Исроиллик мутахассис ЎзМУда дарс ўтмоқда
Ривожланган давлатларнинг университетларидан келган
профессор-ўқитувчилар, турли соҳа мутахассисларининг сабоғи талабаларда катта қизиқиш уйғотади. Шу йил 13-20 февраль кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов бошчилигидаги бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Исроил давлатига ташриф буюрган эди.
Ташриф давомида Холон технология институти ўқув лабораториялари, жумладан, Инновацион марказ лабораториялари, 3D моделлаштириш лабораторияси (Design & Manufacturing), Компьютер хавфсизлиги, Роботехника каби лабораториялари фаолияти ўрганилди. Бу ерда мазкур лабораторияларда иш олиб бораётган талабалар тадқиқотлари ва натижалари, уларнинг инсонлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атофлича маълумотларга эга бўлинди. Пировардида, ЎзМУ ва Холон технология институти ўртасида замонавий инновацион ўқув дастурлар ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш, мультидисциплинар дастурларни йўлга қўйиш, ЎзМУ негизида Холон технология университети факультетини ташкил этиш юзасидан келишиб олиниб, бу борада Меморандум имзоланган эди.
Шу муносабат билан яқинда Исроилнинг Холон теҳнологиялари университети ГИС лойиҳаси ва илм-фанни лойиҳалаш факультети координатори Марк Исроил ЎзМУга ташриф буюрди.
– Таълимнинг халқаро андозаларга мос усули талабаларимиз учун ҳам ғоят қизиқарли,– дейди ЎзМУ ректори исроиллик олим машғулотлари бошланиши олдидан.– Замонавий технологиялар, геоинформацион йўналишдаги иновацион ёндашув ва уларнинг амалиётда қўлланилиши мазкур фан сирларни теран ўрганишга хизмат қилади.
14 кунга мўлжалланган маҳорат дарсларида Марк Исроил ўқув жараёнида АКТ ва Геологик тадқиқотлар учун янги тажриба маҳоратини шакллантиришга оид тадқиқотлари билан таништирмоқда.
Исроиллик мутахассис машғулотлари давомида бўлғуси математик, геолог ва географларнинг ўз соҳаларига оид саволларига атрофлича жавоб қайтармоқда.
Улуғбек УСМОНОВ,
Муслима ОМОНҚУЛОВА,
ЎзМУ газетаси мухбирлари
Сўнгги фикрлар