Истиқлол байрами шифокорларга олам-олам қувонч бахш этмоқда

Олмазор туманидаги 15-Оилавий поликлиникада ЎзМУ профессор-ўқитувчилари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

 полк10 полк1 полк2 полк3 полк4 полк5 полк6 полк7 полк8 полк9

Инсон саломатлиги йўлида уззу-кун фаолият кўрсатаётган шифокорлар ҳаётга теран нигоҳ билан қарайдилар. Улар маънан юксак, билимли, дунёқараши кенг бўлишини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Шул боис бу масканда маънавий-маърифий тадбирлар юксак савияда ўтади. Олмазор туманидаги 15-Оилавий поликлиникада Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги байрами олдидан ўтказилган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбир ана шундай кўтаринки руҳда ўтди.

Тадбирнинг кириш қисмида Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият тарғиботи бўлими бош мутахассиси Муаззам Алибоева, шифохона бош шифокори Шаҳзода Турсунметова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олмазор туман кенгаши раиси Камолиддин Акромов, “Ватанпарвар” ташкилоти Олмазор ўқув спорт техника клуби Маънавият, ташкилий оммавий ишлар ва ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи бўйича бошлиқ ўринбосари Азизжон Қаюмов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида баён этилган улуғвор ғояларнинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Айтиш жоизки, жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақил ривожланиш йилларида асрларга тенг йўлни босиб ўтди. Тарихан қисқа бу даврда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар бутунлай ўзгарди. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Энг муҳими, халқимиз қалбида ўз юртига эгалик ҳисси, шу улуғ Ватаннинг бугунги ва эртанги куни учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси ортиб, унинг онгу тафаккури ва дунёқараши юксалиб бормоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек халқимизга мустақиллик берган неъматлар ҳақида сўз юритар экан, аввало ўнлаб буюк аждодларимизнинг муборак номлари тиклангани ва уларнинг бебаҳо мерослари ҳам чинакам қадр топаётганини, жумладан, тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг дунёга машҳур “Тиб қонунлари” ва бошқа китоблари она тилимизда қайта-қайта нашр этилаётганини изоҳлаб берди.

Маърузачи юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур, деди маърузачи. Бу борада “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ғоят муҳим манба ва таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш ўринлидир. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришавераверасиз, деди маърузачи. У мазкур асар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмаганини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Бундан кўриниб турибдики, энг қудратли, енгилмас КУЧ – юксак маънавият бўлган экан!

Суҳбат давомида ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида ана шундай босқинлар ҳақида қизиқарли маълумотлар баён этилгани, алалхусус, бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир.

Атоқли адиблар Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Миртемир, Мақсуд Қориев, Муҳаммад Али ва бошқаларнинг тарихий мавзудаги асарларида юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилгани ҳақида маърузачи атрофлича сўзлаб берди.

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.

Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бугун Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтириб, кўпчилик мамлакатларни қойил қолдираётгани ва уларнинг ҳавасини уйғотаётган воқеликлар жуда кўп. Олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини авваламбор тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш даркор.

Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб кун тартибига қўйганимиз вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

Маърузачи она Ватанимиз мустақиллигидан халқимизга қанчалик бахтли-бахтиёр эканлиги, ҳар йили қўлга киритилаётган тенгсиз ютуқларимиз ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Бу йил Бразилияда бўлиб ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган спортчиларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритганларини, Андижон ва Бухорога тезюрар поездларимиз етиб борганилари ва улар карнай-сурнайлар садолари остида кутиб олинганини, буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самараси эканини алоҳида таъкидлаб, бундай ютуқлар билан барчани самимий табриклади.

Тадбир сўнггида инсон саломатлиги йўлида узоқ йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келишаётган бир гуруҳ шифокорлар “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Раъно Абдураҳимова,

Муҳаррам Камолова,

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 15-Оилавий поликлиника шифокорлари,

Эркин Усмонов,

“Ўзбекистон Миллий университети” газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *