Ифтихорим, Ватан!

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига

FUuazozVUAAmU1-

Бугунги саодатли кунларга осонликча эришмадик.

Ўтган асрнинг 70-йиллари мактабга борган авлод бугунги дориломон кунларимизни ўтган даврлар билан ҳаққоний қиёсий таҳлил эта олади. Мен ўзимча ҳар ўн йилни бир-бирига қиёслаб кўраман. 1980, 1990, 2000, 2010 йилларда ҳаётимиз қандай эди? Минг-минглаб қишлоқларимиздаги аянчли аҳвол ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди… Катта-кичик шаҳарларимизда қалашиб ётган муаммолар ҳам ўзига яраша бўлгани ҳали-вери ёдимиздан чиқмаса керак.

Олисроқ ўтмишни қўятуринг, шу ўтган йиллар мобайнида ҳам халқимиз қандай оғир синовларни бошидан ўтказганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Юртимизда 1991 йил 31 август куни давлат мустақиллиги эълон қилинган бўлса-да 2016 йил кузигача яна қанча оғир синовларни бошимиздан ўтказганимиз эса алоҳида мавзу…

Мамлакатимизда 2017 йилдан бошланган улкан ислоҳотлар самарасидан шу кунгача баҳраманд бўлаётган халқимиз аввало Оллоҳга беадад шукрона айтиб, бугунги дориломон кунлар қадрини ўзгача ҳис этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини такрор-батакрор ўқир эканман, бугунги саодатли кунларга эришиш йўлида минг-минглаб деҳқонлар, боғбонлар, меъморлар, бунёдкорлар, йўлсозлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва турли соҳаларда фаол меҳнат қилишаётган зиёлиларнинг шижоатли меҳнатлари ила баҳамжиҳатликда эришган ютуқлари бирма-бир кўз олдимдан ўтаверади.

Ҳозирданоқ улкан самараларини кўрсатаётган улуғвор ислоҳотларимиз эзгу мақсадларимизнинг бошланиши! Мард ва олижаноб халқимизнинг умидбахш қадамлари – янги Ўзбекистонни янада юксакроқ марраларга олиб чиқишга қаратилгандир. Шу тариқа учинчи Уйғониш даври ҳаётимизнинг чинакам воқелигига айланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида таъкидланганидек, “Кўп миллатли халқимиз шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Айнан 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди.

Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади.

Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришаётган натижаларимиз тобора яққол намоён бўлмоқда, уларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда”.

Бугун ҳар бир онгли фуқаромиз қалбида жўш уриб турган туйғуларига пайваста бу сатрлар замирида чинакам ҳаёт воқелиги ўз ифодасини топган. Айни пайтда минглаб қишлоқларимиз, катта-кичик шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгарганини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Энг муҳими, халқимиз турмуши, яшаш тарзи шунга яраша фаровондир.

Албатта, ҳали олдимизда амалга оширишимиз зарур бўлган вазифалар ҳам талайгина. Ҳаёт бор экан, ўзига яраша муаммолар ҳам пайдо бўлаверади. Бу муаммоларни баҳамжиҳатликда ҳал этиб боришга куч-қудратимиз ҳам, азму шижоатимиз ҳам етарли! Зотан, янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида ўтказилаётган маърифий учрашув ва суҳбатларда бу борада ҳам атрофлича сўз юритилмоқда. Бу тадбирларда “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қилинмоқда.

Бир қўшиқда куйганганидек, “Ҳали етар манзилим йироқ”.

Биз ҳам ҳали навбатдаги ўн йилликларга мўлжалланган улкан режа ва мақсадларимиз кўлами бениҳоя улкандир.

Ана шу эзгу мақсадларга эришиш – янги Ўзбекистоннинг асл мевасига айланиб бораверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *