоқдалар.
Ҳар куни минглаб ўғил-қизларга, фуқароларга «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома», «Фуқаролик паспорти», «Ўрта маълумоти тўғрисида шаҳодатнома», «Никоҳ қоғози», қайсидир ўқув юртини тамомлаганлиги ҳақида диплом (аксарият илмга чанқоқ инсонлар икки-уч ўқув юртидан диплом олмоқдалар), «Ҳарбий билет», бирор партия ёки уюшмага аъзолик билети, «Ҳайдовчилик гувоҳномаси», «Техпаспорт», «Меҳнат дафтари», «Уй дафтари», даволаш муассасаларидаги махсус дафтарлар ва ҳоказолар янгидан ёзилаётир. Булардан ташқари, ҳар куни сон-саноқсиз «Турар жойдан маълумотнома», иш жойидан маълумотнома, тавсифнома, меҳнатга лаёқати бор ё йўқлиги ҳақида варақа, тўловномалар, хизматсафар гувоҳномаси, нотариус ва бошқа ҳуқуқий идоралардан муҳим ҳужжатлар олинади. Ҳар бир ишхонада ҳисобчи, кадрлар бўлими, хазиначи ёзиб тўлдирадиган ҳужжатларга ҳам исми шарифингиз ёзилиши зарур. Албатта ўша паспортдагидек ёзилиши шарт. Ана энди бошда бир марта «адашиб» ёзилган «Халтаев Тахир»нинг шунча ҳужжатларда такрор-батакрор таҳқирланишини кўз олдингизга келтиринг!..
Инсоннинг исми шарифини бузиб ёзиш — гуноҳлар ичида энг оғир гуноҳ, дегим келади. Таассуфки, ҳар куни ўзимиз ҳам билиб-билмай ўша хатоликка қанчалик «ҳисса» қўшаётганимиз ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ўғил-қизларимиз исми шарифи «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»сида қандоқ ёзилган бўлса, мактабда «журнал»га айнан шундоқ кўчирилмоқда. Сўнг, ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномага исми шариф ёзишда ҳам шундай йўл тутилаётир. Айни вақтда туман Ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси мутасаддилари ҳам илгариги ҳужжатларида қандоқ ёзилган бўлса, шундоқ ёзмоқдалар. Бошқа ҳужжатлар ҳам шу тариқа тўлдириб борилаверади.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар» деб ёзилган! Маълумки, 1995 йил 21 декабрда мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилинган. Унгача амал қилган қонунимизга мувофиқ ҳам кўпгина ватандошларимиз, миллатдошларимиз янги давр ҳужжатларини олиш шарафига мушарраф бўлганлар. “Давлат тили ҳақида”ги қонунда аввал бошданоқ исми шарифларнинг ҳужжатларда ёзилиш масаласи оқилона ҳал этилгани сир эмас. Унда шундай жумлалар қайд этилган эди: «Исмлар, ота исми ва фамилияларининг ягона тўғри шакли махсус маълумотномаларда қайд этилади. Ўзбекча исмлар, ота исми ва фамилиялар бошқа тилларда берилганда, айни чоқда, дунёга машҳур кишиларнинг ота исми ва фамилияси ўзбек тилида берилганда уларнинг асл ёзилиш хусусияти сақланиб қолади. Исмлар, ота исми ва фамилияларни ёзишда ўзбек тилининг ифода ва талаффуз қонуниятларига риоя этилади». Одилона қонунларимизга монанд исми шарифларимизнинг тўғри ёзилиши учун «махсус маълумотнома» ҳам дунё юзини кўрди. Бу – «Ўзбек исмлари» қомусий китобидир. Унда исмларнинг лотин алифбосида ёзилиш тартиби ҳам кўрсатилгани айни муддао бўлган.
Хўш, паспортидаги хатоликларни тўғрилаттириб олишлари учун ўша шахсларга бундан ортиқ яна қанақа ёрдам ё имтиёз керак? «Адолат» нашриёти 1999 йилда Ғафур Абдумажидовнинг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонунига шарҳлар» деб номланган рисоласини 5000 нусхада чоп этган. Рисоланинг 26-бетида шундай ёзилган: «ўзбек исмлари, ота исмлари ва фамилияларида анъанавий, умум томонидан қабул қилинган ўзбек имлоси нормаларини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир. Масалан: Жўраев, Эргашев, аммо «Джураев», «Иргашев» эмас». Ана сизга қонуний изоҳ! Бундан ортиқ яна қандай ҳужжат талаб қиласиз?
Исм-фамилияларини тўғрилаттириб ёздириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. «Паспортимдаги имловий хатоликни тўғрилаттирсам, бошқа ҳужжатларимдаги хатоликларни ҳам тузатиб чиқишнинг ўзи бўладими?» дея тушкунликка тушишга ҳожат йўқ. Айтайлик, Холтоев Холтўра деган инсон ҳужжатларида «Халтаев Халтура» бўлиб ёзилиб қолган. Энди у Фуқаролик паспортида ҳам исми шарифини тўғрилаттирса бошқа ҳужжатлари нокерак бўлиб қолмайди. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси»да ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланган. Бирор қонунда «паспортида исм-фамилиясини тўғрилаттирганларнинг бошқа ҳужжатлари нокерак бўлиб қолиши» ҳақида гап-сўз йўқ.
Бу муаммони ҳал этиш учун ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб чиқишга ҳожат йўқ. Уни босқичма-босқич ҳал этиш учун етарли даражада имконият яратилган.
Бу борада таклифимиз қуйидагича:
Ҳозир ҳар 10 йилда “Фуқаролик паспорти” ўзгартирилмоқда. Бу борадаги қонун ва қарорларга тегишли ўзгартиртишлар киритилиши зарур. Унга кўра, янги паспортлар исм-фамилиялар «Ўзбек исмлари» китобида ёзилганидек тўғри ёзилиши лозим. Бу келгуси авлодлар – фарзандлари, набираларининг исм-фамилиясида хатоликка барҳам бериш учун муҳимдир. Шу билан бир қаторда матбуот, илмий ишлар, китобларда муаллиф сифатида тўғри ёзилишига замин яратади.
Паспорт ичига илова қилиниши керак. Унга эски паспорти бўйича исм-фамилия ёзилади. У нотириал, суд, молиявий шартномалар каби масалаларни ҳал этишда керак бўлади.
Ҳужжатларда исм-фамилияси хато ёзилган бутун бир авлод бу дунёдан ўтиб кетганида мазкур “ўтиш даври” ҳам поёнига етган бўлади ва келгуси авлодларимиз пурмаъно, ўзбекона исм-фамилиялари билан ҳаётни давом эттирадилар.
Тўлқин ЭШБЕК,
филология фанлари номзоди, доцент
Сўнгги фикрлар